Жаҳон | 15:20 / 20.02.2024
8802
2 дақиқада ўқилади

Киев: Полша билан чегарани тўсиб қўйиш - хавфсизликка таҳдид

Украина-Полша чегарасини тўсиб қўйиш ҳар икки давлат учун ҳам оғир ижтимоий-сиёсий оқибатларга олиб келади, деб ҳисоблайди Украина инфратузилма вазири Александр Кубраков. 

Фото: Omar Marques/AA/picture alliance

Украина ва Полша чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктларини тўсиб қўйиш ҳар икки давлат учун ҳам оғир ижтимоий-сиёсий оқибатларга олиб келади, шунингдек, «мудофааланаётган давлат хавфсизлигига» тўғридан тўғри таҳдид солади, дея хабар берди Украина жамоатчиликни ривожлантириш, ҳудудлар ва инфратузилма вазирлиги 19 феврал, душанба куни идора бошлиғи Александр Кубраковга асосланиб.

«Бундай ҳаракатлар Россия деб аталмиш умумий душманга қарши туришимизга салбий таъсир кўрсатади», — дейилади хабарда. Унда, шунингдек, Украина инфратузилма вазири Полша миллий хавфсизлик бюроси раҳбари Яцек Севера билан «блокадага йўл қўйилмаслиги» бўйича шошилинч музокаралар олиб боргани айтилади. 

«Биз полшалик ҳамкасбларимиздан бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва муаммони бир бутун ҳолда ҳал қилиш учун аниқ ҳаракатларни кутамиз», — деди Кубраков. 

Полшада Украина билан чегарани тўсиб қўйиш давом этмоқда 

Бир кун аввал ОАВда 18 феврал куни полшалик намойишчилар Украинадан мамлакатга кириб келаётган, ичида йўловчилар бўлган поездлар ва автобусларни тўсиб қўйишга урингани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. 

9 феврал куни полшалик фермерлар Украинадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорт қилинишига қарши норозилик сифатида у билан чегарани яна тўсиб қўйишни бошлади. Бу Еврокомиссия 2022 йилда Россияга қарши уруш фонида жорий қилинган Украинадан товарлар импортига бож ва квотани тўхтатиш тўғрисидаги қарорни бир йилга узайтиришни таклиф қилганидан кейин содир бўлди. 

Украинага қўшни Европа Иттифоқи мамлакатлари фермерлари фикрича, соддалаштирилган юк ташиш тартиби уларнинг маҳсулотларини арзонлаштириб юборади.

Мавзуга оид