Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Иорданиядаги базасига қилинган ҳужумга жавобан Ироқ ва Сурияга зарба беради – ОАВ
Об-ҳаво шароити зарба бериш вақтини белгиловчи асосий омил бўлиши таъкидланмоқда.
Вашингтон Иордания шимоли-шарқидаги Америка базасига учувчисиз самолётлар томонидан уюштирилган ҳужумга жавобан Ироқ ва Суриядаги нишонларга зарба бериш режалари бўйича келишиб олди. Бу ҳақда CBS News хабарига таяниб, Interfax хабар берди.
«Бир неча кун давомида Ироқ ва Суриядаги маълум нишонларга, жумладан, Эрон ходимлари ва иншоотларига бир қатор зарбалар бериш режалари тасдиқланди», дейилади телеканал хабарида.
Телеканал суҳбатдошларининг қайд этишича, об-ҳаво шароити зарба бериш вақтини белгиловчи асосий омил бўлади.
«АҚШ армияси ёмон об-ҳаво шароитида зарба бериш имкониятига эга, бироқ ҳудуддаги тинч аҳолини беихтиёр нишонга олишдан ҳимоя қилиш учун нишонлар яхши кўринадиган шароит муҳим», деб ёзди CBS News.
Вашингтоннинг фикрича, Иорданиядаги базага «Ироқ исломий қаршилиги» ҳарбийлашган гуруҳи томонидан зарба берилган. Бу ҳақда АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби маълум қилган эди.
28 январ куни АҚШ Марказий қўмондонлиги Иордания шимоли-шарқидаги ҳарбий базага учувчисиз самолёт ҳужуми содир этилгани ҳақида хабар берди. Оқибатда 3 нафар америкалик аскар ҳалок бўлди, яна 34 нафари яраланди. Эрон бу зарбага алоқадорлигини рад қилди.
CBS News хабарига кўра, Яқин Шарқдаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган бир қатор гуруҳлар Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги жанглар фонида АҚШ ва Исроил билан боғлиқ нишонларга ҳужум қилишни бошлаган.