Жаҳон | 20:48 / 26.01.2024
25665
9 дақиқада ўқилади

Надеждин – мухолифат умидими? Россияликлар кутилмаганда жиддийлашган номзод учун имзо тўпламоқда

Борис Надеждин урушга қаршилигини очиқ айтган. Навалнийнинг тарафдорлари ва бошқа мухолифатчилар унга ёрдам беришга чақиришган.

Artem Priakhin / SOPA Images / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA

Ўтган ҳафта охирида Россиянинг кўплаб шаҳарларида мамлакат президентлигига номзодини кўрсатган Борис Надеждин учун имзо беришга йиғилганларнинг узун навбатлари кузатилди. Надеждин парламентга аъзо бўлмаган «Фуқаролик ташаббуси» партиясидан номзодини илгари сурган. Шу сабабли унинг номи сайлов бюллетенида кўрсатилиши учун камида 100 минг имзо керак бўлади. Қўшимчасига, Россиянинг битта субъектидан фақат 2,5 минг овоз тўплаш мумкин.

Надеждиннинг номзод сифатида кўрсатилиши рус мухолифатида норозиликларга сабаб бўлганди, аммо ҳозирда кўплаб мухолифатчилар Надеждинни қўллашга чорламоқда. Масалан, Навалний жамоаси YouTube'даги видеоларида бу ҳақда эслатмалар берди. Мухолифат Надеждиннинг номзодини қўллашни урушга қарши чиқишнинг легал йўли деб ҳисобламоқда.

Надеждинни қўллаш учун навбатлар – Калининграддан Ёқутистонгача

60 ёшли собиқ депутат Борис Надеждин ўтган йил кузидаёқ президентлик сайловда қатнашишини айтиб, кампания бошлаганди. Декабр ойи охирида «Фуқаролик ташаббуси» партияси уни номзод сифатида рўйхатдан ўтказди, Марказий сайлов комиссияси эса имзо тўплашга рухсат берди.

Россия қонунларига кўра, президентлик сайловларида бюллетенда номи кўрсатилиши учун парламент аъзоси бўлмаган партиядан номзод бўлганлар камида 100 минг имзо йиғиши керак. Ҳар бир субъектдан кўпи билан 2,5 минг имзо қабул қилинади. Имзо йиғиш 31 январгача давом этади.

Аввалига Россия мухолифатида Надеждиннинг номзод сифатида кўрсатилишига совуққонлик билан қарашди. Мухолифатда Надеждинни «Кремлнинг Путин учун тайёрлаган либераллар орасидан навбатдаги спарринг рақиби» деб қарашди. Худди шундай вазифани 2018 йилги сайловларда Ксения Собчак бажариб берганди.

Надеждин ўз номзоди рўйхатдан ўтказилгач, буни Кремл билан маслаҳатлашмаганини айтди. Унинг танишиларидан бири эса «Медуза» билан суҳбатда номзодини кўрсатиш сиёсатчига президент маъмуриятидан таклиф қилинганини айтган.

Надеждинга гумон билан қарашларига унинг репутацияси ҳам рол ўйнади. У 90-йилларда аввалига Борис Немцовнинг, кейинроқ ҳозир Россия президенти маъмурияти раҳбари ўринбосари бўлган Сергей Кириенкониннг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. Кириенко ҳозирда Россия ички сиёсатига жавобгар муҳим шахс ҳисобланади.

Россия Давлат думасига «Ўнгчи кучлар кенгаши» партиясидан сайланган Надеждин у ерда фақат битта чақириқда ишлайди. Партия тарқалиб кетгач эса ҳукуматга содиқ бўлган «Тўғри йўл» партиясида фаолият юритади. Охирги йилларда Надеждинга Россия давлат телеканалларида мухолифат вакили ролини «ишониб топширишди».

Шунга қарамай, Борис Надеждин Украинадаги уруш давом этишини қўлламаслигини очиқ айтган ягона номзод ҳисобланади. У уруш сўзи ўрнига эҳтиёткорлик билан расмий лаҳжада қабул қилинганидек «махсус ҳарбий амалиёт» иборасини қўлламоқда. Сиёсатчи уруш бошлаш қарорини «фалокатли хато» деб атаган. Шунингдек, Путин мамлакатни ҳалокатга етаклаётгани ҳақида очиқ гапирган.

Охирги вақтларда Россияда эри уруш бошланганидан буён ортга қайтмаётган аёллар тез-тез норозилик намойиши ўтказмоқда. Уларнинг баъзилари босимга ҳам учраган. Надеждин январ ойида шундай аёллар билан учрашди.

Қизиғи, Надеждиннинг кампаниясида имзо тўплашга унчалик жиддий эътибор беришмаётганди. Вазият ўтган ҳафтада, Россиянинг кўплаб шаҳарларида уни қўлловчилар имзо бериш учун узундан узун навбатлар ташкил қилгач ўзгарди.

Надеждин учун имзо йиғиш пунктидаги вазият. Санкт-Петербург, 2024 йил 21 январ
Артем Пряхин / SOPA Images / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA

Юзлаб одамлар Екатеринбург, Иркутск, Калининград ва Хабаровскда ушбу номзодни қўллаб имзо бериш учун навбатда турди. Ёқутистонда – 45 даража совуқда ҳам одамлар имзо бериш учун ўз навбатини кутишган.

Якутскда Надеждин учун имзо тўплаш жараёни, 2024 йил 22 январ
Фото: BORIS NADEZHDIN CAMPAIGN

Энг кўп овоз берувчилар Москва ҳамда Санкт-Петербургда қайд этилган. Надеждиннинг штаби бу икки шаҳарда 2,5 минг имзолик лимити аллақачон тўлиб бўлгани, аммо бошқа ҳудудда рўйхатдан ўтганлар имзоси ҳамон қабул қилинаётганини билдирган.

Нижний Тагилда имзо йиғиш пунктидаги навбат, 2024 йил 21 январ
Фото: BORIS NADEZHDIN CAMPAIGN

Россиядан ташқарида ҳам Надеждин учун овоз бериш ишлари қизғин давом этмоқда. Тбилиси, Прага, Париж, Барселона, Тел-Авив, Белград, Ереван, Амстердам, Берлин каби Европанинг йирик шаҳарларида яшаётган Россия фуқаролари Борис Надеждин сайловда қатнашиши учун имзо бермоқда.

21 январ куни унинг жамоаси 77 мингта имзо тўпланганини эълон қилганди. 23 январ куни эса Надеждин учун аллақачон 101 минг россиялик имзо бергани маълум бўлди. Аммо сиёсатчи МСКга 105 мингта «идеал имзо» кераклиги, тўпланган имзоларнинг барчаси ҳам идеал имзо бўлмай қолиши мумкинлигини ҳисобга олиш кераклигини айтди. Аммо идеал деганда нимани назарда тутганига аниқлик киритмади. Шу сабаб муаммо бўлмаслиги учун камида 150 мингта имзо тўплашга ҳаракат қилинмоқда.

Москва ва Санкт-Петербургдан ташқари Нижегород, Свердловск, Новосибирск, Ростов, Воронеж ва Перм областларида ҳам максимал 2,5 минг овоз тўплаб бўлинган. Ҳозирда Россиянинг 67 та ҳудудида Надеждин учун овоз тўплаш штаблари ишламоқда. Штабларда «Фуқаролик ташаббуси» партияси аъзолари, маҳаллий сиёсатчилар, фаоллар ва Надеждин номзодига бефарқ бўлмаган кўнгиллилар ишламоқда.

«Худди нимадир қилгандек ҳиссиёт туйдик»

Борис Надеждин учун имзо тўплашда навбатлар кузатилаётгани Россия мухолифати аъзолари, хусусан, уруш бошлангач мамлакатни тарк этганларнинг эътиборини ўзига қаратди. Аксар мухолифатчилар Надеждин учун овоз беришга чақиришди. Уларнинг фикрича, бу номзодни қўллаш ҳозир Россияда урушга қарши бўлишнинг ягона қонуний йўли ҳисобланади.

«Борис Надеждин учун имзо қўйинг. У сизнинг номзодингиз бўлмаса-да, сизда шу иш орқали урушга қарши эканингизни ифода этиш учун икки ҳафта вақт қолди», деб ёзди мухолифатчи Михаил Ходорковский.

«Надеждин ҳақида фикримни ўзгартирмаган ҳолда унинг номзоди учун имзо беришни қўллайман. Имзо овоз дегани эмас, у имзоловчини ҳеч нарсага мажбурламайди. Аммо шу орқали Россия жамиятида янги овозга эҳтиёж борлигини кўрсатиш мумкин», деган Алексей Навалнийнинг жамоадоши Любов Собол.

«Борис Надеждин катта ва баҳсли тарихга эга инсон. Унга имзо беришни қўллайман, сизни ҳам бу ишни қилишга чақираман», деди Навалний жамоаси етакчиларидан бири Иван Жданов. Надеждин учун имзо беришни Навалний жамоасининг Руслан Шаведдинов ва Георгий Албуров каби бошқа аъзолари ҳам қўллаган. Надеждинни қўллаб рус мухолифатчилари ва мухолиф кайфиятдаги бошқа машҳурлар чиқиш қилди: Екатерина Шулман, Максим Кац, Иля Варламов, Майкл Наки, номзоди ўтказилмаган Екатерина Дунцова.

Журналист Дмитрий Колезев Надеждин номзоди учун имзо қўймоқчи бўлаётганлар навбати тасвирланган фото ва видеолар инсонларга кўтаринкилик бағишлаётгани, бу мамлакатда ҳамон мухолиф кайфият сақланиб қолаётганидан дололат бераётганини айтган.

«Борис Надеждин урушга қарши эканини очиқ айтаётган экан, буни ўзига хос урушга қарши акция дейиш ҳам мумкин. Тўпланган одамлар қандайдир коллектив хурсандчилик туйиб, худди нимадир қилгандек таассурот ҳис қилишарди», деган журналист.

Сиёсатчи Фёдор Крашенниковнинг фикрича, Россия Марказий сайлов комиссияси катта эҳтимол билан Надеждинни номзод сифатида рўйхатдан ўтказмайди. «Надеждин умидсиз номзоддек кўринганди, аммо ҳозир унинг атрофига Кремлга ёқмайдиган одамлар тўпланди. Шундай экан, уни номзод сифатида рўйхатдан ўтказишларига асос кўрмаяпман. 85 фоиз ишончим комилки, уни имзо йиғиш жараёнидан нарига ўтказишмайди, уларнинг сони қандай бўлишидан қатъи назар», деган сиёсатчи.

«Медуза»нинг Кремлга яқин манбаси сайлов бюллетенларида ҳеч қандай урушга қарши номзод бўлмаслигини айтган. Унинг қўшимча қилишича, президент маъмуриятида бундай бўлиши кўча намойишлари каби норозилик акциялари бошланишига олиб келмайди деган қарорга келишган.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид