Жаҳон | 21:01 / 05.02.2024
15185
3 дақиқада ўқилади

Кличко Залужнийнинг истеъфосига қарши чиқди

Фото: Виталий Кличконинг телеграм-канали

Киев мэри Виталий Кличко Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний истеъфога чиқарилиши ҳақидаги хабарлар фонида уни қўллаб-қувватлади ҳамда Украина ҳукуматини «сиёсий интригаларни бас қилиш»га чақирди.

У украинлар кўп жиҳатдан Залужний туфайли Украина қуролли кучларига чинакамига ишонч билдиришганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, бош қўмондон уруш вақтида «жуда кўп оғир дамларни бошдан кечирган». 

«Аммо, афсуски, бугун сиёсат соғлом фикр ва давлат манфаатларидан устун келган палла. Ва бу Залужнийга боғлиқ эмас. Умид қиламанки, ҳукумат ҳозир қўйилаётган қадамларнинг жиддийлигини ва ўз масъулиятини тўлиқ тушуниб турибди. Чунки бугунги кунда, Украина том маънода ўз мавжудлиги учун курашаётган паллада, асосийси — жанговарлик ҳамда армия ва жамият бирлиги йўлга қўйилганидир», — дея ёзган Кличко ўз телеграм-каналида. 

Унинг фикрича, «анонс қилинаётган рокировкалар» айнан шу мақсадга йўналтирилганига жамоатчиликнинг ишончи комил эмас. «Ва буни ҳисобга олиш керак. Аммо, асосийси, сиёсий интригалар ва ички курашни тўхтатиш. Бугун фақат битта нарса учун — Украина ғалабаси учун курашишимиз даркор», — дея хулоса қилган Кличко.

  • Украина президенти Володимир Зеленский италянларнинг Rai News 24 телеканалига берган интервюсида Валерий Залужнийни истеъфога чиқариш имкониятини кўриб чиқаётганини тасдиқлаган. «Украинская правда» ўз манбасига асосланиб хабар беришича, Зеленский бош штаб бошлиғи Сергей Шапталани ҳам ишдан олишни режалаштирмоқда.
  • Украина ва Америкадаги нашрлар Зеленский 29 январ куни ўтказилган учрашувда Залужнийга уни истеъфога чиқариш ниятини маълум қилгани ҳақида хабар берган.
  • Виталий Кличко аввал ҳам Залужнийни қўллаб чиқиш қилганди. Ўтган йил декабрида у Украина қуролли кучлари бош қўмондонининг The Economist учун интервюсида уруш «бош берк кўчага кириб қолгани», украинларнинг юриши эса йилларга чўзилиши мумкин бўлган позицион урушга айланаётгани ҳақида билдирган фикрларига қўшилганди.

Мавзуга оид