22:04 / 07.02.2024
13509

Хитой банки Россия импортчилари билан барча ҳисоб-китобларни тўхтатди

Россиялик импортчилар учун асосий ҳисоб-китоб маркази бўлган банк уларга хизмат кўрсатишдан бош тортди. 

Фото: Getty Images

Хитойнинг Chouzhou Commercial Bank (CCB) тижорат банки россиялик мижозлар билан операциялар тўхтатилгани ҳақида хабар берди. Бу ҳақда «Ведомости» ёзди. 

CCB шу вақтгача Хитой билан ишлайдиган россиялик импортчилар учун асосий ҳисоб-китоб маркази бўлган. 

«Ведомости» суҳбатдошларига кўра, банк ўтган ҳафта Россия ёки Беларусдаги ҳар қандай ташкилот билан алоқаларни тўхтатиш тўғрисида билдиришнома юборган. 

Россиялик тадбиркорнинг нашрга айтишича, декабр ойида CCB Россияга Ғарб санкциялари туфайли олиб кириш тақиқланган товарларнинг маълум рўйхати учун тўловларни тўхтатаётгани ҳақида хабар берган. Бир неча ҳафта ўтгач, ҳар қандай тўловлар бутунлай тўхтатилганини билдирган. 

Банк нафақат SWIFT, балки Россиянинг СПФС ва Хитойнинг CIPS тизими билан ҳам транзакцияларни тўхтатган. 

«Ведомости» манбалари, шунингдек, Хитойнинг бошқа банклари ҳам россиялик мижозлар билан ишлаш қоидаларини кучайтирганини айтди. Улар, хусусан, товар харидорининг санкциялар рўйхатига киритилган жисмоний шахслар ва компаниялар билан алоқаси йўқлиги ва маҳсулотлар мудофаа мажмуаси эҳтиёжлари учун ишлатилмаслиги ёки аннексия қилинган Қримга етказиб берилмаслигини тасдиқлашни талаб қилмоқда. 

Январ ойида Bloomberg агентлиги Хитой давлат банклари АҚШ президенти Жо Байденнинг иккиламчи санкциялар ҳақидаги фармони туфайли россиялик мижозлар билан ишлашни чеклаётгани ҳақида хабар берган эди. Кремл Bloomberg нашрига жавобан Россия Хитой билан икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда давом этаётганини айтди. 

Феврал ойида «Ведомости» туркиялик айрим банклар Россия компаниялари ҳисобларини ёпишни бошлагани, буни иккиламчи санкциялар таҳдиди билан боғлагани ҳақида ёзди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков, Кремл бу чекловлардан хабардор эканини айтиб, Қўшма Штатлар Туркия ва турк ширкатларига «мисли кўрилмаган, очиқ ва агрессив босим» ўтказаётганини айтди.

Top