Жаҳон | 23:04 / 29.01.2024
14675
2 дақиқада ўқилади

Украина Қуролли кучлари бош қўмондони ишдан олингани айтилди, Мудофаа вазирлиги буни рад қилди 

Валерий Залужний истеъфога чиқарилгани ҳақидаги хабарларни Украина Мудофаа вазирлиги тасдиқламади. 

Фото: Reuters

Бир қанча манбалар Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний истеъфога чиққани ҳақида хабар берди. Украина Мудофаа вазирлиги буни тасдиқламади. 

«Интерфакс Украина» мамлакат ҳарбий-сиёсий раҳбариятига яқин манбага таяниб ёзганидек, Залужнийнинг истеъфоси бўйича келишув унинг президент билан учрашувида эришилган. 

Халқ депутати Алексей Гончаренко сўзларига кўра, Залужнийга истеъфога чиқиши ҳақида айтилган, аммо ҳозирча ҳеч қандай фармон йўқ. Гончаренконинг таъкидлашича, бош қўмондонга Европа давлатларидан бирида элчи лавозимини таклиф қилишган, аммо у рад жавобини берган. 

Собиқ халқ депутати Борислав Береза ҳам Украина президенти идорасидаги манбаларига таяниб Залужний ишдан олинганини маълум қилди. 

Журналист Роман Цимбалюкнинг ёзишича, бош қўмондон лавозимини Украина ҳарбий разведкасининг амалдаги раҳбари Кирилл Буданов эгаллайди. 

«Цензор.нет» нашри ўз манбаларига таяниб, Залужнийнинг истеъфога чиқиши тўғрисидаги фармон имзолангани, шунингдек, Будановнинг янги қўмондон бўлиши ҳақида хабар берди. 

Президент Володимир Зеленский, Украина президенти идораси ва Валерий Залужнийнинг ўзи ҳали истеъфо ҳақидаги хабарларга расмий изоҳ бермади. 

Украина Мудофаа вазирлиги Залужний истеъфоси ҳақидаги хабарларни инкор қилди. 

«Ҳурматли журналистлар, биз ҳаммага шундай жавоб берамиз: Йўқ, бу ҳақиқат эмас», дейилади баёнотда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид