Спорт | 15:13 / 19.01.2024
7961
9 дақиқада ўқилади

Мадрид дербисида голлар ёмғири, «Барса» қийналди. Испанияда кун ўйинлари

Испаниянинг гранд жамоалари пайшанба куни кубок ўйинларини ўтказишди.

Ҳимоячилар ҳал қилди

Фото: ANGEL MARTINEZ/GETTY IMAGES

«Унионистас» — «Барселона» 1:3
Голлар:
Гомес (31) — Торрес (45), Кунде (69), Балде (73).
«Унионистас» Саламанка – Мартинес, К.Хименес, Майор, Руис, Э.Хименес (Горри, 60), Алваро Гомес, Серрано (Виляр, 46), Адриан Гомес (Эктор, 60), Тур, Лосада (Техейра, 79), Растрохо (Ивайлов, 60).
«Барселона» – Пеня, Роберто, Кристенсен (Кубарси, 46), Кунде, Балде, Ромеу, де Йонг, Лопес (Педри, 61), Феликс (Гундўған, 61), Ферран Торрес (Роке, 82), Гиу (Левандовски, 61).
Огоҳлантиришлар: Э.Хименес (43), Гиу (51), Кубарси (70), К.Хименес (78).

Суперкубок финалидаги шармандачиликдан кейин Хави қандайдир позитив топишга ҳаракат қилди. У ўйин арафасида «Реал» ҳам бир йил олдин шу каби ҳолатда бўлгани, оғриқли мағлубиятдан кейин ҳам ҳаёт давом этиши ва «Барселона» ҳали учта соврин учун курашда қолаётгани ҳақида гапирди. Фақат кўк-анорранглиларнинг бу мавсумдаги ҳолатидан келиб чиқиб, улар ички биринчиликда Мадриддан ўтиб кетиши ва айниқса Чемпионлар лигасида муваффақият қозонишига ишониш қийин.

Объектив қаралса, каталонияликларда нисбатан энг яхши имконият фақат Испания кубогида. Қолаверса, ҳозирча қуръа қулай келмоқда. Аввалига тўртинчи дивизион вакили мағлуб этилганди. Энди эса — учинчи лигада ўн учинчи ўринда бораётган жамоа рақиб бўлди. Лекин бу жамоа олдинги босқичда «Вилярреал»ни турнирдан чиқариб юборди. Шунингдек, Саламанкадан бўлган футболчилар йилни сафарда «Барселона Б» устидан ғалаба қозониш билан бошлаганди.

«Барселона» бошланғич таркибида «Реал»га қарши стартда ўйнаганлардан тўрт нафари тушмади - Араухо, Гундўған, Педри ва Левандовски. Уларнинг ўрнини Ромеу, Лопес Мартин, Феликс ва Гиу эгаллашди. Араухо худди Ямал каби бу ўйинни дисквалификация туфайли ўтказиб юбориши аниқ эди.

Саламанкаликлар кўк-анорранглиларнинг асосий жамоасидан ҳам қўрқмаслигини намойиш этишди. «Унионистас» ўйинни дадил бошлади. Мезбонлар биринчи ҳужумдаёқ гол уришга яқин келди, кўп ўтмай барибир ҳисобни очишди ва бўлимни ҳисобдаги устунлик билан якунлаши ҳам мумкин эди, лекин танаффус арафасида стандарт вазиятдан кейин тўп йўқотилганда қарши ҳужумни ўтказиб юборишди. Жамоанинг барча футболчилари иккинчи голни уриш учун олдинга боришганди, якунда эса Жоау Феликс ўз жарима майдони атрофида туриб олдинга ташланган Ферран Торресни дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқариб юборди.

Ўйин осон кечмаётганини кўрган Хави Левандовски, Педри, Гундўған ва Кристенсен каби жамоанинг асосий таркиб футболчиларини майдонга ташлашга қарор қилди. Ўйин тақдирини эса ҳимоячилар ҳал қилишди. Ўйиндаги ҳал қилувчи вазият Кунде жарима майдони ташқарисидан туриб олис бурчакни аниқ нишонга олиши бўлди, кейинроқ Балде рақиб жарима майдонига ёриб кириб, ўткир бурчакдан тўпни тўсин остига йўллади. Шу билан бирга, Пеня бир неча кучли сейвлар ижро этиши талаб этилди. «Барса» барибир зарбалар бўйича устунликка эришди (14:10, дарвоза соҳасига аниқ зарбалар бўйича – 7:4) ва якунда қийинчилик билан бўлса ҳам кейинги босқичга ўтди, Саламанкадагилар эса ўз футболчилари билан фахрланса бўлади.

Гризманнга аталган кеча

«Атлетико» — «Реал» 4:2
Голлар:
Лино (39), Мората (57), Гризманн (100), Рикелме (119) — Облак (45+1, автогол), Хоселу (82). 
«Атлетико» – Облак, Хименес, Эрмосо, Витцел, Лоренте (Барриос, 98), Коке, Саул (Молина, 56), Де Паул (Аспиликуэта 106, Савич 115), Гризманн, Мората (Депай, 98), Лино (Рикелме, 90+2). 
«Реал» – Лунин, Карвахал, Начо (Себаллос, 106), Рюдигер, Менди (Диас, 66), Модрич (Кроос, 66), Валверде (Тчуамени, 73), Камавинга (Фран Гарсия, 106), Беллингҳэм, Винисиус, Родриго (Хоселу, 80). 
Огоҳлантиришлар: Винисиус (45), Камавинга (56), Мората (58), Диас (68), Эрмосо (68), Де Паул (78), Коке (80), Тчуамени (85), Беллингҳэм (87), Карвахал (89), Гризманн (101), Витцел (113).

