Ўзбекистон | 14:14
752
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжон элчисига «Меҳнат шуҳрати» ордени топширилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги дипломатик фаолиятини якунлаётган Озарбойжоннинг фавқулодда ва мухтор элчиси Гусейн Гулиевни қабул қилди ҳамда икки давлат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун уни «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

22 июн куни бўлиб ўтган учрашувда давлат раҳбари Гусейн Гулиевнинг Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги стратегик шериклик ҳамда иттифоқчилик муносабатларини ривожлантиришдаги самарали фаолиятини алоҳида қайд этди.

Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада кенгайди. Олий ва юқори даражадаги мулоқотлар фаоллашди, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми бир неча баробарга ошди. Бугунги кунда Озарбойжон сармояси иштирокида 280 та корхона ташкил этилган бўлиб, Қўшма инвестиция компанияси ҳам фаолият юритмоқда.

Шунингдек, геология, қишлоқ хўжалиги, транспорт, шаҳарсозлик, тўқимачилик ва фармацевтика соҳаларидаги кооперация лойиҳалари изчил амалга оширилмоқда. Маданий-гуманитар алмашинув йўналишида ҳам қатор муҳим дастурлар ҳаётга татбиқ этилган.

Учрашув якунида президент Шавкат Мирзиёев элчи Гусейн Гулиевга Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун «Меҳнат шуҳрати» орденини тантанали равишда топширди.

Гусейн Гулиев эса ўз навбатида, дипломатик фаолиятига берилган юксак баҳо ва икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга кўрсатилаётган доимий эътибор учун Ўзбекистон раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид