Жаҳон | 11:10 / 21.02.2024
5986
3 дақиқада ўқилади

Полша фермерлари Украина билан чегара блокадасини кучайтирди

Полшада фермерларнинг норозиликлари кучайди: энди нафақат Украина билан чегарадаги назорат-ўтказиш пунктлари, балки автомобил йўллари ҳам тўсиб қўйилган. Бир темирйўл станциясида улар ғалла вагонларини очиб, уни йўл бўйлаб сочиб юборди. 

Фото: Jakub Porzycki/Anadolu/picture alliance

Полшалик фермерлар бутун мамлакат бўйлаб Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортига қарши намойишларни кенгайтирди. 20 феврал, сешанба куни улар нафақат Украина билан чегарадаги назорат-ўтказиш пунктларини, балки республика ва минтақавий аҳамиятга эга бўлган айрим йўлларни ҳам тўсиб қўйишни бошлади, шунингдек, бир қатор шаҳарларда, хусусан, Гданск ва Краковда акциялар ўтказиб, у ердаги транспорт ҳаракатини қисман тўсиб қўйди. 

Айрим жойларда норозилик намойишларига Полша овчилик жамиятлари вакиллари қўшилмоқда, деб хабар беради RMF24. Нашрнинг ёзишича, фермерлар катта эътибори сешанба куни Полша турли бурчакларидан келган фермерлар ва бошқа мамлакатлардан келган ҳамкасблари йиғилиши керак бўлган «Дорогуск-Ягодин» назорат-ўтказиш пункти блокадасига қаратилган. RMF24мухбирларининг хабар беришича, фермерлар маҳаллий вақт билан соат 18:00 гача бирорта ҳам юк машинасини ўтказмасликни режалаштирган. 

Полша фермерлари олтита НЎПда блокадани кучайтирди

20 феврал куни намойишчилар Украина билан чегарадаги бир нечта назорат-ўтказиш пунктларида транспорт ҳаракатини янада чеклади, деб хабар берди Украина давлат чегара хизмати. Хусусан, идора маълумотларига кўра, юк автомобилларининг «Дорогуск – Ягодин», «Медика-Шегини», «Долгобичув-Угринов», «Зосин-Устилуг», «Корчева-Краковетс» ва «Гребное-Рава» назорат-ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланиши тўлиқ ёки қисман блокланган.

Намойишчилар Германияга мўлжалланган донни вагонлардан сочиб ташлади

«Медика-Шегини» назорат-ўтказиш пунктида полшалик фермерлар ғалла бўлган Украина юк вагонларини очиб, йўлларни бир муддат тўсиб қўйди. Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеода фермерлар Полша мадҳиясини куйлаб Украинадан келаётган бир неча юк вагонларидан маккажўхори тушираётгани акс этган. Воқеа жойига етиб келган полиция ҳудудни ўраб олди, шундан сўнг темирйўл блокададан чиқарилди.

Икки очилган, ичида ғалла бўлган вагон Германияга мўлжалланган эди. Ҳаммаси бўлиб, ушбу станцияда Украинадан қишлоқ хўжалиги товарлари солинган 40 га яқин вагон бор. Украина жамоалар, ҳудудлар ва инфратузилмани ривожлантириш вазири Александр Кубраков Украина ғалласининг темирйўл бўйлаб сочилишини «икки давлат халқлари ўртасида бўлиниш яратишга қаратилган навбатдаги сиёсий провокация» деб атади. 

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Полша расмийларини Полша-Украина чегарасида намойишчиларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришга ва чегара блокадасини очишни таъминлашга чақирди. Бу ҳақда Украина ташқи ишлар вазирлиги вакили Олег Николенко Facebook’да ёзди. Унинг сўзларига кўра, полшалик намойишчилар ва баъзи радикал сиёсатчиларнинг ҳаракатлари Украина иқтисодига путур етказади ва Россия қуролли агрессиясини қайтаришга қаршилик кўрсатади. 

Полшадаги фермерларнинг норозилигига солиқлар кўпайиши, субсидиялар қисқартирилиши, шунингдек, Европа комиссиясининг Украина ғалласи савдо тақиқини бекор қилиш ҳақидаги қарори сабаб бўлмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид