Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия авиакомпаниялари 50 йиллик «Ан» самолётлари хизмат муддатини узайтиришни сўради
Сибир авиакомпанияларининг сўрови ғарб санкциялари туфайли янги самолётлар ва таъмирлаш учун эҳтиёт қисмлари етишмаслиги билан боғлиқ.
Сибирдаги икки авиакомпания Россия ҳукуматидан 50 йилдан ортиқ фойдаланилган Ан-24 ва Ан-26 совет самолётларининг хизмат муддатини узайтиришни сўради, деб хабар берди Reuters 11 январ куни. Шу тариқа, Россия авиасаноати янги самолётлар ва улар учун эҳтиёт қисмлари етказиб беришни тақиқлаган ғарб санкциялари натижасида юзага келган тақчилликни бартараф этишга ҳаракат қилмоқда, дея таъкидлайди агентлик.
«Ангара» авиакомпанияси бош директори Сергей Зориннинг сўзларига кўра, гап 100 га яқин «Антонов» самолётлари ҳақида кетмоқда: ҳозирда улар парвоз қилмоқда, бироқ баъзилари жорий йилда ҳисобдан чиқарилиши керак. 2030 йилгача ушбу самолётларнинг тўртдан бир қисмини фойдаланишдан олиш режалаштирилган.
Ғарб санкциялари шароитида парвозлар
«Антонов» винтли самолётлари 50 нафаргача йўловчини сиғдира олади ҳамда Сибир ва Узоқ Шимол шароитида учишга яхши мослашган. Улар -55 даражагача бўлган ҳароратга бардош бера олади. Машиналар 1950-йилларда ишлаб чиқилган ва 1960-йилларда Киевдаги авиазаводда ишлаб чиқарилган, бироқ ишлаб чиқариш сўнгги 10 йил давомида тўхтатилган.
Россия авиакомпаниялари раҳбарлари, учувчилари ва авиасаноат мутахассислари ғарб санкциялари ва двигателлар учун зарур эҳтиёт қисмлари ҳамда бутловчи қисмларнинг йўқлиги шароитида уларга техник хизмат кўрсатиш харажатлари сезиларли даражада ошишини таъкидламоқда. Бироқ, ҳозирча уларнинг ўрнини босадиган ҳеч нарса йўқ, дейди «Полярные авиалинии» техник директори вазифасини бажарувчи Алексей Евсеев. «Ан-24 ва Ан-26 Ёқутистонда йўловчи ва юк ташишнинг ягона воситаси бўлган ва шундай бўлиб қоляпти», - дея таъкидлади у.
Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан кейин Европа Иттифоқи Россия Федерациясига самолётлар ва эҳтиёт қисмлари етказиб беришни, шунингдек, уларга техник хизмат кўрсатиш ва суғурта қилишни тақиқлади. Қўшма Штатлар авиация саноати товарлари экспортини ҳам чеклаб қўйди ва «Аэрофлот» лайнерлари ҳамда бошқа Россия авиакомпанияларига нисбатан санкциялар киритди.
Мавзуга оид
19:29 / 22.09.2025
Россия ҳар қандай таҳдидларга жавоб беришга қодир – Путин
15:20 / 22.09.2025
Қрим «ҳокимияти» Украина Форосга зарба берганини маълум қилди
14:35 / 22.09.2025
Германия Болтиқ денгизидаги Россия самолёти туфайли қирувчиларини ҳавога кўтарди
12:25 / 22.09.2025