Ўзбекистон | 18:32 / 05.02.2024
4090
2 дақиқада ўқилади

“Боғча очган 1,5 мингдан ортиқ тадбиркор ноқонуний ҳаракатлар содир этган” – Мактабгача таълим агентлиги

ДХШ асосида боғча очган 1,5 мингдан зиёд тадбиркор давлат бюджети маблағларини ноқонуний ўзлаштиришга уринган. Мактабгача таълим агентлиги бу борадаги маълумотларни ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этган.

Айни вақт Ўзбекистонда мамлакатда 27 мингдан ортиқ нодавлат мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, 2023 йил ҳисобида уларга 2,7 трлн сўм миқдорида давлат бюджетидан маблағ ажратилган. Шундан 1,5 мингдан зиёд ДХШ асосидаги боғчаларда пулни ноқонуний ўзлаштиришга уринишлар аниқланган.

Мактабгача ва мактаб таълими агентлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаеванинг Kun.uz’га маълум қилишича, ноқонуний ҳаракатлар асосан нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини бошқариш ахборот тизими (НМТТБАТ) билан боғлиқ ҳолатларда амалга оширилган.

2023 йил 27 декабр ҳолатига кўра, 734 та ДХШ асосидаги МТТлар томонидан бир боланинг маълумотлари ахборот тизимига киритилиб, унинг фотосурати ўрнига бошқа боланинг фотосурати асосида давомати белгиланиб келган. Натижада уларга нисбатан 8,8 млрд сўм субсидия тўловлари уч ойга тўхтатилган.

Бу вақт давомида 895 та, жумладан, оилавий МТТлар томонидан воситачилар ёрдамида компютерларда виртуал мобил қурилмани яратиш орқали ҳақиқатда боғчага келмаган тарбияланувчи ва ходимларнинг давомати сохталаштирилиб, тизимга юборилган. Шундан келиб чиқиб, уларга огоҳлантириш хатлари юборилган ҳамда 8,9 млрд сўм асосланмаган субсидия тўловларининг молиялаштирилиши олди олинган.

Агентликка кўра, айни вақт бу маълумотлар тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.

Дилшода Шомирзаева
Тайёрлаган Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид