Давлатни аташда ҳудудий ном устунлик қилади, худди Қўқон, Хоразм хонликлари ёки Бухоро амирлиги каби. Бу ўзбеклар йўқ эди деганини англатмайди, балки давлат асосан сулолавий, ҳудудий жиҳатдан номланган. Турон заминида мавжуд бўлган жамики давлатлар асосида ўзбеклар яшаган.
Ўзбек тарихчилари Михаил Смолиннинг ўзбеклар ҳақидаги фикрларини рус миллатчиси сифатида империячилик сиёсатини тарғиб қилиш, ҳозирги Россия қилаётган ишларни оқлашдан иборат эканини очиб беришди.
Россиянинг пропаганда каналлари орқали Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистонга империализмни қўлловчи у ёки бу шаклдаги ахборий ҳужумлар такрорланиб турибди.
Аввалроқ россиялик сиёсатчи Захар Прилепин "Ўзбекистон ва бошқа қўшни давлатларни Россия таркибига қўшиб олиш"ни таклиф қилган бўлса, энди рус тарихчиси Михаил Смолин “1917 йилдаги Инқилобгача ўзбеклар умуман бўлмаган", деган фикрни айтди.
Хўш, ўзбеклар миллат сифатида қачон шаклланган? Мамлакатнинг ўтмиши ва келажагига очиқдан очиқ таҳдидни ифодаловчи бу каби ахборот хуружлари ортида қандай мақсадлар ётибди? Kun.uz шу каби саволлар атрофида Тарих институти олимлари билан суҳбатлашди.
Суҳбатдошларимиз тарихчилар Тўлқин Аҳмедов, Одил Зарипов, Дилноза Жамолова ва Воҳид Холовлар бўлишди.

Воҳид Холов: — Россия сўнгги йилларда, яъни 2008, 2014, 2022 йилги воқеаларни оладиган бўлсак, унда ҳалигача империячилик қарашлари борлигини кўриш мумкин. Бу нарсани россиянинг турли доира вакиллари баралла айтяпти. Юқори доирада ҳам янграяпти, хусусан, Медведев Қозоғистон ерларини Россия тортиқ қилган, деган мазмундаги гапларни айтганди, телеграм каналига ҳам жойлаган эди. Бу биз бошқа давлат ҳудудига ҳам даъво қила оламиз, дегани. Бу нарса сиёсий низо қўзғаш учун дастак бўлади. Биринчи Украина ҳақида шундай дейишди, кейин Қозоғистон ва энди бу ҳудудни яна кенгайтириб гапиришяпти. Мақсад — ўзларининг империячилик ғояларини бошқаларга уқтириш, халқларда беқарорликни келтириб чиқариш.
Тўлқин Аҳмедов: — Бу чиқишдан мақсад империячилик ғояларни тарғиб қилиш. Путин ҳокимиятга келгач, Россияда империячилик ғоялари яна хуруж қила бошлади, оқибатда Украинага қарши шундай кенг кўламли урушга олиб келди.
Михаил Смолин ўзи консерватор тарихчи, яъни рус консерватив фикрини ифода этади, рус консерватив фикри эса империя ва черковга асосланган. 1917 йилгача Россия империяси бўлган ва рус православ черкови асосий таянчларидан бири бўлган. Смолин шу нарсанинг асосий тарғиботчиларидан. Унинг илмий ишлари ҳам рус империяси, черков ҳақида. Смолиннинг иши консерватив рус миллатчиси сифатида империячилик сиёсатини тарғиб қилиш, ҳозирги Россия қилаётган ишларни оқлашдан иборат.








