Жаҳон | 09:01 / 03.01.2024
10575
3 дақиқада ўқилади

Японияда зилзила қурбонлари сони ортди

Ното яриморолида кетма-кет содир бўлган зилзила қурбонлари сони 57 кишига етди. Афтершоклар фонида қутқарув ишлари давом этмоқда.

Фото: Kyodo News

Японияда 1 январ куни тушдан кейин содир бўлган кучли зилзила қурбонлари сони 2 январ кечки пайтга келиб 57 кишига етди. Бу ҳақда Kyodo News агентлиги хабар берди. Қайд этилишича, мамлакат ғарбидаги энг кўп зарар кўрган Ното яриморолида афтершоклар фонида қутқарув ишлари давом этмоқда. 

Таъкидланишича, қурбонлар орасида - Вадзима шаҳрида ҳалок бўлган 24 киши, Судзу шаҳрида - 20 киши ва Нанао шаҳрида - 5 киши бор.

Ното яриморолида вайронагарчилик 

7,6 магнитудали зилзила Ното яриморолидаги Судзу шаҳрида уйларни вайрон қилди ва Исикава префектурасининг Вадзима шаҳрида ёнғинлар келтириб чиқарди. Бироқ, вайронагарчиликнинг тўлиқ кўлами номаълумлигича қолмоқда, вайроналар ва бузилган йўллар ёрдам етказилиши ҳамда қутқарув ишларига тўсқинлик қилмоқда, деб ёзади Kyodo News.

«Вазият ҳалокатли, уйларнинг 90 фоизга яқини тўлиқ ёки деярли бутунлай вайрон бўлган», — дея Судзу мэри Масухиро Идзумиянинг префектура ҳукумати йиғилишидаги сўзларидан иқтибос келтирган агентлик. 

Вадзима шаҳри марказий туманида зилзила натижасида ёнғинлар 200 дан ортиқ биноларни қамраб олди, бироқ улар назоратга олинган, деди Исикава префектураси расмийлари. Айни пайтда, Исикава префектураси раҳбари Хироси Хасэ зилзиладан кейин юзага келиши мумкин бўлган кўчкилар хавфи ҳақида огоҳлантирди. 

Ўн минглаб одамлар эвакуация қилинди

Ниигата, Тояма, Фукуи ва Гифу префектураларида ҳам йирик вайронагарчиликлар юз берди. 2 январ куни ҳолатига кўра, эвакуация қилинганлар сони, жумладан Исикава ва Ниигата префектуралари аҳолисини ҳисобга олганда, 57 360 нафарни ташкил қилган. АҚШ, Канада, Италия ва бошқалар Япония ҳукуматига зилзила оқибатларини бартараф этишда ёрдам беришни таклиф қилди. 

Зилзиладан сўнг Исикава, Ямагата, Ниигата, Тояма, Фукуи ва Хёго префектураларида цунами хавфи ҳақида огоҳлантиришлар эълон қилинди. 2 январ куни Япония метеорология агентлиги уни бекор қилди, бироқ яқин кунлар ва ҳафталарда яна кучли ерости силкинишлари бўлиши мумкинлигини билдирди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид