18:40 / 03.02.2024
5280

2023 йилда ўзбекистонликлар 3 миллиондан ортиқ марта Россияга борди

ФХХ Россияга саёҳат қилган хорижликлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилди.

Фото: Kun.uz

2023 йилнинг январ-декабр ойларида чет эл фуқароларининг Россияга саёҳатлари сони 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 18,6 фоизга ошди. Бу ҳақда Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) статистика маълумотларига таяниб, РБК хабар берди. Рўйхатда Ўзбекистон иккинчи ўринда қайд этилган.

Ўтган йили чет элликлар Россия чегарасини 15,4 миллион марта кесиб ўтган бўлса, 2022 йилда кириб келганлар сони 13 миллионга яқинни ташкил қилган.

ФХХ статистикаси Россия чегарасини кесиб ўтишлар сонини ҳисобга олади. Методикага кўра, агар чет эл фуқароси ҳисобот даврида мамлакатга бир неча марта кирган бўлса, шунча марта ҳисобга олинади. ФХХ саёҳат мақсадларини қуйидагича тақсимлайди: бизнес мақсади, иш, туризм, шахсий мақсад, ўқиш, доимий яшаш, шунингдек, транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва ҳарбий хизматчилар.

2023 йилда чет эл фуқаролари Россияга асосан қўшни давлатлардан келган. Кириш бўйича Қозоғистон фуқаролари етакчи бўлди – у ердан саёҳатлар сони 26,7 фоизга ошиб, 3,16 миллионни ташкил этди. Ўзбекистон (3,11 млн, +52 фоиз) ва Тожикистондан (2,15 млн, +36 фоизга) келган оқим йиллик ҳисобда сезиларли даражада ошган.

Узоқ хориж давлатлари орасида Хитой (0,79 млн, +508,9 фоиз) ва Мўғулистон (0,31 млн, +79,2 фоиз) юқори ўнталикка кирди.

2023 йилнинг январ-декабр ойларида хорижликлар Россияга туристик мақсадларда 670,7 минг марта кирган - бу ўтган йилга нисбатан 3,5 баробар кўп (200 минг). Хитойдан ташқари, юқори бешталикка Германия, Туркия, БАА ва Туркманистон ҳам кирган.

Top