Жаҳон | 09:05
1387
2 дақиқада ўқилади

Франция океан устида энг қиммат йўлни қурмоқда

Франция Реюньон оролида дунёдаги энг қиммат йўллардан бирини қурмоқда. Янги соҳил трассаси Сен-Дени шаҳрини Ле-Пор порти билан боғлаши керак.

Фото: © Bouygues

Эски йўл 1959 йилда қурилган бўлиб, океан ва тик вулқон қоялари орасидан ўтади. Ундан кунига 80 мингга яқин машина фойдаланади, аммо циклонлар, кучли тўлқинлар ва тош кўчишлари сабабли йўл жуда хавфли ҳисобланади.

Шунинг учун муҳандислар йўлни қоялардан узоқроққа — океан томонга чиқаришга қарор қилган. Лойиҳада дамбалар ва узун виадуклар қуриш режалаштирилган. Асосий қисм — 5,4 километрлик Гранд-Шалуп виадуки бўлиб, у Франциядаги энг узун кўприкка айланган.

Бироқ лойиҳа жиддий муаммоларга дуч келди. Дамбалар учун керакли тош ҳажми аввал тахмин қилинганидан анча кўп бўлиб чиқди. Карьерлар очилишига эса маҳаллий аҳоли ва экологлар қарши чиқди. Суд ҳам айрим карьерларни тақиқлади. Шу сабабли қурилиш секинлашди.

Лойиҳа қиймати 2 миллиард евродан ошиб кетган. 2021 йилда айрим бетон ҳимоя блоклари нотўғри ўрнатилгани ҳам маълум бўлди. 2022 йилда ҳукумат қолган қисмни дамба эмас, балки яна виадук сифатида қуришга қарор қилди.

Ҳозирча йўл тўлиқ битмаган. Айрим участкалар очилган, аммо ҳайдовчилар ҳали ҳам хавфли эски йўлдан фойдаланишга мажбур. Асосий қурилиш 2027 йилда бошланиши, лойиҳа эса 2030 йилда якунланиши режалаштирилган.
 

Гранде Чалуп Виадустга таянчлар ўрнатилмоқда /© Bouygues
Тўғон қурилиш майдончаси / © Bouygues

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид