Ўзбекистон | 20:58 / 08.01.2024
27739
15 дақиқада ўқилади

Хитой билан ҳамкорлик, Mercedes воқеаси ва шахсий ҳаёти — Сирдарё ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев билан суҳбат

“Сардоба” сув омборининг талофат етган қисми таъмирландими, мактабга бориш учун Сирдарёдан қайиқда ўтадиган қизнинг кейинги тақдири нима бўлди, блогерлар нишонига тушган қимматбаҳо Mercedes кимники эди ва автомобил ишқибозлари учун вилоятда қандай янгилик бор? Kun.uz мухбири шу каби саволларга Сирдарё вилоятининг фарғоналик ҳокими Акмалжон Маҳмудалиевдан жавоб олди.

— Сиз фаолиятингиз давомида асосан Фарғона, Тошкент ва Навоий вилоятларида ишлагансиз. Айтайлик, Фарғона ёки Навоийни Сирдарё билан таққослаб бўлмайди. Исталган одам янги муҳитга ўтганда мослашишга қийналади, ҳамма жойни ўзига яраша паст-баланди бўлади. Сирдарё вилоятида раҳбарликка келганингиздан кейин қандай қийинчиликларга дуч келдингиз? Дон соҳаси мутахассисига вилоят ҳокими бўлиш қийин бўлмаяптими?

— Ҳаёт йўлимда турли ерларда ишладим. Мактабни битирибоқ Самарқандга ўқишга кетганман. Ўша даврлардан секин-секин фаолиятим бошланган. Талабалик йиллари катта мактаб бўлган, хар қандай вазиятга мослашишни ўргатган.

Аввал Фарғонада, кейин Тошкентда 5 йил ишладим. Дон йўналиши бўлгани учун доим жойларга чиқардик, ўрганардик, катта тажриба бўлган бу ҳам. Фарғона вилоятининг Учкўприк туманига ҳоким бўлган пайтларим мен учун жуда катта мактаб бўлган. Сирдарё вилоятига ҳоким бўлиш ҳам кутилмаган иш бўлганди. Бу жуда катта масъулият. Олдин туман даражасида ҳоким бўлганим анча ёрдам беряпти. Лекин ҳеч нарса осон эмас.

Сирдарё вилояти менга бегона ҳам эмасди. Сабаби Давлат дон инспекциясида ишлаганимда инспекциянинг Сирдарё вилояти, хусусан, Боёвут тумани бўйича вакили ҳам бўлганман. Одамлар билан, уларнинг тутуми билан таниш бўлганим ҳам қўл келди.

— Вилоятда иш бошлаганингизда сизни тўғридан тўғри шокка туширган, сиз ҳазм қилолмаган ҳолат, вазият-ҳодисалар бўлганми? Шулар ҳақида гапириб беринг.

— Ундай вазият бўлгани йўқ. Иш бошлаганимнинг биринчи кунларида маҳаллаларни кўрганман. Шунда бир вазият эсимда қолган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, оғир шароитли хонадонлардан бирига кирдим, жуда ҳам озода, ҳовлисида гуллар экилган, ҳамма нарса саранжом экан. Нима ёрдам керак, деб сўрасак, хеч нарса керак эмас, дейишган.

— 2020 йилдаги Сардоба фожиасининг ҳали ҳам бартараф этилмаган оқибатлари қолганми? Омборнинг сув ювиб кетган ери мустаҳкам қилиб қайта тикланганми? Сув омборига қайтадан сув тўлдириладими?

— Ҳозирда Сардобада 350 млн куб сув сақланяпти. Бу техноген фожиада қурбонлар бўлди, моддий зарарлар ҳам бўлди, аммо бир томондан кенг кўламда бўлмаганига ҳам шукр қилиш керак.

Фожиада 2 киши ҳалок бўлди. Бири миллий гвардия ходими, бири ҳарбий бўлган. Одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун жонини фидо қилган бу йигитларимизнинг хотирасини абадийлаштириш учун бюст ҳам ўрнатдик.

