Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европа тез тинчиди. Қитъанинг шарқий қисми советлар назоратига ўтди. Ғарбий қисми Америка билан бозор иқтисодиётига асосланган капиталистик тузумни танлади.

Бироқ Осиё қитъаси узоқ йиллар давомида нотинч қолди. Айниқса унинг жанубий-шарқий қисми 1970-йиллар ўртасигача уруш гирдобида қолиб кетди (Ветнам урушини эсланг, у 1975 йилда тугаган).

Капиталистик Ғарб ва социалистик тузумга асосланган советлар энг аввал Хитойда тўқнаш келишди. Хитойни японлар босиб олгунига қадар мамлакат номи Хитой Республикаси деб номланган.

Япония таслим бўлгандан сўнг Хитойга бир томондан коммунистларни қўллаш учун совет армияси, иккинчи томондан Чан Кайши бошчилигидаги Хитой Республикасини қўллаш учун Ғарб давлатлари ҳарбийлари кириб келишади.

Бир неча йил давом этган фуқаролар урушидан сўнг 1949 йилда СССР қўллаган Мао Цзедун бошчилигидаги коммунистлар ғалаба қозонишади. Ноилож қолган Чан Кайши 1950 йилда ўз тарафдорлари билан Тайван оролига кўчиб ўтади.

1950 йилда шимолликларнинг жанубша ҳужуми

Хитой масаласи ҳал бўлгандан сўнг навбат Корея яриморолига келади. Ўша пайтда яриморолнинг шимолий қисмини советлар ёрдамида коммунистик тузум тарафдорлари, жанубини эса ғарбликлар қўллови билан капиталистик тузум тарафдорлари назорат қиларди.

1950 йилда шимолликлар жанубга ҳужум бошлайди ва ҳар икки тузум тарафдорлари ўртасида уруш бошланади. Шимолликларга совет армияси, жанубликларга БМТ резолюцияси билан тузилган халқаро коалиция ҳарбийлари ёрдам беради.

Шимол ва жануб ўртасидаги уруш уч йил давом этади ва 1953 йилда сулҳ билан якун топади. Шу тариқа Корея яриморолида бир-бирига душман бўлган иккита мустақил давлат ташкил топади.

БМТ ҳарбий коалицияси таркибида Туркиядан юборилган ҳарбийлар ҳам бор эди. Улар уч йил давомида жанубликлар учун жанг қилади ва йўқотишларга учрайди.

Турклар уруш тугагандан сўнг ҳам ватанга қайтмайди ва 1960 йилгача Кореяда қолади. Жанубий Корея оёққа туриб олгандан сўнг ортга қайтишади.

Корея урушида туркларнинг иштироки

1950 йил бошларида Корея яримороли шимолини эгаллаган ўзини Корея халқ демократик республикаси деб атаган коммунистик тузум тарафдорлари жанубга ҳужум бошлайди.