Жаҳон | 22:42 / 04.01.2024
11023
2 дақиқада ўқилади

Германия Конституциявий суди Усмоновнинг яхтадаги тинтувларга қарши даъвосини қабул қилмади

Шикоятнинг рад этилиши «процессуал асослар» билан изоҳланган. 

Фото: Reuters

Германия Федерал Конституциявий суди россиялик тадбиркор Алишер Усмоновнинг яхтадаги тинтувларга қарши даъвосини кўриб чиқиш учун қабул қилмади. Шикоятнинг рад этилиши «процессуал асослар» билан изоҳланган, деди адвокатлар «Коммерсант» нашрига. 

«Жаноб Усмоновнинг санкциялар рўйхатига киритилишининг ноқонунийлиги ва Германиядаги активлар ҳақида маълумот тақдим этишни талаб қилувчи ташқи иқтисодий фаолият тўғрисидаги қонуннинг ҳуқуқий асосга эга эмаслигига шубҳамиз йўқ. Конституциявий судга берилган даъво шу билан боғлиқ эди», дейилади Gauweiler & Sauter юридик фирмаси материалида. 

Ҳужжатда айтилишича, Конституциявий суд айрим саволларга жавоб бермаган. Хусусан, «давлатнинг сиёсий қарорлари учун жавобгарликка тортилиши мумкин бўлмаган» шахснинг Европа Иттифоқи санкциялар рўйхатига киритилиши инсон ҳуқуқларига зид эмасми деган саволга. 

Адвокатларнинг аниқлик киритишича, улар афсусда бўлсалар ҳам, суд қарорини ҳурмат қилишади. Айни пайтда, ҳужжатда қайд этилганидек, улар кейинги ҳаракатлар вариантини, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига шикоят қилиш имкониятини ўрганмоқда. 

Август ойида маълум бўлишича, Алишер Усмонов Германия Федерал Конституциявий судига Бремен портидаги «Дилбар» яхтасида тинтув ўтказишни мулк дахлсизлигининг бузилиши деб ҳисоблагани учун даъво билан мурожаат қилган эди. Тинтувлар тадбиркорга нисбатан жиноий даромадларни легаллаштиришда гумон қилинаётган иш бўйича тергов доирасида ўтказилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид