Жаҳон | 23:40 / 16.01.2024
10334
1 дақиқада ўқилади

Эрон Покистондаги сунний гуруҳ қароргоҳига ракета ҳужуми уюштирди

Теҳронга қарши ҳаракат қилувчи «Жайшул-Адл» гуруҳининг иккита штаби вайрон қилинди. 

Фото: Tasnim News Agenc

Эрон «Жайшул-Адл» жангари гуруҳининг икки қароргоҳига ракета ва учувчисиз ҳаво воситаларидан зарбалар берди. Бу ҳақда Tasnim хабар берди. 

Ҳужум Покистоннинг Балужистон вилоятидаги «Жайшул-Адл» гуруҳининг энг йирик қароргоҳлари жойлашган ҳудудга қаратилган. Гуруҳ азалдан Эронга қарши сиёсат юритади. Tasnim хабарига кўра, иккала штаб ҳам вайрон қилинган. Ҳужумнинг бошқа тафсилотлари келтирилмаган. 

The Washington Post қайд этганидек, «Жайшул-Адл» (Адолат армияси) сунний жангари гуруҳдир. Теҳрон уни террорчи ташкилот деб билади. Декабр ойида гуруҳ Сеистон ва Балужистондаги полиция бўлимига ҳужум уюштирган ва оқибатда камида 11 полициячи ҳалок бўлган эди. 

15 январ куни Эрон ҳарбийлари Ироқнинг Курдистон ҳудудига ракета зарбалари берди. Таъкидланишича, зарбалар нишони «жосуслик марказлари» ва «Эронга қарши террорчи гуруҳлар тўпланадиган жойлар» бўлган.

Мавзуга оид