Жаҳон | 22:04 / 06.01.2024
13807
2 дақиқада ўқилади

АҚШ тез орада Украинага Patriot ракеталарини етказиб бера олмайди — ОАВ

Муаммо маблағ етишмаслиги билан боғлиқлиги таъкидланмоқда.

Фото: Bulent Kilic/AFP/Getty Images

Тез орада Қўшма Штатлар Украинага Patriot зенит-ракета тизими учун мўлжалланган ракеталарни етказиб беришда давом эта олмайди, деб ёзди The New York Times Оқ уй ва Пентагондаги манбаларга таяниб. Бу маблағ етишмаслиги билан боғлиқ.

Газета суҳбатдошларига кўра, Patriot ракетасининг нархи 2 миллион доллардан 4 миллион долларгача туради. Айни пайтда украиналик ҳарбийлар фақат Patriot тизимлари баллистик ракета ҳужумларига қарши тура олишини таъкидламоқда.

27 декабр куни Қўшма Штатлар Украинага 2023 йил ҳисобига 250 миллион долларлик сўнгги ҳарбий ёрдам пакети ажратилишини эълон қилди. Оқ уй АҚШ Конгресси рухсатисиз Украинага энди ҳарбий ёрдам юбора олмаслиги ҳақида огоҳлантирди.

Президент Жо Байден Конгрессдан Украина, Исроил, Тайван ва АҚШ жанубий чегарасини мустаҳкамлаш учун 106 миллиард долларлик ягона ёрдам пакетини сўраган эди. Бироқ республикачилар ёрдам пакетининг ҳар бир бандини алоҳида кўриб чиқишни талаб қилиб, унинг ажратилишини маъқулламади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид