Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кетади ёки кетмайди? Украинада яна Залужнийнинг истеъфоси ҳақидаги миш-мишлар болалади
Журналистларга кўра, Зеленский бош қўмондонга лавозимини ўз ихтиёри билан тарк этишни таклиф қилган. Бошқа манбалар эса яқин вақт ичида унинг истеъфоси рўй бермаслигини айтишмоқда.
29 январ куни кечқурун украин нашрлари мамлакат қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний истеъфога чиқаётгани ҳақида ёза бошлади. Бу маълумотни ўз манбаларига асосланган ҳолда Олий Раданинг ҳозирги ва собиқ депутатларидан бир қанчаси, шунингдек янгилик сайтлари ва телеграм-каналлар тарқатган.
Манбаларнинг айримлари истеъфога чиқариш тўғрисидаги фармон аллақачон Украина президенти томонидан имзолангани, аммо ҳозирча эълон қилинмаётганини айтишган. Бош қўмондонликка номзод сифатида Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Будановнинг номи келтирилган. Бошқа манбалар эса Украина ҚК бош қўмондонига истеъфо ҳақида фақат оғзаки хабар етказилгани, аммо бу фармон билан расмийлаштирилмаганини билдиришган. Уларнинг сўзларига кўра, Залужний президент офисига чақирилган ва унга бошқа лавозим, хусусан элчилик таклиф этилган, аммо у рад этган.
Кўп ўтмай расмий шахслар Залужнийнинг истеъфоси тўғрисидаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилишди. Украина мудофаа вазирлиги телеграм-каналида шундай хабар пайдо бўлди: «Ҳурматли журналистлар, биз ҳаммага шундай жавоб берамиз: Йўқ, бу ҳақиқат эмас». Украина президенти матбуот котиби Сергей Никифоров эса «президент Залужнийни ишдан бўшатмагани»ни билдирди.
«Медуза»нинг Украина раҳбариятидаги вазиятдан бохабар манбаси Украина ҚК бош қўмондони тез орада истеъфога чиқарилиши тўғрисидаги хабарни «фейк» деб атаган ва у яқин вақтлар ичида истеъфога чиқмаслигини қўшимча қилган. Володимир Зеленский ҳар кунги кечқурунги видеомурожаатида Валерий Залужний ҳақида тўхталмаган.
Украинанинг «Зеркало недели» нашри Зеленский офисидаги суҳбатдоши ҳамда Залужнийнинг атрофидагиларга таяниб, 29 январ куни президент чиндан ҳам бош қўмондон билан учрашгани ва унга ўз лавозимини тарк этишни таклиф қилгани ҳақида хабар берди. Манбаларнинг тасдиқлашича, Залужний бунга жавобан «ким билан ишлашни ҳал қилиш Олий қўмондоннинг ҳуқуқи экани», аммо унинг ўзи истеъфога чиқиш тўғрисида рапорт ёзмагани ва ёзиш нияти ҳам йўқлигини билдирган. Нашр Украина ҚК бош қўмондонини президент фармони билан ишдан бўшатиш учун мудофаа вазирининг тегишли тақдимномаси талаб этилишини қайд этган.
Залужнийга «ҳеч қандай муносиб ёки жиддий» лавозим таклиф этилмади, фақат ёрдамчи ёки маслаҳатчи мақомидан бошқа, деган суҳбатдошлар журналистларга. Уларнинг сўзларига кўра, Залужнийнинг эҳтимолий истеъфоси Украина ҚК қўмондонлиги ҳамда мамлакат сиёсий раҳбариятидаги кадрлар ўзгаришлари занжирининг илк бўғини бўлиши мумкин.
Валерий Залужнийнинг ўзи эҳтимолий истеъфоси тўғрисидаги миш-мишларни шахсан изоҳламаган. Лекин у фейсбукдаги саҳифасига Украина ҚК бош штаби бошлиғи Сергей Шаптала билан биргаликда тушган фотосуратни ҳеч қандай изоҳсиз жойлаштирган.
Жаҳон нашрлари 2023 йил кузидан буён Володимир Зеленский ва Валерий Залужний ўртасидаги эҳтимолий низони муҳокама қилиб келмоқда. Украинанинг қарши ҳужуми муваффақиятсизликка учрагач, бош қўмондон The Economist нашрига интервю бериб, уруш боши берк кўчага кириб қолгани ва йилларга чўзилиши мумкинлигини айтганди. Бунга жавобан Украина президенти вазиятни умидсиз деб ҳисобламаслигини айтиб чиқди, кейинроқ эса сиёсат билан шуғулланаётган ҳарбийлар катта хатога йўл қўяётганини таъкидлади.
ОАВ маълумотига кўра, Зеленский айрим генераллар билан Залужнийни айланиб ўтган ҳолда гаплаша бошлаган ва олий қўмондон штаби йиғилишларида бош қўмондон устидан ҳазил қилишга одатланган. «Бу бош қўмондоннинг руҳиятини жуда туширади ва асосийси — бутун армияга қўмондонлик қилишга халақит беради», — дея ёзган «Украинская правда» президент жамоасидаги суҳбатдошга таяниб. Зеленскийнинг офисидагилар президент ва бош қўмондон ўртасидаги келишмовчилик ҳақидаги хабарларни нонсенс деб атаган ва буни Россия томонидан олиб борилаётган ахборий урушга боғлаган.
Мавзуга оид
23:16 / 12.06.2026
Европа Иттифоқи Украина ва Молдова аъзолиги бўйича музокараларни бошлайди
17:21 / 12.06.2026
Россия–Украина урушида фронт чизиғи: ташаббус ким томонда?
16:47 / 10.06.2026
Украина «Фламинго» ракеталари билан Чебоксарга зарба берди
10:00 / 10.06.2026