Жаҳон | 21:57 / 16.01.2024
19352
2 дақиқада ўқилади

«Аҳмоқлар, ҳаммаси аллақачон тугаган бўларди» - Путин Украина ҳукумати ҳақида

Россия президенти Украинани музокаралардан бош тортганликда айблади. 

Фото: РИА Новости

Россия президенти Владимир Путиннинг айтишича, агар Украина расмийлари Россия билан музокараларни тўхтатмаганида, «ҳаммаси аллақачон тугаган бўларди». У, шунингдек, Борис Жонсон музокараларни бузгани ҳақидаги сўзларини яна такрорлади. 

«Улар буни очиқчасига айтишди, шу жумладан ушбу музокара гуруҳи раҳбари [Украинадан Давид Арахамия] ҳам. У шундай деди: «Ҳа, биз тайёр эдик, аммо буни қўлдан бой бердик, чунки Буюк Британиянинг ўша пайтдаги бош вазири Жонсон келиб, бизни бу келишувларни амалга оширмасликка кўндирган эди». Хўш, улар - аҳмоқлар, шундай эмасми? Ва у очиқчасига айтди: «Агар биз бунга рози бўлганимизда, ҳамма нарса бир ярим йил олдин тугаган бўлар эди». Бу уларнинг мустақил одамлар эмаслигини яна бир бор таъкидлайди», деб Путин сўзларидан иқтибос келтирди РИА Новости. 

Жонсоннинг ўзи музокараларни бузгани ҳақидаги гапларни «бутунлай бемаънилик ва Россия ташвиқоти» деб атаган. 

2023 йил декабрида The New York Times Путин Ғарбга Украинада сулҳ тузишга тайёрлиги ҳақида сигналлар бериб келаётгани ҳақида ёзди. Бу хабарлар турли алоқа каналлари, жумладан, учинчи давлат ҳукуматлари орқали узатилган. Сулҳнинг шарти шундаки, босиб олинган ҳудудлар Россия назорати остида қолади. 

Россиянинг NYT манбалари, ўз навбатида, Путиннинг фронт чизиғида урушни тўхтатиш истагини тасдиқлайди. Бироқ, улар Россия президенти «бир метрни ҳам» бой беришга тайёр эмаслигини таъкидламоқда. Уларнинг айтишича, Путин президентлик сайловигача сулҳга эришиб, Украина ҳудудининг қарийб 20 фоизини эгаллаб олиш ва сулҳни урушда ғалаба деб эълон этишга умид қилмоқда.

Мавзуга оид