Иқтисодиёт | 21:04 / 10.01.2024
8183
3 дақиқада ўқилади

“Ўзбеккўмир”ни ишончли бошқарувга бериш муддати яна узайтирилди

“Ўзбеккўмир” АЖдаги давлат акцияларини Қозоғистоннинг “Central Asia Energy” компаниясига ишончли бошқарувга бериш муддати ёпиқ ҳужжат билан 2025 йил 31 декабргача узайтирилди. Аввалги келишувга кўра, бу муддат 2023 йил охирида тугаши керак эди.

Фото: Kun.uz

“Ўзбеккўмир” АЖ устав капиталидаги давлат акциялар пакетини “Central Asia Energy” МЧЖ хорижий компаниясига (Қозоғистон) ишончли бошқарувга бериш муддати 2025 йил 31 декабрга қадар узайтирилди.

Kun.uz манбасига кўра, 2023 йилнинг сўнгги иш куни – 29 декабрда Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги 689/8-сон қарори ёпиқ тарзда қабул қилинган.

Қарорда кўрсатилишича, ишончли бошқарув муддатини узайтириш таклифи Давлат активларини бошқариш агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (давлат номидан акциядор), Энергетика вазирлиги ҳамда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги томонидан киритилган.

“Ўзбеккўмир” АЖдаги давлатга тегишли акциялар пакети Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 ноябрдаги 909-сонли ва 2019 йил 14 декабрдаги 998-сонли ёпиқ қарорлари билан “Central Asia Energy”га ишончли бошқарувга берилган эди.

Ҳукуматнинг 2022 йил 6 октябрдаги 574-сонли қарори билан, шартноманинг амал қилиш муддати 2023 йил 31 декабргача узайтирилганди. Эндиликда бу муддат 2025 йил 31 декабргача чўзилди.

Қарорда кўрсатилишича, ишончли бошқарув даврида “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан кўмир қазиб чиқариш ҳажми 2019 йилга нисбатан 2022 йилда 3 807,6 минг тоннадан 5 073,9 минг тоннага, каолин хомашёси ишлаб чиқариш ҳажми 377,2 минг тоннадан 815,6 минг тоннага, соф тушумлар ҳажми 485,1 млрд сўмдан 1 036,5 млрд сўмга, солиқ тўловлари 125,8 млрд сўмдан 270,3 млрд сўмга ошган.

“Ўзбеккўмир” АЖ матбуот котиби Неъмат Душаев Kun.uz'га берган изоҳида ишончли бошқарув муддати узайтирилгани корхона фаолиятига оид кўрсаткичлардаги ушбу ижобий ўзгаришлар билан боғлиқлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилдаги ҳукумат қарори билан, ишончли бошқарувчига 2024 йил 1 январга қадар бир қатор имтиёзлар берилган эди. Жумладан, Қозоғистон компанияси юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, лицензиялаш ва сертификатлаш билан боғлиқ тўловлар, йиғимлар ва давлат божлари ҳамда божхона божларини тўлашдан озод қилинганди.

Шунингдек, “Ўзбеккўмир” АЖга ҳам солиқ ва божхона имтиёзлари берилганди.

Маълумот учун, Ўзбекистон президентининг 2023 йил 18 августдаги қарорига асосан, “Ўзбеккўмир” АЖ устав капиталидаги 97,9 фоиз давлат акциялар пакети бўйича акциядор функциясини бажариш, бошқа бир нечта йирик корхоналар қаторида, Стратегик ислоҳотлар агентлигидан яна Иқтисодиёт ва молия вазирлигига қайтарилган эди.

Мавзуга оид