Жаҳон | 10:41 / 03.01.2024
13985
4 дақиқада ўқилади

Тўқаев кейинги сайловларда иштирок этиш режалари ҳақидаги миш-мишларни рад этди

Тўқаев 2026 йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида яна иштирок этиш режалари ҳақидаги миш-мишларни рад этиб чиқди. 

Фото: Павел Бедняков / POOL / ТАСС

Қозоғистоннинг амалдаги конституциясига кўра, президент битта етти йиллик муддатга сайланиши мумкин, шундан сўнг унинг ваколатлари тугайди, деди президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Egemen Qazaqstan нашрига берган интервюсида, эҳтимолий қайта сайланиш ҳақидаги саволга жавоб қайтариб.

Тўқаев конституцияга ўзгартиришлар бўйича референдум ўтказиш режаси ҳақидаги миш-мишларни рад этди ва президент фақат бир марта сайланиши мумкин бўлган қоида «энди ҳеч қачон ўзгармаслигини» таъкидлади. «Мен бунга қаттиқ ишонаман. Конституциявий ислоҳот конституцияга ҳозирги кўринишида қўшимча ўзгартиришлар киритишни назарда тутмаган», — деди давлат раҳбари. 

Унинг сўзларига кўра, у 15 йил олдин ёпиқ муҳокамаларда битта етти йиллик муддат ғояси ҳақида гапирган, аммо ўшанда бу таклиф «қўллаб-қувватланмаган». «2019 йилда президент этиб сайланганимдан кейин мамлакатимиз сиёсий тизимни демократлаштириш, жамият ҳаёти эркинлигини таъминлаш ва иқтисодиётни монополиядан озод қилиш йўлида ҳаракат қилди», — деди Тўқаев. 

Шу билан бирга, давлат раҳбари «янги йўналишимиз баъзи нуфузли шахсларга умуман ёқмади», деди. «Улар бу ўзгаришни мамлакатдаги чуқур илдиз отган тизим ва куч тузилмасидаги ўзларининг «махсус мақоми»га таҳдид сифатида қабул қилди. Бундай одамлар яширинча, баъзан эса очиқчасига мамлакатдаги ўзгаришларни рад этишни бошлади. Охир-оқибат, улар ўзларига қулай бўлган эски ҳолатга қайтиш учун ислоҳотни бекор қилишга ва ҳамма нарсани йўққа чиқаришга уринди», — деди президент 2022 йил январидаги қуролли тартибсизликларни назарда тутиб. 

Унинг сўзларига кўра, кўп йиллик ҳал этилмаган ижтимоий-иқтисодий муаммолар ҳамда давлат ва жамият деградациясига ўтган умумий турғунлик Қозоғистонда оммавий тартибсизликлар ва давлат тўнтаришига уринишларга олиб келди. 

Тўқаев 1991 йилдан буён Қозоғистон президенти бўлган ва бу лавозимни 25 йилдан ортиқ эгаллаб турган Нурсултон Назарбоевнинг вориси ҳисобланади. 2019 йил март ойида Назарбоев истеъфога чиқди. Ўша пайтда Сенат раиси бўлган Тўқаев давлат раҳбари в.б.га айланди. 2019 йил ёзида у Қозоғистонда бўлиб ўтган навбатдан ташқари президентлик сайловларида ғалаба қозонди. 

2022 йил сентябр ойида у конституцияга ўзгартиришлар қабул қилингандан сўнг муддатидан олдин овоз бериш тўғрисидаги фармонни имзолади. Асосий қонун янги таҳририга кўра, ваколат муддати беш йилдан етти йилгача оширилди, қайта сайланиш тақиқланди. 2022 йилнинг ноябрида Тўқаев яна қайта сайланди. 

Тўқаев 31 декабр кунги мурожаатида янги, 2024 йилда «қонун ва тартиб диктатураси»ни ўрнатиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар кўришига ваъда берди. «Янги йилда ҳам давлатчилигимизни мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини юксалтиришга қаратилган тизимли ислоҳотларни давом эттирамиз. Жамиятда қонун ва тартиб диктатурасини ўрнатиш бўйича комплекс чора-тадбирларни кўрамиз», — деди давлат раҳбари. 

Унинг таъкидлашича, 2023 йилда қонун устуворлигини таъминлаш сиёсати доирасида мамлакатда «бу йўналишда аниқ чора-тадбирлар» амалга оширилди. Хусусан, расмийлар «ноқонуний йўл билан орттирилган иқтисодий активларни қайтариш бўйича» ишларни давом эттирмоқда. Ғазнага қайтарилган маблағлар «аллақачон халқ манфаати учун, масалан, мактаблар қурилишига сарфланмоқда», деди Тўқаев. 

Унинг сўзларига кўра, 2023 йил Қозоғистон учун «таъсирли муваффақиятлар, ёрқин дақиқалар ва муҳим воқеалар» билан эсда қолди. Умуман олганда, мамлакат иқтисодиёти 4,9 фоизга ўсди, деди президент. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид