Жаҳон | 22:14 / 19.01.2024
8970
2 дақиқада ўқилади

Япония Ойга космик кемани муваффақиятли қўндирган бешинчи мамлакат бўлди 

Қурилма келажакда Ой қутблари минтақасида кислород, ёқилғи ва сув манбалари мавжудлигини ўрганиш имконини берадиган технологияларни синаб кўриш учун мўлжалланган. 

Фото: JAXA

Япония илк бор Ойга ўз космик кемасини қўндирди ва шу тариқа буни амалга оширган бешинчи давлатга айланди, деб хабар берди Reuters. 

Қўниш нишондан юз метр радиус ичида амалга оширилди. Япониянинг JAXA космик агентлиги маълумотларига кўра, SLIM («Ойни ўрганиш учун мўлжалланган ақлли қўниш модули») Ер табиий йўлдоши юзасига Гринвич вақти бўйича соат 15:20 да қўнди. Бироқ модул билан алоқа борлиги ҳали тасдиқланмади. 

Қурилма келажакда Ой қутблари минтақасида Ой экспедицияси ҳаётини таъминлаш учун зарур бўлган кислород, ёқилғи ва сув манбалари мавжудлигини ўрганиш имконини берадиган технологияларни синаб кўриш учун мўлжалланган. SLIM ўзига юкланган вазифаларни бажариши учун бир неча ой керак бўлади. 

Япониядан ташқари, АҚШ, СССР, Хитой ва Ҳиндистон Ойга ўз космик кемаларини муваффақиятли қўндира олган.

2023 йил 23 августда Ҳиндистон Ой юзасига Чандраян-3 миссияси модулини муваффақиятли қўндирган эди. У Ойнинг сейсмик фаоллигини ўрганиш ва Ой реголитининг термофизик хусусиятларини аниқлаш учун мўлжалланган. 

Мавзуга оид