Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Норвегия мактабларида мобил телефонларни тақиқлаш ижобий натижа берди
Тадқиқот натижаларига кўра, дарсларда ўқувчилар орасидаги низолар камайгани, хотиржам муҳит шакллангани, ўқувчилар ўртасида жонли мулоқот ўсгани, биргаликдаги ўйинлар ва ўзаро муносабатларда фаоллик кузатилгани қайд этилди.
Фото: agderposten.no
Норвегия мактабларида мобил телефонлардан фойдаланишни чеклашнинг таъсири бўйича янги тадқиқот натижалари эълон қилинди. Мамлакат ҳукумати матбуот хизмати хабарига кўра, ҳисобот Норвегия фан ва технология университети қошидаги тадқиқот бўлими томонидан тайёрланган.
Тадқиқотнинг асосий хулосалари
Ҳисоботга кўра, «mobilfrie skoler» (мобил телефонсиз мактаблар) моделини жорий этган мактаблар бир қатор ижобий ўзгаришларни қайд этди:
- дарсларда ўқувчилар орасидаги низоларнинг камайиши ва хотиржам муҳит;
- мактаб ҳамжамиятининг мустаҳкамланиши ва ижтимоий муҳитнинг яхшиланиши;
- танаффус пайтида ўқувчилар ўртасида жонли мулоқотнинг ўсиши;
- болаларнинг биргаликдаги ўйинлар ва ўзаро муносабатларда фаолроқ иштирок этиши.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, смартфонлар чекланганидан сўнг ўқувчилар рақамли қурилмаларга камроқ чалғиб, офлайн фаолиятга кўпроқ жалб қилинган.
«Рақамли босим» камайди
Ҳисоботда таъкидланишича, тақиқ «рақамли босимни» - доимий равишда онлайн бўлиш, хабарларга жавоб бериш ва ижтимоий тармоқларни кузатиш заруратини камайтиришга ёрдам берган. Бу эса мактаб ўқувчиларининг руҳий ҳолатига ижобий таъсир кўрсатган.
Модел қандай жорий этилди?
Турли мактабларда турли форматлар қўлланилади:
- кун давомида телефонларни шкафларда сақлаш;
- синфларда телефондан фойдаланишни тақиқлаш;
- қисман чеклаш - фақат маълум соатларда рухсат бериш.
Бунда гап телефонларни умуммиллий миқёсда бутунлай тақиқлаш ҳақида эмас, балки ўқув жараёнида чеклаш бўйича тизимли сиёсат ҳақида кетмоқда.
Ҳукумат позицияси
Норвегия таълим вазири Кари Несса Нордтун сўзларига кўра, тадқиқот натижалари ўқитувчилар ва ота-оналарнинг фикр-мулоҳазаларини тасдиқлайди: мобил телефонлардан эркин муҳит мактабларни янада хавфсиз, хотиржам ва таълим учун қулай қилади. Энди тадқиқот хулосалари келгусида таълим сиёсатини ишлаб чиқишда қўлланилади.
Норвегия мобил телефонларга чекловлар тизимли равишда жорий этилаётган ва уларнинг самарадорлигини илмий баҳолаш билан бирга олиб борилаётган Европа давлатларидан бирига айланди. Ҳисобот бундай чораларни кўриб чиқаётган бошқа мамлакатлар учун мўлжал бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
22:53 / 24.02.2026
Норвегиянинг собиқ бош вазири ўз жонига қасд қилишга уринди – ОАВ
13:20 / 23.02.2026
Мактаб ва боғчаларда бахтсиз ҳодисалар ошди: 2025 йилда 20 та ҳолат
22:00 / 22.02.2026
Норвегия қишки Олимпиада ўйинларида медал олиш бўйича рекорд натижага эришди
21:31 / 20.02.2026