Жаҳон | 11:25 / 11.01.2024
1582
2 дақиқада ўқилади

БМТ: Украинада 10 200 дан ортиқ тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди

Украинадаги урушнинг қарийб икки йили давомида мамлакатда 10 200 дан ортиқ тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди, деб хабар қилди жаҳон ташкилоти. Биргина декабр ойи охиридан бери Россия ҳаво ҳужумларида 125 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди.

Фото: AP

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, 2022 йилнинг февралида Россия ҳужуми бошланганидан бери Украинада 10 200 дан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлган. 2023 йил декабр ойи охирида Россия ҳаво ҳужумлари кучайганидан буён Украина бўйлаб 125 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди ва 550 дан ортиқ тинч аҳоли яраланди, деди 10 январ, чоршанба куни БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (ГММБ) директори Эдем Восорну Ню-Йоркда.

Восорну, БМТ Хавфсизлик кенгашининг Украинадаги урушга бағишланган йиғилишида сўзлаган нутқида, шунингдек, сўнгги икки йиллик уруш давомида 19 300 дан ортиқ тинч аҳоли жароҳатланганини ва Россиянинг сўнгги қатор ҳаво ҳужумлари уйлар, мактаблар, шифохоналар, электр таъминоти ва бошқа муҳим фуқаролик инфратузилмасининг кенг миқёсда вайрон бўлишига сабаб бўлганини айтди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Украинадаги уруш қурбонларининг ҳақиқий сони ҳужжатлаштирилганидан анча юқори эканлигини доимо таъкидлаб келади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги маълумотларига кўра, уруш бошланганидан бери 6,3 миллионга яқин украиналик бошқа давлатларга қочиб ўтган. Уларнинг аксарияти – 5,9 миллионга яқини Европа давлатларида истиқомат қиляпти. Украинанинг ўзида яна 3,7 миллион киши кўчирилган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид