Россия асирлар Ил-76 самолётига кираётгани акс этган видеони эълон қилди
Видеода, Россия томонига кўра, Белгород яқинида ҳалокатга учраган Ил-76 бортига украиналик ҳарбий асирларнинг жойлаштирилаётгани тасвирланган.
26 январ, жума куни кечқурун Россия тергов қўмитаси ўзининг Telegram-каналида ҳарбий аэродромдаги кузатув камерасидан олинган видео парчасини эълон қилди. Россия томони таъкидлашича, видеотасвирда украиналик ҳарбий асирларнинг кейинчалик 24 январ куни Белгород вилоятида ҳалокатга учраган Ил-76 транспорт самолётига ўтиргани кўрсатилган.
Видеоёзув сифати пастлиги сабабли, буларнинг барчаси айнан қачон ва қаерда суратга олинганини аниқлашнинг имкони бўлмаганидек, унда айнан нима содир бўлаётганини тушунишнинг ҳам деярли имкони йўқ. Тахминларга кўра, ёзув ҳарбий аэродромдаги кузатув камераси орқали олинган. Россия мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, самолёт Москва шимоли-шарқидаги Чкалов аэродромидан учаётган бўлган.
Бир дақиқадан сал кўпроқ давом этадиган видео икки қисмдан иборат. Видео биринчи қисмида қорли йўл бўйлаб самолётга яқинлашиб келаётган автомобиллар карвонини кўриш мумкин. Иккинчи қисмда самолётнинг яқиндан кўриниши кўрсатилган, унинг ёнида одамлар ва машиналар ҳаракати кузатилади. Видеода содир бўлган ҳамма нарса РФ тергов қўмитасининг баёноти билан боғлиқ эканини аниқлаш имкони йўқ.
Таниб олиш мумкин бўлган ягона нарса - сигнализация ўрнатилган машина, ундан кейин олтита автозак келган. Видеода суратга олиш санаси ва вақтини кўрсатувчи титрлар йўқ. Тергов қўмитаси матбуот хизмати хабар эълон қилинган пайтда қўшимча маълумот тақдим этмаган.
Путин Украинани самолётни уриб туширганликда айблади
26 январ куни Россия Федерацияси президенти илк бор Ил-76 ҳалокатига изоҳ берди. Унинг даъво қилишича, самолёт Украина ҳарбийлари томонидан хорижда ишлаб чиқарилган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ёрдамида урилган. «Буни самолётлари парчалари элементларидан кўриш мумкин. Бизнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимимиз ўз самолётига зарба бера олмайди. У ерда «дўст-душман» тизими ўрнатилган ва оператор тугмани қанчалик босмасин, бизнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимимиз ишламайди», деди Путин Украинага қарши урушда қатнашаётган талабалар билан учрашувда.
«Эҳтимол, булар Patriot Америка тизими ёки Европаники, катта эҳтимол билан французларники. Лекин бир неча кундан кейин аниқ жавоб берилади», - дея қўшимча қилди Путин. Унга кўра, Украина мудофаа вазирлигининг бош разведка бошқармаси Россия Федерацияси ҳарбий асирларни олиб кетаётганини билган.
Журналистлар таниб олиш тизими ишини таҳлил қилди
«Медуза» нашрининг «Таҳлил» бўлими шарҳига кўра, электрон таниб олиш тизимининг ишлаш мантиғи Путин таърифлаганидан фарқ қилади. Журналистлар таъкидлашича, у фақат ҳаво ҳужумидан мудофаа операторлари учун жанговар вазиятда нишонни аниқлашда ёрдамчи бўлиб, ўз самолётларини «дўстона ўқ» деб аталган ҳолда йўқ қилиш ҳолатини камайтириш учун мўлжалланган ҳамда бундай тизимлар иши - «ҳар доим душман нишонларини аниқлаш, йўқ қилиш самарадорлиги ва ўз самолётлари хавфсизлиги ўртасидаги муросага эришишдир».
«Назарий жиҳатдан таниб олиш тизими «кераксиз» сигналларни узиб қўйиши керак, бироқ жанговар вазиятда, операция ҳудудида нишонлар кўп бўлиб, радиошовқинлар ҳам мавжуд бўлса, танлов қийин бўлиши мумкин», деб таъкидлайди «Медуза». Бундан ташқари, нашр ёзишича, Россия армияси бугунги кунда 1970-йилларда ишлаб чиқилган жуда эскирган «Пароль» таниб олиш тизимидан фойдаланмоқда. Янги тизимни синовдан ўтказиш уруш бошланиши билан якунлангани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ.
Украина дастлабки хулосалар чиқаришдан тийилишни сўрамоқда
Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши (МХМК) котиби Алексей Данилов Ил-76 қулаши сабаблари ҳақида эрта хулоса чиқаришдан огоҳлантириб, барча ҳолатлар аниқланишини кутишга чақирди. Бу ҳақда у 26 январ куни Украина радиосига маълум қилди.
«Якуний хулосани кутамиз. Вазият Украина олий ҳарбий-сиёсий раҳбарияти назоратида. Биз нима бўлаётганини ва қаерда бўлаётганини тушунамиз. Кўп вақт қолмади. У ерда нима бўлганини аниқлагунимизча кутиш керак», - деди у. Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Россия Федерацияси ҳозирда «бошқа барча ҳаракатларидан кейин» ўзини айбсиз деб кўрсатишга ҳаракат қилмоқда, деган тахминни билдирди.
Россия ташаббуси билан ўтказилган БМТ хавфсизлик кенгашининг аввалги йиғилишида томонлар Ил-76 самолёти қулаши билан боғлиқ яқинда юз берган фожиа бўйича ҳеч қандай қарор қабул қилмасдан, ўзаро айбловлар алмашган эди.
Белгород вилоятида Ил-76 билан содир бўлган фожиа тафсилотлари
Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти 24 январ куни Белгород вилоятининг Корочанск туманида Яблоново қишлоғи яқинидаги далага қулаб тушди. Вилоят губернатори Вячеслав Гладковнинг сўзларига кўра, бортдаги барча одамлар ҳалок бўлган. Telegram’даги «Важные истории» ва «ЧТД» каналлари Россия мудофаа вазирлигига таяниб, Ил-76 бортида алмашиш учун олиб кетилаётган 65 нафар украиналик асир, шунингдек, 6 нафар экипаж аъзоси ва 3 нафар ҳамроҳлик қилувчи шахс бўлганини маълум қилди. Россия мудофаа вазирлиги ҳалокатни «террор ҳужуми» деб атади ва бунинг учун Киевни айблади.
Украина ҳукумати халқаро мустақил экспертлар томонидан Белгород вилоятида Ил-76 самолёти қулаган жойни текширишни талаб қилмоқда. 25 январда Украина Мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси вакили Андрей Юсовнинг айтишича, идора маълумотларига кўра, Белгороддаги ўликхонага бор-йўғи беш жасад етказилган, бу эса самолёт экипажидаги ходимлар сонига тўғри келади.
Айни вақтда, Украина хавфсизлик хизмати (СБУ) Ил-76 самолётининг Белгород вилоятида қулаши ҳолати юзасидан текширув бошлади. Уруш қонунларини бузиш моддаси бўйича жиноий иш очилди, деб ёзади «РБК-Украина» ва «Украинская правда» махсус хизматга таяниб. Украина президенти Володимир Зеленский аввалроқ Киев Ил-76 ҳалокати бўйича халқаро тергов ўтказилишини талаб қилишини айтган эди.
Мавзуга оид
20:43
«Мосфильм» киностудияси ўз омборидаги танкларни Россия армиясига топширди
19:33
Россияда мигрант болаларнинг рус тилини билиш даражаси текширилиши мумкин
17:53
Ўзбекистон олтин ишлаб чиқарувчи давлатларнинг етакчи ўнталигига кирди
21:00 / 12.11.2024