2022 йил 24 феврал куни тонгида Россия армияси Украинага бостириб киргандан буён ўзининг жуда кўплаб қуролларидан фойдаланиб келмоқда.

Узоқликка учувчи ракеталар, дронлар, ҳарбий техникалар ва самолётлар шулар жумласидан. Урушнинг бошида Россия жуда катта йўқотишларга учради ва натижада ҳатто 1950-йиллардан қолиб кетган танкларни ҳам сафга қайтаришга мажбур бўлди.

Россия фойдаланаётган ҳарбий техникалар орасида А-50 номи билан танилган самолёт ҳам бор. А-50 бу — узоқ масофали радиолокацион аниқлаш ва бошқариш самолётидир.

У радарни олиб юради ҳамда зарбаларни тайёрлаш ва душман ҳужумларининг олдини олиш учун олдинги разведкада ишлатилади.

Бу самолётни Россия ишлаб чиқармаган. А-50 совет даврида саноқли ишлаб чиқарилган ва расмий маълумотларга кўра, ҳозирда Россияда 10 га яқин бундай турдаги самолёт бор. Ҳозирда битта А-50 нархи 330 млн долларга баҳоланади.

А-50 самолёти Фото: YouTube / Darth Welder Channel

А-50 самолёти ясалиши тарихи

1970-йилларда СССРда разведкачи самолёт Ту-126 эди. Бу самолёт 1960-йиллар бошида ишлаб чиқарилган бўлиб, 1970-йилларга келиб талабга жавоб бермай қолганди.

Ана шундай шароитда совет ҳукумати авиаконструкторлар олдига янги турдаги разведкачи самолёт лойиҳасини ишлаб чиқишни топширади. Кўп ўтмай Ил-76 юк самолёти асосида янги самолёт лойиҳаси тайёрланади.

Лойиҳа муаллифи таниқли совет авиаконструктори Александр Путилов эди. Путилов асосан Андрей Туполев бошчилигидаги «Туполев конструкторлик бюроси»да ишлаган ва асосан ҳарбий мақсадларда фойдаланилган Ту-126, Ту-98ЛЛ, Ту-128УТ самолётлари лойиҳаларида ишлаган эди.

1973 йилда Ил-76 самолёти асосида янги разведкачи самолётини ишлаб чиқариш режаси тасдиқланади. Самолётнинг нишона нусхасини тайёрлаш Таганрог шаҳридаги авиация ишлаб чиқариш бирлашмасига топширилади.

1977 йилда самолёт тайёр бўлади. 1978 йилда А-50 ишлаб чиқарувчи, 1979 йилда ҳукумат комиссияси синовларидан муваффақиятли ўтказилади.

1983 йилгача Таганрогда жами учта Ил-76 самолёти А-50 самолётларига айлантирилади. Самолётни турли ускуналар билан жиҳозлаш ва уларни ҳарбий комиссия кўригидан ўтказиш яна икки йилга чўзилади.

Шу тариқа, А-50 самолётларининг дастлабкиси 1985 йилга келиб ҳарбийларга топширилади. Бироқ ҳарбийлар ундан 1989 йилга келиб фойдалана бошлашади холос.