Ўзбекистон | 11:06 / 10.01.2024
11902
12 дақиқада ўқилади

“Япон тадбиркорлари Ўзбекистон ҳақида деярли билишмайди” — Япония элчиси билан суҳбат

2024 йилда Марказий Осиё давлатлари ва Япония ўртасида 5+1 саммитини ўтказиш кўзда тутилган. Саммит Ўзбекистонда бўлиб ўтиши режалаштириляпти. Kun.uz бу анжуманнинг мақсадлари ва Ўзбекистон–Япония алоқалари ҳолати борасидаги саволлар билан Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Такаши Ҳаторига мурожаат қилди.

Ўзбекистонга келганингизга оз вақт бўлган бўлса-да, мамлакат ҳақидаги илк таассуротларингиз ҳақида гапириб берсангиз.

— Ўзбекистонга элчи сифатида тайинланганимдан кейин, Японияда Ўзбекистон ҳақида билган турли одамлар билан кўришиб, маълумот йиға бошладим. Мамлакатингизда бўлган ва ҳамкорлик қилган танишларимдан Ўзбекистонни қанчалик яхши кўришлари, бу ҳақиқатан ҳам гўзал мамлакат, бу халқ самимий ва меҳмондўст экани ҳақида кўп эшитдим. Очиғини айтаман, келишимдан олдин бироз хавотир ва ҳаяжонда эдим, лекин келганимда бу хавотирни парчалаб юборган ажойиб инсонлар билан танишдим ва Ўзбекистондаги миссиям жуда ижобий таассуротлар билан бошланди.

Ўзбек халқининг ижобий жиҳатларидан ташқари, мамлакатингиз жадаллик билан ривожланаётган ва серҳаракат мамлакат эканини, аҳолисининг катта қисми ёшлардан иборатлиги ва бу ёшлар орқали юртни янада ривожлантириш учун катта имкониятлар борлигини ҳис қилдим.

Агар таассуротлар мавзусини давом этадиган бўлсам, кўп японияликлар билан гаплашар эканман, Ўзбекистонни тилга олишганда Покистон ёки Афғонистон каби "истон" билан тугайдиган мамлакатлар билан адаштиради... Японлар Ўзбекистон деганда нималарни билишади?

— Японияда Ўзбекистон ҳақида биладиганлар ва уни яхши кўрадиганлар бор, албатта, аммо уларнинг сони кўп эмас. Ўзбекистон қайси ҳудудда жойлашганини японлар билиши мумкин, лекин бу ҳудудда бошқа мамлакатлар ҳам мавжудлиги учун, уларнинг қайси бири Ўзбекистон экани ва унинг ажралиб турувчи жиҳати ҳақида кўп нарса маълум эмас.

Японияда Ипак йўли ҳақидаги мавзуларда кўпгина теледастурлар мавжуд, Ўзбекистон ҳам тилга олинади. Аммо у қандай давлат экани, замонавийлиги, иқтисодий салоҳияти, қандай одимлаётгани, ривожланиш салоҳияти ҳақида японлар янада кўпроқ билиши керак. Бир сўз билан айтганда, ҳозирги Ўзбекистонни кўпроқ тарғиб қилиш зарурати бор.

Япония ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги муносабатлар ривожланмоқда: молиявий грантлар, имтиёзли кредитлар линиясидаги ҳамкорлик анча яхши йўлга қўйилган. Лекин Япония ва Ўзбекистоннинг кичик ва ўрта бизнеси ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ривожланмаган. Маълумотлар ўзаро алмашинувининг сустлигидан бўлса керак.

— Ҳа, тўғри. Япония ҳақида эшитмаган ўзбекни топиш мушкул бўлса керак. Айниқса, “Ошин” сериали ёки Навоий театри қурилишида япон аскарлари иштирок этганини мамлакатингизда ёш-у қари билади. Лекин буларнинг барчаси эски ҳикоялар. Замонавий Япония ҳақида ўзбек халқи орасида маълумотлар етарли эмас. Унинг ҳозирги иқтисодий, сиёсий аҳволи, муаммолари ва имкониятлари ҳақидаги информация чекланган. Икки мамлакат ўртасидаги бизнес муҳитини яхшилаш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш учун бугунги Япония ҳақида кўпроқ маълумот зарур.

Ўзбекистонда бизнес юритиш яхши ғоя эканини биладиган ва буни бошлаган бир қанча япон компаниялари бор, аммо Ўзбекистон бозорига сармояси билан кириб тадбиркорлик қилмоқчи бўлган, лекин бунга иккиланаётган, қарор қабул қила олмаётган япон компаниялари сони Ўзбекистонга кирган компанияларнинг сонидан анчайин кўп. Шунинг учун Япониядагилар Ўзбекистон иқтисодий ҳолати ҳақида кўпроқ маълумот олишлари керак.

Менимча, ўзбек компаниялари япон компанияларининг бизнес услуби, этикасининг ўзига хослиги, бошқачалиги ҳақида ҳам билишмайди. Бизнес муносабатларни тўғри ташкил қилиш, маданий ва корпоратив мулоқотни ривожлантиришда ҳам оқсаяпмиз. Ўзбекистон ва Япония ҳукуматлари икки мамлакат орасидаги ахборот етишмаслиги борасидаги бўшлиқни тўлдириши ва мамлакатларимиз ўртасидаги бу йўналишдаги ҳамкорликни ривожлантириш учун нима қилиши керак деб ўйлайсиз? Таклифингиз борми?

— Ҳа, Япония ва Ўзбекистонда ҳамкорлик қилиши мумкин бўлган кўп имконият нуқталари, кўп соҳалар борки, уларни ишга сола билсаккина манфаатлар юзага келади. Шунинг учун Япония ва Ўзбекистон иқтисодиётини муҳокама қилиш бўйича ўтказилаётган тадбирлар орқали Ўзбекистонга қандай сармоя киритиш мумкинлиги, Япония тарафида бу йўналишдаги компанияларни аниқлаб жалб қилишни ташкиллаштириш керак. Элчи сифатида мен бундай маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш учун имкониятлар яратишга ҳаракат қиламан.

Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Такаши Ҳатори

Янги элчининг Ўзбекистондаги миссияси давомида ҳамкорликнинг энг истиқболли янги йўналишлари қайсилар? Бизга учта энг муҳим йўналиш ҳақида гапириб бера оласизми?

— Албатта, янгилик киритиш ниятимиз бор, лекин биринчи навбатда, биз ҳозиргача олиб борилаётган ҳамкорлик сиёсатини давом эттирамиз ва ривожлантирамиз. Шу вақтгача Япония ҳукумати расмий ёрдам дастури бўйича Ўзбекистонга электр станциялари, автомобил йўллари ва темирйўллар каби инфратузилмани ривожлантириш, шунингдек, инсон ресурсларини ривожлантириш, тиббий хизмат ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Шунингдек, маданият, илм-фан, ўзаро тажриба алмашиш, университетлар ўртасида алмашинув, туризмни ривожлантириш ва бошқа кўплаб лойиҳалар мавжуд. Ҳаммасини бир вақтнинг ўзида қамраб олиш мушкул, албатта.

Иккинчидан, сўнгги пайтларда Ўзбекистон ҳукумати томонидан хусусий япон компанияларини Ўзбекистонга сармоялари билан жалб қилишимиз сўраляпти. Баъзан иқтисодиёт билан боғлиқ бўлмаган соҳаларда ҳам. Бу мақсадга эришишда Ўзбекистон ҳукумати учун япон компаниялари томонидан сармоя киритишда қулай муҳит яратиш муҳим, шунинг учун мен япон компанияларининг сўровларини етказишни ва Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда сармояларни кўпайтириш йўлларини топишни истардим.

Учинчидан, Япония ҳозирда демографик инқироз туфайли ишчи кучи танқислигини бошдан кечирмоқда. Ўзбекистонда ёшлар кўп. Ўйлайманки, бу ёшлар Японияда ишласа яхши бўларди. Бунинг учун уларга япон тилини ўргатиш керак. Икки мамлакат ҳукумати меҳнат муносабатлари соҳасида ёшларнинг Японияда ишлаб, тажриба орттиришлари учун уларга зарурий муҳит беришимиз керак.

Эндигина ривожланаётган мамлакатларда инсон ресурсларини ривожлантириш, бу орқали уларнинг моддий ҳаётини яхшилашга эътибор қилиниши муҳим ҳисобланади. Сизнинг бу ҳақдаги фикрларингиз менга 25-30 йил олдинги Корея ва Ўзбекистоннинг меҳнат муносабатлари тарихини ёдимга туширди. 1995-йиллардан бошлаб Корея ва Ўзбекистон ҳам инсон ресурслари соҳасида ўзаро ҳамкорлик қила бошлади. Ҳозирда Жанубий Кореяда ишлаётган ёки ўз тажрибасини Ўзбекистонга олиб келаётган 100 мингга яқин Ўзбекистон фуқаролари мавжуд бўлиб, улар орқали Жанубий Кореяда Ўзбекистон ҳақида маълумотлар алмашиш имконияти пайдо бўлди, Ўзбекистонга Корея тадбиркорлари, компаниялари томонидан сармоялар кириб кела бошлади. Товар алмашинуви ўсди. Корея Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий ва стратегик шеригига айланди. Корея тажрибаси, иш услуби Ўзбекистонга кириб келди. Бир вақтлар оддий ишчи бўлиб кетган мигрантлар ҳозирда ўзлари йирик тадбиркорга айланишга улгурди. Шу нуқтаи назардан, Япония мазкур тажрибадан фойдаланиши, хусусан инсон ресурсларини йўналтириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш учун ушбу моделдан фойдаланиши муҳим бўлса керак.

— Биз Жанубий Корея билан узоқ вақтдан бери алоқадамиз, Жанубий Корея ва Япония жуда ўхшаш. Мен Кореяда кўп марта ишлаганман ва Корея бўйича мутахассисман ва ўйлайманки, Япония компаниялари Кореянинг сўнгги 20 йилдаги тажрибасидан кўп нарсани ўрганишлари керак. Шунингдек, Ўзбекистон халқига кўрсатаётган қўллаб-қувватлаш ва ҳамкорлик учун уларга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.

Умид қиламанки, Ўзбекистондан одамлар Японияга нафақат ишлаб маош олиш учун, балки япон жамияти қандай турмуш кечириши, компаниялар қандай ишлаши ва Япония иқтисодиёти қандай эканини ўрганиш учун ҳам келишади ва бир кун келиб Ўзбекистонга қайтиб, тараққиётга ҳисса қўшадилар. Бу ерда Японияда тажриба орттирганлар кўп бўлса, япон компаниялари улардан ёрдам олишлари мумкин. Бу ҳам ишончни оширади.

Бу саволни ўзбек тадбиркорлари номидан бермоқчиман. Япония компаниялари билан бизнес қилиш ва алоқалар ўрнатиш учун энг муҳими нима?

— Японлар билан муносабатларни ўрнатишда бироз диққатли ва зийрак бўлиш, масалан, ваъда ва келишувларни бажариш керак. Японлар вақтга нисбатан бироз талабчан, айнан шунга эътиборли бўлиш муҳим.

Япон компанияларини Ўзбекистон компаниялари ёки тадбиркорлар билан қандай алоқа ўрнатишлари керак деган мураккаб саволга тўхталадиган бўлсак, ҳозирги кунда IT соҳаси ва қуритилган мевалар, мебелсозлик каби маълум соҳаларда таниш-билишлар орқали яхши алоқада бўлганлар ҳам бор. Ўзбекистонга сармоя киритмоқчи бўлганлар, Ўзбекистонда япон компаниялари билан ишлашни хоҳлайдиганлар ўйлаганимиздан кўра кўп. Ҳозирда уларни қаерда ва қандай бирлаштиришни билиш, улар учун платформа яратиб бериш масаласини ҳал қилиш керак.

Ҳозирча менда аниқ бир фикр йўқ, лекин мен бу масалани Ўзбекистон ва Япония компаниялари билан муҳокама қилиб, қайси йўлни танлашимизни, икки томонни мослаштиришни биргаликда ўйлаб кўришимиз керак.

Келаси йили Марказий Осиё – Япония саммити бўлиб ўтади деб эшитдим. Мазкур саммит Марказий Осиё тараққиёти учун қандай таъсири борлигини билмоқчиман.

— Сиз ҳозир тилга олган саммит Марказий Осиёнинг бешта давлати ва Япония ўртасида мунтазам бўлиб туради. Бу – мамлакат вазирлари ва ҳукумат раҳбарлари турли ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун йиғиладиган катта тадбир.

Марказий Осиё глобал лойиҳалар учун дунёнинг марказида. Шунинг учун бу минтақани барқарорлаштириш нафақат дунё, балки Япония учун ҳам муҳим. Шу сабабли, беш давлат ва Япония турли мавзуларни муҳокама қилиб, бу минтақадаги муаммоларни биргаликда ўйлаб, ҳатто Япония Марказий Осиё ривожланишига қандай ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида ҳам келишиб олинади. Бунда биз Японияни минтақага ёрдам берадиган ишончли ҳамкор сифатида кўрсата оламиз деб ўйлайман.

Марказий Осиё – Япония доирасида ташқи ишлар вазирларининг энг сўнгги учрашуви 2022 йил декабр ойида бўлиб ўтган. 2024 йилда, сана ҳали аниқланмаган бўлса-да, биз беш давлат раҳбарлари ва Япония бош вазирини бир платформага йиғиб, мазкур саммитни юқори даражада амалга оширишни режа қилганмиз. Ушбу тадбирни ўтказиш орқали биз ҳар бир давлат раҳбарлари ва Япония бош вазири ўртасида ҳам учрашув ўтказамиз, бунинг ичида энг муҳими Япония бош вазири жаноб Кишида ва Ўзбекистон раҳбари жаноб Мирзиёев билан бундан буён қандай янги йўналишларда ҳамкорлик қилиш кераклиги ҳақида юқори даражадаги келишувга эришилади, деб ўйлайман.

Жумладан, тадбир доирасида япон компаниялари ўзларининг лойиҳаларини таклиф қилишиб, келишувга эришилса, ҳар икки ҳукумат раҳбарларининг мазкур лойиҳаларни амалий қўллаб-қувватлашларига эришилиши мумкин. Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш учун ҳар икки томон ҳам ўзлари келишиб олган келишувларни амалга оширишга қатъий амал қилсалар, юқори манфаатли бўлади деб ҳисоблайман.

Элчи сифатида яна қайси соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишувга эришиш керак деб ўйлайсиз?

— Ўзбекистон Япония сармоясини ошириш истагида. Давлат раҳбари Япониядан келадиган сармояни янада кўпайтириш учун Ўзбекистон томонидан амалга оширилиши керак бўлган зарурий инструкцияларни беради деб ўйлайман. Шунингдек, инсон ресурсларини ривожлантиришдаги ҳамкорлик, жумладан ўзбек ёшларининг Японияда меҳнат фаолиятини амалга оширишига ёрдам бериш. Бу йўналишда ҳозирда ҳаракатлар бошланган ва биз бу йўналишдаги лойиҳаларни жуда долзарб деб ҳисоблаймиз, шунинг учун икки давлат ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланса, бу йўналишда ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорлик келишувларига эришиш мумкин.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид