Жаҳон | 21:37 / 17.02.2024
8543
2 дақиқада ўқилади

Россия ҳарбийлари Авдийивкани тўлиқ эгаллади

4 ойлик ҳарбий амалиётлар оқибатида Украина Қуролли кучлари ушбу шаҳарчани тарк этди.

Фото: Getty Images

Россия Қуролли кучлари Украинанинг Донецк вилоятидаги Авдийивка ҳудудини, жумладан, Украина Қуролли кучларининг истеҳкомларидан бири бўлган кокс заводини ҳам тўлиқ назоратга олди.

Ижтимоий тармоқларда Авдийивканинг турли жойларида, жумладан ғарбий чеккасидаги Маданият ва технологиялар саройи биносида, шунингдек, кокс заводи ҳудудида Россия ҳарбийлари байроқ ўрнатаётгани акс этган фотосуратлар ва видеолар тарқалди.

Украинанинг DeepState лойиҳаси ўз харитасини янгилаб, Авдийивкани Россия қўшинлари босиб олган ҳудуд сифатида белгилади.

Украина Қуролли кучлари 15 февралдан қўшинларини Авдийивкадан олиб чиқишни бошлади. 16 феврал куни украиналик ҳарбийлар шаҳар жанубидаги истеҳкомдан чекинди. 17 февралга ўтар кечаси Украина Қуролли кучлари қўмондонлиги армия Авдийивкадан чекинганини маълум қилди. Украина Мудофаа вазири Рустем Умеров «одамлар ҳаётини сақлаб қолиш қарори тўғри» эканини айтди.

Украинанинг «Таврия» қуролли кучлари гуруҳи қўмондони Александр Тарнавский қўшинларни олиб чиқиш операциясининг якуний босқичида «маълум миқдордаги украиналик ҳарбий хизматчилар» асирликка тушганини айтди.

Украина Қуролли кучлари Донецк чеккасидадаги Авдийивкадан 2015 йилдан бери истеҳком сифатида фойдаланаётган эди. Россия армияси 2023 йил октябр ойида уни қўлга киритиш учун фаол ҳужум бошлаган эди.

Мавзуга оид