Сардоба воқеаси айни пандемия пайтида бўлган, халқимиз учун бир синов бўлди. Ҳокимликка биринчи келган кундаримдаёқ Сардобани бориб кўрганман. Қайтар реконструкция ва модернизация қилиш учун маблағ керак, аммо ҳозирча 350 млн куб сув етиб турибди суғориш ишлари учун. Қайта таъмирлаш дастури тасдиқланса, албатта, ОАВда эълон қилинади. Реконструкция жараёнлари сурилаётган бўлса-да, ҳозирги холат бўйича хавф йўқ сув омборда. Мутахассислар ўрганиб, хулоса беришган.

— Бир йил олдин Гулистон туманидаги мактабга бориш учун Сирдарёни қайиқда сузиб ўтадиган 12 яшар Замира Тўйчиева интернетда машҳур бўлиб кетган эди. Ўшанда сиз дарё қирғоқларини боғловчи махсус ускунали тросс тортилишини айтгандингиз. Ҳозир ўша қиз қаерда ўқияпти? Дарё қирғоқларини боғловчи ускуна ишга туширилдими?

— Ўша қизча билан кўришганман, жасорати бор, шижоатли қиз экан. Қизча яшайдиган жойда 8 та хонадон бор, Бекобод тумани ҳудудига кирали асли. Ҳолатни ўргандик, мутахассислар айтдики, тросс тортиш хавфсизлик нуқтаи назаридан нотўғри бўлар экан. 8 та хонадон учун битта кўприқ қуриш эса жуда қимматга тушади. Шунинг учун Замира қизимизни Гулистондаги Олимпия захиралар коллежига ўқишга қўйдик, сузиш йўналишида ўқияпти. Хабар олиб турибмиз, кўрсаткичлари ҳам яхши. Насиб этса, яхши спортчи бўлади.

— Интернетда “машинангиз зўр экан, нима иш қиласиз” саволи кўринишидаги видеоконтентлар оммалашиб кетган. Сиз ҳам уларнинг радарига бир сафар тушиб қолган экансиз. Бу қанақа автомобил эди? Ростан сизнинг машинангиз эдими? Ҳоким қандай автомобилда юради?

— Хизмат машинасининг орқа ўриндиғида ўтирмайман. Чунки олдида ўтириб кетса, ҳамма жойни кўриб кетишга қулай бўлади.

Ҳозирги хизмат машинаси 2019 йилда чиққан машина, дала шароитларида ҳам бемалол юра олади, шу томони қулай менга.

«Машинангиз зўр экан, нима иш қиласиз?» деган саволга нишон бўлганимда чет эл сафаридан қайтаётган эдим. Ҳозирги хизмат машинамиз таъмирлашда эди. У машина Сирдарё вилояти ҳокимлиги балансидаги Mercedes машинаси эди. Ҳайдовчим жавоб олиб кетди ва у билан келган ўғлим иккаламиз қолдик. Рўзғорга бозорлик қилгани кирдик, ўша пайтда шунақа савол беришди. Оддий фуқаро сифатида, иш вақтидан ташқарида эдим у пайт, шунинг учун саволга жавоб бермай қўя қолдим. У Mercedes машинаси хорижий меҳмонлар учун хизмат қилади асосан, бу машина бузилгани учун чиққан бўлган ўша пайт.

Ўзимнинг шахсий Malibu машинам бор. Анча олдин кредитга олган эдим. Ўзи ёшликдан автомобилларга қизиқаман.

— Бу йил Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида 3 кун давомида Халқаро бахшичилик санъати фестивали бўлиб ўтди. Биламизки, халқаро фестиваллар катта маблағ талаб қилади. Бу фестивал нима учун ўтказилди? Ундан сирдарёликларга қанақа фойда бўлди?

— Бу фестивал учун Сирдарё вилояти танлагани биз учун ҳам масъулият, ҳам фарз бўлди. Фестивални ташкил этиш ишлари учун маҳаллий бюджетдан 4 млрд сўм маблағ ажратдик. Лекин халқ учун катта кўтаринки фестивал бўлди, бундан ташқари, туризм учун яхши тарғибот ва тажриба бўлди бизга.

Қувонарлиси шу бўлдики, бахшичилик бўйича ўзбекистонлик бахшиларга тенг келадигани йўқ экан, деб тан олишди ҳакамлар. Бу ҳам бўлса мамлакатнинг имижи. Бундай фестиваллар керак барибир. Тўғри, харажат бўлади, аммо шунинг ортидан даромад бўлади ҳали, сайёҳларни жалб қилади.

20-30 йил олдин Гулистонда битта меҳмонхона бўларди, шу ҳам бўш турарди. Ҳозир 15 тача меҳмонхона бор, барчаси ишлаяпти, ўзини қоплаяпти. Сирдарё вилоятида Хитойнинг ўзи билан 70 дан ортиқ лойиҳалар ишлаяпти, бундан ташқари, Туркия, Россия, Эрон, БАА каби давлатлар билан ҳам лойиҳалар бўляпти.

— Шу йил апрелда давлат раҳбари билан бирга сиз ҳам Хитойга борган эдингиз. Ўшанда берган интервюнгизда 2023 йил май ойидан бошлаб Хитой компанияси Сирдарёда автомобил ишлаб чиқаришни бошлайди, дегандингиз. Ишлаб чиқариш бошландими?

— Ишлаб чиқариш бошланди ўзи. Машина қисмлари олиб келинади ва ўзимизда йиғиб чиқарилади. Буни нотўғри талқин қилаётганлар ҳам бор, аммо бутун дунё тажрибасида бу нарса бор.

Бу лойиҳа 495 млн долларлик лойиҳа, шундан 320 млн доллари жалб қилинди ҳозирги пайтга келиб. Машиналари яхши, Test-drive қилиб кўрганмиз. 2024 йил охири ва 2025 йилда маҳаллийлаштириш бўйича лойиҳалари бор.

— Сирдарё вилояти раҳбари бўлганингизга бир йилдан ошди. Шу даврда нималарни ўзгартира олдим ўйлайсиз? Нималардан кўнглингиз тўлди?

— Қилинган ишларни мен қилиб қўйдим дейиш нотўғри. Бунга халқ баҳо беради. Ҳали қилинмаган ишлар ҳам бор. Тўғри, иқтисодий кўрсаткичларда, бошқа жиҳатларда ўсиш кузатилди. Қишлоқ хўжалигида ҳам яхши йил бўлди бу йил. Сурхондарёдан кейинги иккинчи ўринда қишлоқ хўжалигидаги шартномалар бажарилди. Ҳамма вилоятда тўлиқ бўлди, лекин биринчилардан бўлиш ҳам одамни руҳлантиради.

Спортда ҳам Осиё ўйинлари доирасида қатнашган спортчиларимиз Тошкент шаҳридан кейин иккинчи ўринда медаллар билан қайтди. Бу ҳам бир натижа.

Сўнгги 1 йилда кўпроқ вилоятнинг ҳар бир ҳудудини ўрганишга ҳаракат қилдим. Яъни барчасини ўрганиб, ўзим учун таҳлил қилиб олдим.

— Сирдарё вилояти инновацион ҳудудга айланиши айтиляпти. Буни оддий одамлар ҳаётида қандай сезади? Ва у қачон бўлади?

— Президентимиз 6 апрел куни вилоятимизга ташрифи доирасида вилоятни инновацион ҳудудга айлантириш тўғрисида топшириқ бериб, 5 та устувор йўналишларни белгилаб бердилар.

Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигидаги лойиҳаларда асосий нуқталардан бири сифатида Сирдарё олинмоқда. Агар шу жараёнлар тўғри олиб борилса, бемалол тез орада инновацион ҳудудга айлантириш мумкин. Тошкентдаги катта бозор муҳити яқин, водийдан ташқари барча вилоятлар учун пойтахт йўлида жойлашган, коммуникация имкониятлари кенг.

Хитойга бориб келганимиздан буён ҳам 490 млн долларлик 6 та лойиҳалар ишга тушди, яна 13 та лойиҳа ишга тушиш арафасида турибди, қуритиш ишлари давом этяпти.

Бутун дунё янгиликка интилиб яшаяпти. Маҳсулотлар сифатини яхшилаган холда таннархини туширишга ҳаракат қилиняпти. Шу маънода биз ҳам шунга ҳаракат қиляпмиз. Биотиббиёт соҳасида ҳам ишлар олиб бориляпти. Сирдарё, Боёвут, Оқолтин туманларни инновацион туманлар ҳисобланяпти. Ҳар бир туманда камида биттадан технопарк ташкил этиш бўйича ҳам топшириқ берилган. Солиқ, ердан фойдаланиш, кредит, божхона имтиёзлари ҳам бор.

— Ижтимоий тармоқларни, сайтларни қанчалик кузатиб борасиз?

— Ижтимоий тармоқларни доимий кузатаман. Масалан, Kun.uz сайтини ҳам кузатаман. Айниқса, Kun.uzʼнинг чекка ҳудудларда яшовчи оддий одамларнинг ҳаётини, ногирон одамларнинг меҳнати, ҳаракатини кўрсатиб бераётган контентларини кўпроқ кузатаман.

Ижтимоий тармоқларининг фаол кузатувчиси сифатида кўпроқ Сирдарё бўйича кўпроқ кузатаман. Камчиликлар ёритилган бўлса, шу иш билан шуғулланишга ҳаракат қиламиз.

— Чекка ҳудудлардаги мактабларни қийнаётган муаммолардан қанчалик хабардорсиз? Масалан, кўп мактабларда ҳожатхоналарга кириб бўлмайди. Вилоятда бу борада бирор режа борми?

— Вилоятимизда 324 та мактаб бор. 2023 йилдаги реконструкция ишлари натижасида мактаблар қамрови кенгайди.

Ростдан ҳам чекка ҳудудлардаги мактабларда муаммолар бор. Бу бўйича режаларимиз бор, дастурга киритилган 208 та мактабда ҳожатхоналарни тўлиқ таъмирлаш ишлари олиб борилади. 2024 йилда шу ишлар амалга оширилади. Етарли маблағ ҳам ажратилган.

6 та туманимизда иситиш тизимини йўлга қўйиш давлат ва хусусий шерикчилтик асосида бўляпти, 2024 йилда бошқа туманларда ҳам жорий қилинади. Мактабларда биринчи навбатда инфратузилмани яхшилашимиз керак, шароитсиз, совуқ жойда ўқиб бўлмайди, албатта.

— Халқ орасида амалдорларнинг болалари фақат чет элда ёки чет эл университетларининг Ўзбекистондаги филиалларида ўқийди деган гап юради. Сизнинг фарзандларингиз қаерда таҳсил олади ёки олган?

— 4 нафар фарзандим бор: икки ўғил, икки қиз. Тошкентда иш бошлаган пайтимда ўғлим билан қизим Тошкент шахридаги давлат мактабларига ўқишди. Учкўприк туманига ҳоким бўлиб ўтганимда ҳам давлат мактабида ўқишди. Навоийга кўчган пайтимизда эса хусусий мактабга берганман. Сирдарёга келганимда ҳам Гулистондаги давлат мактабига берганман. Катта қизим Вестминстер университетини битирган, ўзи ҳаракат қилиб кирган эди. Фарзандларим қайси касбни танлаши ўзларига боғлиқ, бу борада шарт қўймайман уларга, бундай қилиш нотўғри деб биламан.

Фарзандларимга доим менинг ҳоким эканимга ишонмасликларини уқтираман. Менинг амалим халқ учун ва вақтинчалик бари, сен ўзингга ишон, дейман. Фақат илмга йўналтиришга ҳаракат қиламан. Оила даврасида ҳам китобхонлик муҳитини яратишга ҳаракат қилганмиз.

— Вилоят ҳокими оила аъзоларига қандай вақт ажратади, уларга таом ҳам қилиб берган пайтларингиз бўладими?

— Имкон қадар дам олиш кунида оилам билан бўлишга ҳаракат қиламан. Ходимларга ҳам айтаман, якшанба кунини оила билан ўтказинглар деб. Ҳеч бўлмаганда ярим кунимни оиламга бағишлайман якшанба кунларида. Оилавий байрамларимизда ўзим таом пиширишга ҳаракат қиламан.

Олдинги ишларимда оиламга кўпроқ вақт ажратардим, ҳар хафта табиат қўйнида сайр қилардик. Аммо бундай масъулияти катта лавозимларда ишлай бошлаганимдан кейин бироз камайди. Бошида кўникиш қийин бўлди, аммо болаларим ҳам тушуниб, кўникишди. Аммо барибир имкон қадар кўпроқ вақт ажратишга ҳаракат қиламан.

Ўзимизнинг ош, кабоб каби таомларни тайёрлайман одатда. Одам овқат пиширса ҳам завқ олади, қанақадир дам олади.

— Тадбирларда сизга таржимон керак бўлмас экан. Ёнингиздаги кишиларга таржимон топилмаса, уларга хам таржимонлик ишларида ёрдам берар экансиз. Бу гап тўғрими? Умуман, чет тилларидан қанчалик хабардорсиз?

— Тўғри. Рус тилини жуда яхши биламан. Инглиз тилини ўрганишга сабаб бўлган воқеа бор: қўлимга инглизча-русча-ўзбекча сўзлашув китобчаси тушиб қолган, шунда ўзимча ўқиб кўриб, шундан кейин ўрганишга истак пайдо бўлган, 7-синф пайтларим эди, адашмасам. 2000 йилларда 9 ой ҳеч қаерда ишламаганман, ўша вақтда тил ўрганишга киришганман. Кейин орада чет элга ҳам бориб келганман тажриба орттириш учун. Охирги вақтлар эсимдан чиқиб қолган экан, шунинг учун яна такрорлаб, тиклаб олдим.

— Демак, инглиз тилида чет элликлар билан бемалол гаплаша оласиз?

Ҳа, инглиз тилида фикримни айта оламан ва уларни ҳам тушуна оламан.

— Сизни санъатга ҳам қизиқишади, дейишди. Бу қанчалик тўғри?

— Ёшликдан оиламизда санъатга, адабиётга меҳр қўйиб катта бўлганмиз. Гитара чалишни ўрганганман, бошқа чолғу асбобларини ҳам ўрганишга ҳаракат қилганман ёшликда. Расм чизишга ҳам қизиққанман.

— Сирдарёликларга бу қизиқ, менимча. Хабарингиз бўлса, охирги пайтларда интернетда ҳокимлар киядиган кийимлар, аниқроғи бу кийимларнинг нархи муҳокамаларга сабаб бўляпти. Одатда сиз қаердан кийинасиз?

— Олдиндан оддий сифатли кийим кийишга ҳаракат қилганман. Ўзимга мос, яхши бўлса бўлди. Одатда жинси шим ва куртка кийиб юраман, кўчада юришга, далага чиқишга ҳам қулай. Умуман олганда, жуда оддий бўлмаган, аммо қиммат ҳам эмас кийим кияман. Кийим шунчаки бир-икки йил хизмат қилувчи нарса, бунинг учун ортиқча сарф қилиш шарт эмас, менимча.

— Суҳбат якунида сирдарёликларга айтар гапларингиз бўлса, марҳамат.

— Нафақат сирдарёликлар, балки бутун Ўзбекистон халқига гапирмоқчиман. Юртимизда қилинаётган ишлар фақат шу халқимиз яхши яшаши учун қилиняпти. Давлат органидаги раҳбарлар учун халқнинг тинчлиги, уларнинг хотиржамлиги энг муҳими. Янги 2024 йил барчамизда яхши йил бўлишини, халқимиз байрамлари кўпайишини тилаб қоламан.

Бахтиёр Тўхтаев суҳбатлашди.

Мавзуга оид