Ўзбекистон | 22:29 / 01.02.2024
12701
8 дақиқада ўқилади

“Эроннинг мақсади – Ўзбекистон билан дўст-биродар бўлиб, алоқаларни ривожлантириш” — Али Боқерий

Шу ҳафта Эрон Ислом Республикасининг ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Боқерий бошчилигидаги форс делегацияси Тошкентда бўлиб, икки давлат ўртасида эришилган келишувлар ижроси бўйича музокаралар ўтказди. Эронлик юқори лавозимли дипломат ташрифи давомида Kun.uz'га интервю берди.

— Бугунги Ўзбекистон ва Эрон муносабатларига қандай баҳо берасиз? Айнан 2016 йилдан кейинги муносабатлар ҳақидаги фикрингиз.

— Эрон ва Ўзбекистон халқлари муштарак тарих, маданият ва цивилизацияга эга, бу эса икки давлат ўртасидаги мустаҳкам ва узоқ муддатли алоқалар учун асос бўлиб хизмат қилади. Сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги алоқалар янада юксалиб, ривожланиш палласига кирди. Жумладан, охирги икки йил давомида икки давлат раҳбарлари бир неча бор учрашди ва ушбу учрашувларда икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш йўллари муҳокама қилинди.

Ўтган йили сентябр ойида икки томон Ташқи ишлар вазирлари Ўзбекистон президентининг Эронга ташрифи доирасида амалга оширилган келишувлар ижросини амалга оширишга қаратилган йўл харитасини ҳам имзолашди. Мана шу йўл харитасининг имзоланиши ҳам икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада қатъият билан давом эттиришга бўлган иродани кўрсатади. Ушбу йўл харитасини амалга оширишда икки давлатнинг турли даражадаги раҳбарлари, мутасаддилари ҳамкорликда ишлашяпти, маслаҳатлашувлар, музокаралар бўлиб ўтмоқда.

— Ўзбекистонга ташрифингиз давомида кўплаб расмийлар билан учрашдингиз. Айнан қайси масалалар муҳокама қилинди ва натижалар қандай бўлди?

— Биринчи навбатда учрашувларда икки давлат ўртасида эришилган келишувлар ижроси муҳокама қилинди. Бундан ташқари, илгариги келишувлар ижросини таъминлашда бўлаётган айрим тўсиқларни бартараф этиш юзасидан ҳам фикр алмашдик. Шу билан бирга икки давлат ўртасидаги алоқалар истиқболи, икки томон учун ҳам манфаатли бўлган соҳаларда биргаликда ишлаш йўллари муҳокама қилинди. Жумладан, учрашувларда бутун ислом оламини ларзага солган Ғазодаги ҳолат ҳақида ҳам фикр алмашилди. Эрон томони сифатида биз бу минтақага бутун дунё эътибори кучайиши ва Ғазо аҳолисига нисбатан бўлаётган геноцид зудлик билан тўхтатилиши кераклигини, 16 йилдан бери бўлаётган Ғазони ёпиб қўйиш сиёсати ҳам тугатилиши зарурлигини билдирдик. Ғазо аҳолиси бирламчи эҳтиёжи бўлган товарлар билан таъминланиши, бунга йўл очилиши кераклиги, босқинчи сионистик тузум кучлари бу Ғазодан чиқарилиши кераклиги ҳам айтилди. Умуман, Эрон томони мана шундай фикрлар берди ва Ўзбекистон томони билан фикр алмашди. Икки томон ҳам Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш борасида бир фикрга келди.

Бундан ташқари, учрашувларда иккала мамлакатнинг имконияти ва минтақадаги сиёсий ўрнидан келиб чиққан ҳолда икки томонлама терроризмга қарши курашиш тўғрисида ҳам келишиб олдик. Минтақавий ва халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш борасида ҳам келишиб олдик. Эрон ва Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, ШҲТ каби нуфузли ташкилотлар аъзолари ҳисобланади. Икки мамлакат ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ташкилотлар доирасида ҳамкорликни кенгайтириб, умумий минтақамиз тараққиётида ўз ҳиссамизни қўшишга ҳам келишиб олдик.

Туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ҳам муҳокама қилинди. Бир муддат олдин Эрон Ўзбекистон фуқароларига кириш визасини бекор қилди. Бу ҳали кучга киргани йўқ, тегишли тартиблар ишлаб чиқилган. Умид қиламизки, тез кунда бу қарор кучга киради. Бу орқали ўзбекистонликлар Эроннинг диққатга сазовор жойларини кўришлари мумкин бўлади. Эронни тўрт фасл давлати дейишади, бир томонда қор ёғса, бир томонда соҳилда дам оладиган ҳаво бўлади.

— Эрон ҳукумати Ўзбекистон фуқаролари учун виза режимини бекор қилди, эронликлар Ўзбекистонга қай даражада қизиқишади, дейлик, саёҳат қилиш учун?

— Ўзбекистондаги тарихий-маданий меросга тарихан муштарак бўлган маданиятимиз, цивилизациямиз жиҳатидан қараймиз. Бизнинг тарихий ва цивилизациявий маданиятимизнинг ажралмас қисми Ўзбекистон билан боғланган. Масалан, меъморий жиҳатдан ўхшашликларни олайлик. Исфахон, Шероз шаҳарларидаги меъморий обидалар Ўзбекистондаги меъморий обидалар билан ўхшаш.

Ўзбекистон томонидан ҳам Эрон фуқаролари учун виза режимини енгиллаштириш борасида чора-тадбирлар кўрилиши, қўшимча тарзда авиақатновларнинг янада кўпайтирилиши икки давлат ўртасидаги туризм алмашинувига хизмат қилади. Эрон томони икки мамлакат фуқароларининг туристик мақсадларда ташриф буюришларини қўллайди. Бу йўналишда Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари, мутасаддилари билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

— Ўзбекистон транзит омили Эрон учун қанчалик муҳим? Ўзбекистоннинг Чобаҳор портига чиқиш масаласида ҳали қандай муаммолар ҳал этилмаган?

— Эроннинг транзит борасида қулай географик жойлашуви туфайли кўплаб давлатлар бу транзитга қизиқишяпти. Россия, Хитой, Ҳиндистон, айрим Марказий Осиё давлатлари ва айрим Форс қўлтиғи давлатлари билан ҳамкорликда Эроннинг транзит потенциалини ошириш борасида бир қанча ишлар амалга оширилган, ҳозирги кунда ҳам бир нечта лойиҳалар ишлаб чиқилган.

Бугунги кунда минтақамизда Эрон транзит потенциалини ошириш борасида ишлар бошланган ва яқин келажакда бу потенциалнинг бир неча баробар ошишига гувоҳ бўламиз. Эрон транзитининг муҳимлиги хавфсизлиги ва иқтисодий тежамкорлигидир. Шулардан келиб чиққан ҳолда айтишимиз мумкинки, биз Ўзбекистон билан икки давлат транзит имкониятларини ошириш, Эроннинг транзит имкониятларидан манфаатли тенг фойдаланишда ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

— Эроннинг Ўзбекистон билан ҳамкорликдан ва аксинча Ўзбекистоннинг Эрон билан муносабатлардан манфаатлари қандай?

— Юқорида айтганимдек, Ўзбекистон ва Эрон ягона бир цивилизация вакиллари ҳисобланади. Икки давлатнинг бир-бирига керак бўлмай қолган вақти бўлмаган, буни тасаввур ҳам қилолмаймиз. Эрон энергетика, транзит, фан-технология, саноат соҳаларидаги юқори потенциали билан Ўзбекистоннинг у ёки бу эҳтиёжларини қондириш учун муҳим имконият ҳисобланади. Шу билан бирга Ўзбекистонда ҳам биз фойдаланишимиз мумкин бўлган бир қанча имкониятлар бор, масалан, юқорида айтганимиз туризм потенциали.

— Суҳбатимизни минтақавий масалалардан глобал геосиёсий жараёнларга ҳам қаратсак. Сиз юқорида Ғазо инқирози ҳақида тўхталдингиз. Баъзи манбалар Қўшма Штатлар Иордания, Суриядаги зарбалар учун Эронни жавобгар дея, Эронга жавоб қайтариши ҳақида ёзди. Эрон бу муаммонинг эскалациясига қарши қандай чоралар кўряпти? Эроннинг минтақадаги асосий ҳамкор, қўлловчи давлатлар қайсилар?

— Эрон Ғазодаги ҳолат бошлангандан бери можаро минтақага ёйилиб, эскалация бўлмаслиги учун қўлидан келган барча ишларни амалга оширди. Минтақамиздан ташқарида бўлган, жумладан, АҚШдаги кучлар минтақадаги вазиятни издан чиқаришга қўлидан келганча ҳаракат қилишяпти. Биз АҚШга ёзма равишда ҳам, бошқа каналлар орқали ҳам айтдикки, минтақадаги конфликтни эскалация қилишга уринишмасин. Бу конфилктнинг ёйилиши АҚШнинг ҳам фойдасига бўлмайди. Бундан фойда кўрадиган фақатгина сионистик тузум бўлади, чунки унинг моҳияти агрессияга, босқинчиликка асосланган.

— Суҳбатимиз сўнгида Ўзбекистон ва Эрон муносабатлари ҳақида нима деган бўлардингиз?

— Давлат раҳбарлари келишиб олганидек, икки давлат ўртасидаги савдо айланмасини яқин келажакда 1 млрд долларга етказиш унчалик қийин эмас. Эроннинг олдига қўйган мақсади – Ўзбекистон билан дўст-биродар сифатида барча соҳаларда алоқаларни ривожлантириш. Икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг бугунги кундаги боришидан келиб чиқиб, биз бу алоқалар истиқболи ҳақида оптимистик қарашдамиз. Ишонамизки, яқин келажакда ўзаро муносабатларда бундан-да каттароқ ва кенг кўламли ўзгаришларга гувоҳ бўламиз.

Худодан Ўзбекистон халқига тинчлик ва фаровонлик сўраймиз. Яқин кунларда Ғазо халқи учун тинчлик бўлишини тилаймиз.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид