Илҳом Алиев бешинчи муддатга Озарбойжон президентлигига сайланди
Илҳом Алиев яна бир бор, бешинчи муддатга Озарбойжон президенти этиб сайланди. Мамлакатда президентлик сайловлари 7 феврал куни ўтказилди.
Марказий сайлов комиссиясининг 8 феврал тонгидаги маълумотларига кўра, сайлов участкаларида протоколларнинг 93 фоиздан ортиқ қисми ҳисоблаб чиқилганидан кейин Алиев 92,05 фоиз овоз олаётгани маълум бўлган, деб хабар берган ТАСС агентлиги республика МСК раиси Мазахира Панаховага асосланиб.
АЗЕРТАДЖ давлат ахборот агентлиги Алиевнинг ғалабасини эълон қилган, қатор хорижий давлатлар раҳбарлари — Венесуэла президенти Николас Мадуро, Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон, Сербия президенти Александр Вучич, Туркия раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўған уни ғалаба билан табриклаган, шунингдек бу вақтда Тошкентда бўлиб турган Александр Лукашенко ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев биргаликда Озарбойжон президентига қўнғироқ қилди.
Озарбойжонда 7 феврал куни навбатдан ташқари президентлик сайлови бўлиб ўтди. Унда давомат 76 фоиздан ошган — 4 871 032 киши сайлов участкаларига чиққан.
Associated Press нашри ҳам 30 йиллик этник арманлар бошқарувидан сўнг Қорабоғни қайтариб олган амалдаги президент яна етти йиллик муддатга сайланиши «деярли аниқлиги» ҳақида хабар берганди.
Илҳом Алиев — 2003 йилдан буён Озарбойжон президенти саналади. У бу лавозимда ўз отаси — Гейдар Алиев ўрнига келганди. 2008, 2013 ва 2018 йилларда Алиев президент лавозимига қайта сайланган.
Алиевнинг Озарбойжон президенти сифатидаги тўртинчи муддатида рўй берган асосий воқеа Қорабоғ ҳудуди қайтариб олиниши бўлди.
Таҳлилчилар фикрича, Алиев сентябр ойида Қорабоғга уюштирилган ҳарбий ҳужумдаги машҳурлигидан фойдаланиш учун навбатдан ташқари сайлов ўтказиш ташаббуси билан чиққан. «У сайловлар Озарбайжон ўз ҳудудини тўлиқ назорат қиладиган „янги даврнинг бошланиши“ бўлишини истаган», — дейиллади AP хабарида.
Мавзуга оид
00:59 / 21.11.2024
Озарбойжон 2025 йилги мудофаа харажатларини оширади
13:49 / 18.11.2024
Молдовадаги сайловлар: КС шикоятлар туфайли натижаларни ҳали тасдиқламади
16:56 / 14.11.2024
АҚШ сайловларида республикачилар Конгрессда ҳам кўпчилик ўринни қўлга киритди
14:37 / 13.11.2024