Ўзбекистон | 10:02 / 16.01.2024
6242
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда фото ва видеоқурилмалар ёрдамида 13 млнга яқин йўл ҳаракати қоидабузарлиги аниқланди

Ҳайдовчилар томонидан “агрессив бошқариш”, “дрифт”, “шахмат” шаклида ҳаракатланиш, йўлларда тўсиқларни пайдо қилиш каби қоидабузарликлар учун жавобгарлик белгиланмоқда.  

Фото: ЙҲХБ

Сенат Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.

Қўмита раиси Қутбиддин Бурҳоновга кўра, янги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга транспортда безорилик, яъни айрим ҳайдовчилар томонидан бошқариш маданиятига риоя қилмай, транспорт воситасини кескин бошқариш ва бошқа ҳаракатларда ифодаланган “агрессив бошқариш”, “дрифт”, “шахмат” шаклида ҳаракатланиш, йўлларда тўсиқларни пайдо қилиш каби қоидабузарликлар учун жавобгарлик белгиланмоқда.  

2023 йилда фақатгина фото ва видеоқурилмалар ёрдамида қарийб 13 миллионга яқин йўл ҳаракати қоидабузарлиги аниқланган бўлса, уларнинг 3 миллион 350 мингтаси битта транспорт воситаси ҳайдовчиси томонидан 4 тагача, қарийб 3 миллионга яқини эса 5 тадан 10 тагача, 1 миллион 700 мингтаси 11 тадан 20 тагача, 187 мингтаси 31 тадан 40 тагача, 87 мингтаси 51 тадан 100 тагача, 18 мингтаси 100 тадан кўп йўл ҳаракати қоидабузарлигини содир этган.  

2023 йил 13 декабр куни “Самарқанд-Ғузор” автомобил йўлининг 133-кмда Қамаши тумани “Пахтаобод” МФЙ ҳудудида ҳаракатланган, 6 йил ҳайдовчилик стажига эга бўлган ҳайдовчи “Ласетти” автотранспорт воситасини юқори тезликда бошқариб кетаётиб, “ИСУЗУ” русумли транспорт воситасининг орқа қисмига бориб урилиб, ЙТҲ содир этган.  

Оқибатда 4 нафар фуқаро ҳалок бўлган ва 1 нафар фуқаро “бош мия оғир жароҳати, бош мия комаси” ташхиси билан шифохонага ётқизилган.  

“Ласетти” автотранспорт воситаси ҳайдовчисининг охирги бир йил давомида содир этган қоидабузарлиги ўрганиб чиқилганда, ушбу фуқаро томонидан бир йил давомида 72 та қоидабузарлик содир этгани аниқланди, дейди Қутбиддин Бурҳонов.

Қонун билан жарима баллари ҳисобланган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий жазо қўллаш каби ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Ҳайдовчига бир йил давомида 12 ва ундан ортиқ балл ҳисобланса, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан суд тартибида 3 йилгача маҳрум қилиш жазоси ҳамда қоида бузмаган ҳайдовчиларга ҳисобланган жарима балларини қисқартириш орқали (бунда 1 йил давомида қоидабузарлик содир этмаган ҳайдовчига биринчи ҳисобланадиган жарима баллни инобатга олмаслик ҳамда 6 ой давомида қоидабузарлик содир этмаган ҳуқуқбузарга белгиланган жарима баллидан 2 жарима баллини айириб ташлаш йўли билан) рағбатлантириш чоралари қўллаш тартиби (Вазирлар Маҳкамаси тегишли қарори билан) белгиланмоқда.  

Мавзуга оид