Ўзбекистон | 20:17 / 03.02.2024
5084
2 дақиқада ўқилади

Бино қуришдан аввал тупроқнинг унумдор қатлами сидириб олиниши шартлиги белгиланди

Янги қонунга кўра, ер эгалари шаҳарсозлик фаолиятини, геологик қидирувни ва фойдали қазилмаларни қазиб олишни, шунингдек қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга оширишда тупроқнинг мавжуд унумдор қатламини сидириб олиши ва сақлаши шарт.

Фото: Kun.uz

«Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тўғрисида»ги қонун президент томонидан имзоланди.

Қонун билан тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги асосий тамойиллар, соҳани давлат томонидан тартибга солиш, тупроқ унумдорлигини ошириш асослари ва тартиби белгиланди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади.

Ер эгалари Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институтидан ўзига тегишли ер участкасидаги тупроқнинг сифатини баҳолаш тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқига эга.

Ер эгалари шаҳарсозлик фаолиятини, геологик қидирувни ва фойдали қазилмаларни қазиб олишни, шунингдек қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга оширишда тупроқнинг мавжуд унумдор қатламини сидириб олиши ва сақлаши шарт.

Сидириб олинган тупроқнинг унумдор қатламини қурилиш ташкилотлари ҳокимликлар томонидан белгиланган жойларга сақлаш учун олиб чиқади.

Тупроқнинг унумдор қатлами сидириб олинмагани ва сақланмагани факти аниқланганда, етказилган зарар маҳаллий бюджетга қопланади. Мазкур пул маблағлари қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларни фойдаланишга киритиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун сарфланади.

Тупроқни ўрганиш Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирликларининг ваколатли ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.

Мавзуга оид