Жаҳон | 21:00 / 27.01.2024
7014
2 дақиқада ўқилади

Alaska Airlines авиакомпанияси Boeing 737 MAX 9 самолётларида парвозларни тиклади

Январ ойи бошида ушбу авиакомпанияга тегишли самолётнинг парвоз вақтида эшиги узилиб тушган эди.

Фото: Ingrid Barrentine / Alaska Airlines

Alaska Airlines авиакомпанияси ўз самолётларида ўтказилган текширувдан сўнг Boeing 737 MAX 9 самолётларида парвозларни қайта тиклади. Биринчи парвоз 26 январ куни амалга оширилди: самолёт Сиэтлдан ҳавога кўтарилиб, Сан-Диегога қўнди. Январ ойи бошида Boeing 737 MAX 9 самолёти парвоз пайтида эшиги узилиб тушганидан бери, ушбу самолёт модели учун биринчи парвоз бўлди.

Alaska Airlines вакилининг сўзларига кўра, авиакомпания ўзининг барча Boeing 737 MAX 9 самолётларини кейинги ҳафта охиригача хизматга қайтариши мумкин.

«Биз 737 MAX 9 самолётларимизни текшириш кейинги ҳафта охиригача якунланишини кутамиз, бу бизга парвозлар жадвалини тўлиқ бажариш имконини беради», деди авиакомпания вакили.

АҚШ Федерал авиация маъмурияти (FAA) 24 январ куни Boeing 737 MAX 9 самолётларини текшириш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича йўриқномани тасдиқлаганидан сўнг, ушбу турдаги барча самолётларда техник кўрик бошланган эди.

5 январдан 6 январга ўтар кечаси Портленд шаҳридан ҳавога кўтарилган Alaska Airlines авиакомпаниясининг Boeing 737 MAX 9 самолётининг парвоз вақтида эшиги узилиб кетди. Салонда босим кескин пасайиб кетганидан сўнг, самолёт фавқулодда қўнишни амалга оширди. 171 йўловчи ва олти экипаж аъзосидан ҳеч бири жабрланмади. Шундан сўнг FAA Boeing 737 MAX 9 самолётларининг эксплуатациясини тўхтатди, уларнинг аксарияти АҚШ авиакомпанияларига тегишли.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид