Жаҳон | 14:35 / 05.01.2024
5509
3 дақиқада ўқилади

НАТО ва Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа масаласини муҳокама қилмоқчи

Россиянинг Украинага бир қатор оммавий ҳужумларидан сўнг, НАТО давлатлари Киев билан мамлакат ҳаво мудофааси масалаларини муҳокама қилади. Кенгаш йиғилиши келаси чоршанба куни бўлиб ўтади.

Фото: AP

Декабр охири ва январ ойи бошида Россиянинг Украинага уюштирган йирик ҳаво ҳужумлари ортидан НАТО давлатлари ва Киев Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича янги мунозараларни белгилади. Бу ҳақда НАТО матбуот хизматининг 4 январ, пайшанба куни X ижтимоий тармоғидаги микроблогида эълон қилинган хабарида айтилади. «НАТО бош котиби Йенс Столтенберг НАТО-Украина кенгашининг элчилар даражасида йиғилишини ўтказади. У 10 январ, чоршанба куни Украина илтимосига кўра бўлиб ўтади», — деб ёзади НАТО матбуот котиби Дилан Уайт.

AFP агентлиги иқтибос келтирган Уайтга кўра, Украинанинг ўқ-дориларни етказиб беришни тезлаштириш талаблари дипломатлар навбатдан ташқари йиғилиши кун тартибига киритилиши мумкин. Алянс аллақачон «Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг кўп сонини етказиб берган» ва «Украина мудофаасини янада кучайтириш ниятида».

2024 йил арафасида ва йил бошланганидан кейин Россия уруш бошлангандан бери Киев, Харкив ва Украинанинг бошқа шаҳарларига барча турдаги ракеталар ва ҳужумкор дронлардан фойдаланган ҳолда ҳужумларнинг энг йирик тўлқинларидан бирини амалга оширди. 40 дан ортиқ киши ҳалок бўлди. Украина президенти Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, 29 декабрдан бери Россия қўшинлари Украина ҳудудига 300 га яқин ракета ва 200 дан ортиқ учувчисиз учоқ билан ҳужум қилган.

НАТО Украина ҳаво мудофааси учун ўқ-дорилар сотиб олишни қўллаб-қувватлайди

НАТОни қўллаб-қувватлаш ва харид қилиш агентлиги (NSPA) алянс аъзолари - Германия, Нидерландия, Руминия ва Испанияни 1000 тагача Patriot (GEM-T) яхшироқ нишонга олиш мосламасига эга зенит ракеталарини харид қилиш бўйича шартнома билан қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда НАТО матбуот хизматининг 3 январ, чоршанба куни тарқатилган баёнотида айтилади. Алянс баёнотида, шунингдек, Европада GEM-T ракеталарини ишлаб чиқариш кенгайтирилиши қайд этилган.

Patriot ҳаво мудофааси тизими учун ракеталарни сотиб олиш иттифоқчиларга «Россиянинг Украинага қарши уруши пайтида ҳаво мудофаасини кучайтириш» учун зарур, деб таъкидланади X ижтимоий тармоғидаги НАТО микроблогида. Худди шу постда алянс бош котиби Йенс Столтенбергнинг сўзлари келтирилган: «Ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни кўпайтириш - Украина ва ўз хавфсизлигимиз учун асосий омил». 

Мавзуга оид