Жаҳон | 09:45 / 19.01.2024
3139
2 дақиқада ўқилади

Париж Россиянинг Украинадаги француз ёлланма аскарлари ҳақидаги баёнотини рад этди

Францияда ёлланма аскарлари йўқ - на Украинада, на бошқа жойда, Франция ташқи ишлар вазирлиги Россия расмийларининг Харкивдаги бино гўёки француз ёлланма аскарлари томонидан вайрон қилингани ҳақидаги баёнотларини «қўпол манипуляция» деб атади.

Фото: Alliance France

Франция ҳукумати Россиянинг Украина қуролли кучлари сафидаги «француз ёлланма аскарлари» ҳақидаги баёнотларини рад этди. «Францияда баъзилардан фарқли ўлароқ на Украинада, на бошқа жойда ёлланма аскарлари йўқ», — дея маълум қилди 18 январ, пайшанба куни Франция ТИВ. Баёнотда таъкидланганидек, бу хабарлар Россия Федерацияси томонидан «қўпол манипуляция» ҳисобланади.

«Бу аввалги ёки келажакдаги манипуляция уринишларидан кўра кўпроқ эътиборга лойиқ эмас», дея қўшимча қилди француз идораси.

Франция элчиси Россия ташқи ишлар вазирлигига чақирилди

Айни вақтда, Франциянинг Москвадаги элчиси Пер Леви Россия ташқи ишлар вазирлигига чақирилган. Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Россия мудофаа вазирлигининг Харкивда «хорижий жангчилар учун вақтинчалик жойлаштириш пункти» вайрон қилингани ҳақидаги баёнотини такрорлади, уларнинг сафида «бир неча ўнлаб французлар бор эди».

16 январ куни кечқурун рус армияси Харкив марказига ракета ҳужумини амалга оширди. Вилоят маъмурияти раҳбари Олег Синегубовнинг айтишича, шаҳарга иккита ракета учирилган, улар С-300 тизимидан бўлган. Отишма натижасида 17 нафар тинч аҳоли жабрланди, камида 19 турар жой биносига зарар етди, деб ёзди Харкив мэри Игор Терехов Telegram-каналида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид