Жаҳон | 14:44 / 19.01.2024
2408
3 дақиқада ўқилади

ЕИда 10 минг евродан ортиқ нақд тўловлар тақиқланади

Европа Иттифоқи жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши янги қоидалар қоидаларини келишиб олди. Бошқа нарсалар қаторида, ҳашаматли товарларни сотиб олиш, футбол клубларига хайрия қилиш ва криптовалюта орқали пул ювиш усулларига барҳам берилади.

Фото: Reuters

Европа Иттифоқи 10 минг евродан ортиқ нақд пул тўловларини тақиқлайди. Европарламент ва ЕИ давлатлари вакиллари 18 январ, пайшанба куни пул ювишга қарши курашиш бўйича тегишли келишувга эришди. Тартибга солиш барча Европа Иттифоқи мамлакатларида амал қилади ва миллий қонунчиликдаги қолган бўшлиқларни ёпиши керак.

Бундан ташқари, ҳашаматли товарлар сотувчилари ўз мижозларининг шахсини текшириши ва шубҳали транзакциялар ҳақида расмийларга хабар бериши керак бўлади. Заргарлик буюмлари, ҳашаматли автомобиллар, шахсий самолётлар ва яхталар ва бошқаларни сотишда қатъийроқ қоидалар қўлланади.

«Бавария» ёки Дортмунднинг «Боруссия» каби бой футбол клублари ҳам янги нормага бўйсунади. Учинчи мамлакатлардан кўп миллиард долларлик инвестициялар профессионал футболда кам учрайди ва шунинг учун Европада пул ювишнинг эҳтимолий усули ҳисобланади.

ЕИнинг пул ювишга қарши янги идораси тузилмоқда

Бундан ташқари, Европа Иттифоқи расмийлари криптовалюталар билан операцияларни ва активлари 50 миллион евродан ортиқ бўлган ўта бой одамларнинг банк операцияларини диққат билан кузатиши керак бўлади. Акцияларнинг камида тўртдан бир қисмига эга бўлган компания эгалари бутун Европа Иттифоқида рўйхатдан ўтиши керак. Бу чоралар, хусусан, россиялик олигархларни Европа Иттифоқи санкцияларини четлаб ўтиш имкониятидан маҳрум этишга қаратилган.

Европарламентнинг бош музокарачиси Ээро Хейнялуоманинг сўзларига кўра, криптовалюталар, банклар, шунингдек, олигархлар ва футбол клублари орқали пул ювишга қарши кураш қоидаларини кучайтириш «узоқ вақтдан бери долзарб эди» ҳамда ЕИда ягона стандартлар миллий қонунчиликдаги бўшлиқларни ёпиши керак.

Янги қоида 2029 йилда кучга кириши кутилмоқда. Унга риоя этилиши учун жавобгарлик янги Европанинг пул ювишга қарши кураш идораси билан келишилган ҳолда миллий ҳокимият органларига юкланади. Унинг штаб-квартираси қаерда бўлиши ҳақидаги қарор 2024 йилда қабул қилинади. Германия ушбу идорани Франкфурт-Майнда жойлаштиришни таклиф қилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид