Жаҳон | 21:47 / 02.02.2024
9734
2 дақиқада ўқилади

АҚШ махсус хизмати собиқ ходими махфий маълумотларни сиздиргани учун 40 йилга қамалди 

Жошуа Шулте мудофаа маълумотларини ноқонуний йиғиш ва узатиш, компютерни бузиб кириш жиноятини содир этган деб топилди. 

Фото: Linkedin

АҚШ суди Марказий разведка бошқармасининг (МРБ) собиқ ходими, дастурчи бўлиб ишлаган 35 ёшли Жошуа Шултени WikiLeaks тармоғига махфий маълумотларни сиздиргани учун 40 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. 

Шулте миллий мудофаа маълумотларини ноқонуний йиғиш ва узатиш, компютерни бузиб кириш, Федерал Қидирув Бюросига ёлғон баёнотлар бериш, судга ҳурматсизлик ва болалар порнографиясини сақлашда айбдор деб топилди. 

Шулте 2012-2016 йилларда МРБ кибер разведка марказида дастурчи бўлган ва кибер воситаларни яратишда фойдаланиладиган серверлардан бирини бошқарган. 2016 йил баҳорида ишдаги можаро туфайли бошқа бўлимга ўтказилган ва серверга кириш ҳуқуқи бекор қилинган. Тергов маълумотларига кўра, Шулте ўз ўрнига бошқа дастурчи олинишини билиб, «дарғазаб бўлган». 

Шундан сўнг серверга кириб, кибер воситалар ва дастлабки кодни ўғирлаган. Сўнгра, уй компютеридан файлларни WikiLeaks лойиҳасига сиздирган. 2017 йил март ойида WikiLeaks Шулте узатган файлларни ошкор қила бошлаган. 

ФҚБ билан суҳбатлар давомида Шулте маълумотлар ўғирланишига алоқадорлигини рад этиб, ёлғон баёнотлар берган. Бундан ташқари, прокурорларнинг таъкидлашича, дастурчининг компютеридан болалар порнографиясига оид материаллар топилган. 

Прокурорлар Шултенинг махфий маълумотларни ўғирлашини МРБ тарихидаги маълумотларнинг энг катта сизиб чиқиши, унинг WikiLeaks лойиҳасига файлларни узатишини эса АҚШ тарихидаги махфий маълумотлар рухсатсиз ошкор қилинган энг йирик ҳодиса деб атади.

Мавзуга оид