Жаҳон | 10:05
3013
4 дақиқада ўқилади

Украина яна Петербургга ҳужум қилди

Кадетлар корпуси ва нефт базаси нишонга олинган. Регион губернатори Беглов аҳолига уйдан ташқарига чиқмасликни тавсия қилган. Зеленский буни Путиннинг музокаралардан бош тортишига жавоб деб атади.

Фото: Вечерний Санкт-Петербург

Украина 6 июнга ўтар кечаси ва эрталаб Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград области бўйлаб дронлар орқали ёпирилма ҳужум уюштирди. Бу ҳужум Петербургда халқаро иқтисодий форум ёпилиш кунига тўғри келди; тўрт кунлик форумда бу шаҳарга иккинчи бор дронлар ҳужуми амалга оширилиши бўлди.

Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов эрталабки мурожаатида аҳолини кўчага чиқмасликка чақирган – бунақаси уруш бошидан буён илк бор кузатилмоқда. Бир неча соат ўтиб Беглов ҳужум қайтарилгани, уч киши яралангани ҳақида ҳисобот берди. Шу билан бирга, у ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари «жиддий зарар етказилишига йўл қўймагани»ни қайд этган.

Ленинград области губернатори Александр Дрозденко эса ҳудуд узра 144 та дрон уриб туширилганини айтган. Ломоносов районида «мудофаа вазирлиги объектида» чиққан ёнғин туфайли 600 дан ортиқ киши эвакуация қилинган, тўрт киши, жумладан, бир бола яраланган.

Ломоносов райони
Supernova+
Денгиз порти
«Наш город—Кронштадт» / ВКонтакте

Расмийлар айнан қайси объектлар ҳужумга учраганига аниқлик киритмаган. Astra телеграм-канали гувоҳлар томонидан олинган фото ва видеоларни таҳлил қилиб, Кронштадт денгиз кадетлари ҳарбий корпуси, сувости қуроллари яратиладиган Денгиз иссиқлик техникаси илмий-тадқиқот институти, шунингдек, Петергоф нефт базаси зарба нишонлари бўлгани ҳақида хулосага келган.

Кронштадт
Supernova+
Exilenova+

Ҳужум пайтида 45 минг аҳолига эга Кронштадт шаҳрига (Финн кўрфазидаги оролда жойлашган ва материк билан кўприк орқали боғланган) бир неча соат давомида кириш ва чиқиш тақиқланди. Шунингдек, шаҳарда пайшанба куни бошланган ва якшанбагача давом этиши керак бўлган «Кронштадт елканлари» номли кенг кўламли мусиқа ва спорт фестивали ҳам бекор қилинди.

Украина дронлари Санкт-Петербург шаҳри ва областидан ташқари Россиянинг бошқа регионларига ҳам ҳужум қилган. РФ мудофаа вазирлиги 376 та зарбдор дрон йўқ қилингани ҳақида ҳисобот берган.

Краснодар ўлкасидаги зарба Уст-Лабинск нефт базасида ёнғин чиқишига сабаб бўлган, маҳаллий расмийлар атрофдаги уйлардан ўнлаб кишиларни эвакуация қилган. Смоленскда дрон турар жой бинолари ўртасида турган кран минорасига урилган. Твер областида дрон парчалари тушиши оқибатида автомобил ҳайдовчиси ҳалок бўлган.

Украина президенти Володимир Зеленский бу зарбалар РФ президенти Владимир Путин урушни якунлаш ва тинчлик музокаралари бошлашдан бош тортишига жавобан берилганини айтди.

Бу урушни тугатиш вақти келди. Аммо Россия раҳбари урушишни хоҳлайди. Шу туфайли бу тажовуз учун Украина санкциялари амалда. Ўтган тунда дронларимиз Санкт-Петербург регионигача – душман денгиз флоти арсеналлари ва Кронштадтдаги базагача бўлган тахминан 1000 километр масофани босиб ўтди.

Шунингдек, бизнинг узоқ масофали санкцияларимиз Краснодар ўлкасигача 500 километр масофани босиб ўтди ва нефт базасига зарба берди. Россия ўз урушини тугатиши ва инсонлар ҳаётига зарба беришни бас қилиши керак. Украинага нисбатан адолатсизликнинг ҳар қандай кўринишига адолатли жавоб берилади.

Зеленский бир неча кун олдин Путинга очиқ хат ёзиб, тинчлик сулҳи тузиш ҳамда бетараф мамлакатлардан бирида юзма-юз учрашишни таклиф қилганди. Кейинги куни Путин ҳозирча бундай учрашув ўтказишдан «маъно кўрмаётгани»ни айтиб, россиялик ҳарбийларга шундай мурожаат қилганди: «Ишланглар, оғайнилар».

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид