Жамият | 23:28 / 21.01.2024
25819
6 дақиқада ўқилади

Ҳокимнинг декан қудаси, ижара уйдан қочган талабалар – “Талаба кундалиги”

Декан алмашишини сўрагани сабаб 5 ойлик стипендияси берилмаган, уй эгасининг шубҳали ҳаракатларини сезиб, ижара уйдан қочган ва пахта даласида сўроқ қилинган талабаларнинг ҳикоялари билан “Талаба кундалиги”нинг бугунги сонида танишасиз.

П.С: Сиз ҳам талабалик даврингизда турли хил қизиқарли, ибратли, кулгили ёки оғриқли воқеаларни бошдан кечирган бўлсангиз, ҳикояларингизни @talabakundaligi_bot манзилига юборинг. Таҳририят сизнинг шахсингиз сир тутилишини таъминлайди.

1-ҳикоя. Ижара уйдан қочишга мажбур бўлган қизлар

Тошкентда ўқиганмиз. Қайси олийгоҳ экани сир бўла қолсин. Ётоқхонада жой топилавермагач, мажбур ижара уй излаганмиз. Биз 4 дугона бир амаллаб ҳовли уйга жойлашдик. Уй эгаси бўлган бир аёл ҳам биз билан бирга турадиган бўлди. Бир куни хонадошларимдан бири биз билан турган аёлнинг телефондаги суҳбатини эшитиб қолибди. Аёл кимгадир, бугун қизлар уйда, келаверинглар, деган экан. Дугонамнинг гапларини эшитиб, қўрқиб кетдик. Бу вазиятда нима қилишни ҳам билмай қолдик. Қизлардан бири университетдаги тюторига телефон қилиб, вазиятни тушунтирди. Шундан кейин эшик қўнғироғи чалинди. Кимдир келди, кейин ҳалиги аёл биз турадиган хонанинг эшигини тақиллатди, очмадик. Аёл бошқа хонага ўтиши билан ҳаммамиз кўчага чиқиб қочдик. Бироздан кейин тютор, декан ўринбосари ва милициялар келишди. Бизни кўч-кўронларимиз билан ижара уйдан олиб кетиб, ётоқхонага жойлаштиришди.

2-ҳикоя. “Сен ишга кирган кунинг университетдан кетаман”

2009 йил. Талабалар ўқиш бошланиши билан пахта даласига олиб чиқиладиган пайтлар. Биз ҳам гуруҳимиз билан пахта теримига чиқарилгандик. Шароитга амаллаб чидардик, лекин ярим кечагача чўзиладиган мажлисларга кўнишнинг иложи йўқ эди. Талабаларни ётоқдан чиқариб олиб, штабга чақиришарди. Домламиз одатий саволларини такрорлайди: неча кило тердинг, нега кам тердинг, қанча териш кераклигини биласанми, эртага қанча терасан?

Домла ҳаммага шу саволни бериб чиқди, кейин навбат менга келганда, саволларни кутмасдан гапириб кетдим.“Мен 1-курсман, исмим С. Бугун 65 килограмм тердим, қўлим оғриб қолгани учун кўп теролмадим. Эртага ҳам 70 килограмм теролмасам керак, лекин 68 килограмм тераман, яъни бугунгидан, албатта, кўп тераман”, – дедим. Шунда домла менга қараб туриб, нечанчи курслигимни сўради. Биринчи курслигимни айтдим.

“Қойил, шеърдай ёдлаб олибсан. Менга гапиришга ҳожат қолмади. Ўқишни қандай давом эттирасан билмадиму, агар дунё айланиб, мен дарс берадиган жойга ўқитувчи бўлиб келсанг, ўша куни ишдан кетаман”, – деди.

Домла ичимдагини ўқидими билмадим, чунки мен ҳам яхши ўқиб, олийгоҳда ишлаш ниятида эдим. Шу ниятим амалга ошди, магистратурада ўқидим, кейин ўша университетга ишга кирдим. Қизиғи, ҳалиги домла ҳали ҳам шу университетда ишлаётган эди. Унинг олдига кириб, штабдаги гапини бир эслатиб қўймоқчи бўлдим, лекин негадир индолмадим. Бироқ ҳозиргача ҳар кўрганимда ўша штабдаги гап эсимга тушади. Курсдошларим билан учрашиб қолсак ҳам шу воқеани кўп эслаймиз.

3-ҳикоя. Ҳокимнинг декан қудаси

Иқтисодиёт йўналишида ўқиётгандим. Бир куни деканимиз биз билан суҳбатлашгани кирди. Контракт, форма, давомат каби масалаларни деб 80 минут вақтимизни олди. Гапини тугатиб, кетмоқчи бўлиб турган пайт қўл кўтариб саволим борлигини айтганман. “Домла, сиз фақат контракт, форма, давомат ҳақида бош қотирасиз, лекин мана, 3 семестер ўқидикки, бирор марта таълим сифати, ўқитувчилар қандай дарс ўтиши ҳақида сўрамагансиз. Биз билан дўстона гаплашадиган, бизга дардимизни эшитадиган инсон керак”, – деганман. Шунда декан, сен нега менга ақллилик қиляпсан? Стипендиядан маҳрум бўлишни ҳоҳлайсанми, дарсдан кейин олдимга кир, деб жавоб қайтарганди. Декан айтганидек дарсдан кейин хонасига бордим. Қўлимга оқ қоғоз бериб, бошқа талабалар олдида бундай провокацион гаплар гапирмаслигим, тилимни тийиб юришим ҳақида тилхат ёздирди.

Орадан бироз вақт ўтди, бир куни талабалардан нима хоҳлашини сўраб, таклифлар олишди. Мен, декан ўзгармаса, берадиган таклифларимиз нолга тенг, деб ёзиб бергандим. Таклифларни аноним ёзгандик. Эртасига ҳамманинг конспект дафтарларини йиғиб олишди. Кейин билсак, бу мен ёзган таклифни ким ёзганини аниқлаш учун бўлган экан. Шундан кейин деканат мени 5 ойлик стипендиядан маҳрум қилган. Бу пул ўрнини қоплаш учун тунги сменадаги ишларга чиқиб юрганман, чунки стипендиям “чопилгани”дан ота онамнинг хабари йўқ эди

Кейинроқ эшитсам, деканимиз қайсидир вилоят ҳокимининг қудаси бўлгани учун ҳеч ким гапиролмас экан.

Ҳикояларни Зуҳра Абдуҳалимова нашрга тайёрлади.

П.С: Талабалик даврингизда турли хил қизиқарли, ибратли, кулгили ёки оғриқли воқеаларни бошдан кечирганмисиз? Бу ҳақда бошқаларга ҳам айтиб беришни хоҳлайсизми? Kun.uzʼнинг "Талаба кундалиги" рукни айнан сиз учун.

Ҳикояни @talabakundaligi_bot манзилига юборинг. Таҳририят сизнинг шахсингиз сир тутилишини таъминлайди.

 

Мавзуга оид