Россия тергов қўмитаси Ил-76 қулаган жойдан олинган видеони эълон қилди
Россия тергов қўмитаси, РФ томонига кўра, Ил-76 бортида бўлган украиналик ҳарбий асирларнинг жасадлари ва ҳужжатларининг парчалари акс этган видеони эълон қилди.
Россия тергов қўмитаси (РТҚ) 26 январ, жума куни Белгород вилоятида Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти қулаган жойдан украиналик ҳарбий асирларнинг жасадлари ва ҳужжатлари парчалари акс этган видеони эълон қилди.
Ҳалок бўлганлар танасининг айрим қисмларида характерли татуировкалар мавжуд. Тергов қўмитаси таъкидлашича, баъзи украиналик ҳарбий асирлар, жумладан «Азов» полки вакиллари ҳам худди шундай белгиларга эга бўлган.
Шунингдек, Россия Федерацияси тергов қўмитаси жиноят иши материалларига қўшилган ашёвий далил сифатида ҳалокат жойидан топилгани айтилаётган ҳалок бўлганларнинг ҳужжатларини (паспортлари, ҳарбий карточкалари) ҳам кўрсатди.
Идора ҳисоботида айтилишича, ҳаво маконини объектив назорат қилувчи радиолокацион воситалар, шунингдек, тергов натижасида аввалроқ самолёт Харкив вилояти Липци қишлоғида жойлашган зенит-ракета тизимидан отилган ракета билан урилгани аниқланган. Бир кун аввал Россия оператив хизматлари ҳалокат жойида зенит ракетасининг қолдиқлари топилгани ҳақида хабар берган эди.
РФ ТҚ томонидан кўрсатилган тасвирларнинг ҳақиқийлигини мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони йўқ.
Кўп сонли асирларнинг ўлими ҳақида ҳали ишончли маълумотлар йўқ
Айни пайтда, ҳарбий асирлар билан ишлаш бўйича мувофиқлаштирувчи штаб котиби Дмитрий Усов Facebook’да Россия томонидан тақдим этилган, Белгород яқинида ҳалокатга учраган Ил-76 самолёти йўловчилари рўйхатида исм-шарифлари кўрсатилган украиналик ҳарбий асирларнинг қариндошлари ва яқинлари билан учрашуви ҳақида маълум қилди. Хабарда айтилишича, учрашувда йиғилганларга «Россия тарғиботчилари томонидан авиаҳалокат жойидан кўрсатилган видеоматериаллар» намойиш этилган. Бироқ, ҳарбий асирларнинг қариндошлари «ҳалигача эълон қилинган жасадларнинг бўлакларида уларнинг қариндошларини кўрсатадиган ҳеч қандай махсус белгилар топа олмади».
Учрашувда иштирок этган бош бошқарма бошлиғи Кирилл Будановнинг яна бир бор таъкидлашича, Ил-76 бортида ким бўлиши мумкинлиги ҳақида ишончли ва тўлиқ маълумот йўқ.
«Биз кўплаб манбалардан бу борада мавжуд бўлган барча маълумотларни тўплаяпмиз ва синчковлик билан таҳлил қиляпмиз. Ҳозирча бу самолётда шунча одам бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Шу билан бирга, Россия пропагандаси версиясида айтилган Ил-76М самолёти 65 нафар украиналик ҳарбий асирни алмашиш учун олиб кетгани масаласи ҳали ҳам кўп саволлар туғдирмоқда», — деди Буданов.
Украинанинг бошқа расмийлари ҳам Ил-76 бортида Украина қуролли кучларининг асирга олинган аскарлари борлигига шубҳа билдирди. Олий раданинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Дмитрий Лубинец сўзларига кўра, ҳозирча у «шундай миқдордаги асирларнинг ўлими ҳақида ишончли маълумотларга эга эмас». «Самолётда Украина фуқаролари ёки Украина фуқароси бўлмаганлар бўлганига оид белгиларни кўрмадик», деди Лубинец «Рада» телеканалида.
Киев Россиядан асирлар бўлган самолёт учгани ҳақида маълумот олганини рад этди
Бундан ташқари, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 26 январ куни Россия Украина томонини бортида ҳарбий асирлар бўлган Ил-76 рейси ҳақида тегишли равишда олдиндан хабардор қилганини айтди.
Давлат думаси мудофаа қўмитаси раҳбари Андрей Картаполовнинг таъкидлашича, Украина томони Ил-76 самолёти бортида Украина қуролли кучлари асирлари билан парвоз режаси ҳақида у зонага киришидан 15 дақиқа олдин расман хабардор қилинган: «Украина томони расман, таъкидлайман, расман огоҳлантирилди. Самолёт зонага киришидан 15 дақиқа олдин уларга тўлиқ маълумот узатилди. Улар буни қабул қилиб, Украина қуролли кучлари бош разведка бошқармаси маълумотга эга эканини тасдиқлади». Қўмита раҳбари таъкидлашича, ушбу маълумотни олгандан сўнг, маълум бир секторга «ҳавода тўхташ» буйруғи берилиши керак эди.
Украина расмий вакиллари бундай маълумот Россиядан олинмаганини таъкидламоқда. Хусусан, Украинанинг БМТдаги вакили ўринбосари Кристина Гайовишин БМТ хавфсизлик кенгашининг Белгород яқинида ҳалокатга учраган Ил-76 фожиасига бағишланган йиғилишида Украинага асирларни ташишда фойдаланиладиган транспортнинг сони ва тури ҳақида маълумот берилмаганини айтди. «Бунинг ўзи Россиянинг асирлар ҳаётини хавф остига қўйишга қаратилган қасддан ҳаракатларини кўрсатиши мумкин», деди у.
Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти 24 январ куни Белгород вилоятининг Корочанск туманида Яблоново қишлоғи яқинидаги далага қулаб тушди. Вилоят губернатори Вячеслав Гладковнинг сўзларига кўра, бортдаги барча одамлар ҳалок бўлган. Telegram’даги «Важные истории» ва «ЧТД» каналлари Россия мудофаа вазирлигига таяниб, Ил-76 бортида алмашиш учун олиб кетилаётган 65 нафар украиналик асир, шунингдек, 6 нафар экипаж аъзоси ва 3 нафар ҳамроҳлик қилувчи шахс бўлганини маълум қилди. Россия мудофаа вазирлиги ҳалокатни «террор ҳужуми» деб атади ва бунинг учун Киевни айблади.
Мавзуга оид
20:43
«Мосфильм» киностудияси ўз омборидаги танкларни Россия армиясига топширди
19:33
Россияда мигрант болаларнинг рус тилини билиш даражаси текширилиши мумкин
17:53
Ўзбекистон олтин ишлаб чиқарувчи давлатларнинг етакчи ўнталигига кирди
21:00 / 12.11.2024