Атиги бир ҳафта муқаддам «Реал» ва «Атлетико» Испания Суперкубоги яримфиналида голлар шоуси уюштирганди (5:3). Ўша ўйинда Гризманн энг яхши тўпурар сифатида «матрасчилар» тарихига кирганди (174 гол), пайшанба оқшомида «Метрополитано»да шу муносабат билан уни тақдирлаш маросими уюштирилди. Ўйин бошланиши арафасида рафиқаси ва уч қизи майдонга ёдгорлик табличкасини олиб чиқишди ва барча футболчилар биргаликда суратга тушишди.

«Реал»га эса ҳеч ким чемпионлик йўлаги қилмоқчи эмасди. Олдинги йилларда ҳам шундай бўлганди ва азалий рақиблар учун бу нормал ҳолат. Карло Анчелотти ҳар қандай қарорни қабул қилиш кераклигини айтди, Диего Симеоне эса бу қарорни шу сўзлар билан тушунтиришга ҳаракат қилди: «Биз уларнинг бош мураббийи ва футболчиларини табриклаймиз, аммо биз биринчи навбатда ўз мухлисларимизни ҳурмат қилишимиз даркор».

Бу сафар ҳам стадион атрофида Винисиус Жуниор шаънига ҳақоратли сўзлар айтилган қўшиқ куйланди, ўйин вақтида эса тўп бразилияликка келиб тушгани ҳамоно ҳуштакбозлик қилинди. Мезбон мухлислар айниқса Вини Беллингҳемнинг зарбасидан кейин тўсиндан қайтган тўпни дарвозага тўғрилаб юбора олмаганида қизғин хурсандчилик қилишди.

Қаймоқранглилар кўплаб вазиятлардан фойдалана олмаганидан кейин ҳисобни «Атлетико» очди. Бунда омаднинг ҳам улуши бор, тўп Самуэл Линонинг оёғига жарима майдонига узатилган тўпни қайтариб юбормоқчи бўлган Рюдигернинг бошидан келиб тушганди.

Лекин ўйиндаги энг кулгили гол «Реал»нинг жавоб голи бўлди. Облак 45 дақиқа давомида қаҳрамонлик кўрсатди, лекин биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Модричнинг стандарт вазиятдан йўллаган оддий узатмасини ўз дарвозасига тўғрилаб юборди. Бу словениялик посбоннинг Мадрид дербиларидаги иккинчи автоголига айланди, шундай экан, статистика нуқтайи назаридан буни «Атлетико» учун ҳукм ўқилиши дейиш ҳам мумкин эди. Жамоа ўз дарвозасига гол уриб қўйган ўн ўйинида — ўн бор мағлубиятга учраган. Фақат бу сафарги ўйин хатолар куни эди ва Рюдигер яна бир голга сабабчи бўлди. Немис ҳимоячиси Лунин билан бир-бирини тушуна олмай қолишди ва Моратага гол совға қилишди.

Анчелотти бунга жавобан Модрич ўрнига Кроосни тушириш билан жавоб қилди, шунингдек ҳужум чизиғига Браим Диасни тушириб, Камавингани қанот ҳимоясига ўтказди. Кейин таянч зонаси Тшуамени билан мустаҳкамланди, аммо бу иш берди дейиш қийин. Ўйин исталган йўсинда ривожланиши мумкин эди: Родригонинг зарбаси тўсинга тегди, Лунин эса кучли сейв намойиш этиб, интрига сақланиб қолишини таъминлади. Кейин эса Винисиус ва Беллингҳем захирадан майдонга тушган Хоселуни қулай вазиятга чиқаришди - 2:2.

Овертаймда толиққан «Реал» ва «Атлетико» мухлислар ухлаб қолмаслиги учун қўлдан келганча ҳаракат қилишди. Шу куни ўйини чиқмаган Винисиус эса ҳимоячиларга ёрдам бериш учун қайтганида Гризманн ижросидаги шедевр гол иштирокчисига айланди.

«Реал» эса учинчи бор жавоб қайтара олмади. Анчелотти шогирдлари яна бир бор дарвозани ишғол этишганди, аммо бу гол Беллингҳем офсайдда қолгани учун бекор қилинди. Англиялик ушбу футболчи бу ойда «қаймоқранглилар» учун сеҳрли таёқча  бўла олмаяпти. 119-дақиқада Рикелме «учга уч» ҳолатидаги қарши ҳужумда якуний ҳисобни ўрнатди — 4:2.

«Реал» зарбалар бўйича «Атлетико»дан бироз устунлик қилди (19:18), аммо дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар бўйича (7:12) ортда қолди.

«Атлетико» эса Суперкубокдаги ва Испания Кубогининг ўтган мавсуми чоракфиналидаги мағлубият учун қасос олди. «Қироллик клуби» нохуш анъанасини давом эттирди — «Реал» 1976 йилдан буён Испаниядаги иккинчи даражали совринни қаторасига икки мавсумда қўлга кирита олмаган.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери