Жамият | 13:32 / 02.02.2024
5670
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда МЧЖ масъуллари мажбурий бадал учун тўланган 1,1 млрд сўмни ўзлаштиргани аниқланди

Тошкент шаҳар Яшнобод туманида мажбурий бадал учун тўланган маблағларни ўзлаштирган МЧЖ аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.

Маълум қилинишича, департаментнинг Яшнобод туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда «К.Т.» МЧЖ масъул шахслари 2022 йил ва 2023 йилнинг июл ойига қадар Тузел даҳасидаги кўп хонадонли уйларнинг мулкдорлари томонидан мажбурий бадал учун тўланган маблағларнинг 184 миллион сўмини гўёки иш ҳақи сифатида ва 974,7 миллион сўмини турли товар моддий бойликлар хариди учун сарфлангани ҳақида сохта ҳужжатлар расмийлаштириб, ушбу маблағларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид