Жаҳон | 11:15 / 19.02.2024
7442
2 дақиқада ўқилади

Яман қирғоқлари яқинида яна кема ҳужумга учради

Кема яқинидаги портлаш зарар келтирди, аммо экипаж хавфсиз ҳолатда, деб хабар берди UKMTO. Қизил денгиздаги ҳарбий кемалар ва савдо кемалари бир неча ойдан бери ҳусийчилар томонидан ҳужумга учраяпти.

Фото: Maxar Technologies/AP/picture alliance

Яманнинг жануби-ғарбий соҳилларида яна кемага ҳужум қайд этилди. Британия бирлашган қироллик денгиз савдоси операциялари (United Kingdom Maritime Trade Operations, UKMTO) маркази 19 феврал, душанбага ўтар кечаси воқеа Моха порт шаҳридан 35 денгиз миляси жанубда содир бўлганини маълум қилди. 

«Капитан кема яқинида портлаш содир бўлганлиги ва зарар етказилгани ҳақида хабар берди. У барча экипаж аъзолари хавфсиз эканлигини маълум қилди», - дейилади UKMTO хабарида. Марказ кеманинг номи ва турини келтирмади. 

Кейинроқ идора аниқлик киритишича, экипаж, ҳарбий расмийлар маълумотларига кўра, кемани тарк этган. Кемаларга эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиш ва ҳар қандай шубҳали фаолият ҳақида хабар бериш тавсия этилади, дея қўшимча қилди UKMTO. 

Ҳусийчилар Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилмоқда

Яманнинг Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ҳусийчи исёнчилари 2023 йил октябр ойида ҲАМАС ҳаракати Исроилга ҳужум қилганидан бери Қизил денгиздаги тижорат кемаларига дронлар ва ракеталар билан мунтазам ҳужум қилиб келмоқда. Ҳусийчилар Яқин Шарқдаги можарога ҲАМАС томонида кирганини эълон қилди. АҚШ ва Британия ўз иттифоқчилари кўмагида январ ойи ўрталаридан бошлаб Яман Республикасидаги ҳусийчилар нишонларига йирик ҳужумлар уюштирмоқда. 

Феврал ойи бошида Европа Иттифоқи давлатлари Қизил денгизда тижорий юк ташишни ҳимоя қилиш учун Aspides номли ҳарбий операция ўтказишга келишиб олди. Операцияни бошлаш бўйича расмий қарор 19 феврал куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг Брюсселда ўтадиган конференциясида қабул қилиниши кутилмоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид