Жаҳон | 10:45
868
2 дақиқада ўқилади

Германия Полшага 300 млн еврогача товон тўлаши мумкин

Полша ҳукумати Германиядан ҳозирда ҳаёт бўлган нацизм қурбонларига ҳар йили 10 минг злотий (тахминан 2,3 минг евро) миқдорида компенсация тўлашни мақбул ечим сифатида таклиф қилди. Агар Берлин бу талабга рози бўлса, товон пули дастури Германия бюджетига тахминан 300 млн еврога тушиши мумкин.

Фото: Getty images

Süddeutsche Zeitung нашрининг ёзишича, Варшава 2026 йил баҳорида Германия ҳукуматига компенсациянинг аниқ миқдорини таклиф қилган. Гап Иккинчи жаҳон уруши даврида миллий социализм қурбони бўлган ва ҳозиргача ҳаёт бўлган Полша фуқаролари ҳақида кетмоқда.

Полша расмийларининг баҳолашича, бундай шахслар сони ҳозирда тахминан 50 минг нафарни ташкил этади. Улардан ҳар ой ўртача минг нафарга яқини вафот этмоқда.

Нашр маълумотига кўра, икки ой аввал Германия ҳукуматида Полшага репарациялар масаласи бўйича махсус йиғилиш ўтказилган. Унда ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул, ички ишлар вазири Александер Добриндт ҳамда молия вазири Ларс Клингбайл иштирок этган.

Манбаларнинг айтишича, Германия ҳукумати бундай қарор бошқа давлатлар учун ҳам ҳуқуқий прецедент яратиши мумкинлигидан хавотирда. Чунки нацизмдан жабр кўрган бошқа мамлакатлар ҳам шунга ўхшаш товон талаб қилиш эҳтимоли мавжуд.

Шунингдек, йиғилишда Германия давлат бюджети билан боғлиқ мураккаб молиявий вазият ҳам муҳокама қилинган.

Süddeutsche Zeitung ҳисоб-китобларига кўра, агар Германия Полша таклифини қабул қилса, биринчи йилда компенсациялар учун тахминан 100 млн евро сарфланади. Барча дастур бўйича умумий харажат эса 300 млн еврога яқинлашади.

Берлин расман Полша томонидан аввалги консерватив ҳукумат даврида илгари сурилган репарация талабларини ҳуқуқий жиҳатдан асосланмаган деб ҳисоблайди.

Шунга қарамай, 2024 йилда Германиянинг ўша пайтдаги канцлери Олаф Шолц ҳуманитар қадам сифатида Полшага 200 млн евро ажратишга тайёрлигини билдирган эди. Аммо Полша бош вазири Доналд Туск бу миқдорни етарли эмас деб баҳолаган.

Сўнгги таклиф Германиядан умумий давлатлараро репарация эмас, балки тирик қолган нацизм қурбонларига мунтазам ҳар йиллик компенсация тўлашни назарда тутади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид