Россиянинг КИВИ Банки лицензиясидан маҳрум бўлди
Лицензия бекор қилинганидан кейин россияликлар бошқа мамлакатларга пул ўтказиш учун фойдаланадиган QIWI-ҳамён ва Contact хизматлари блокланди.
Россия Марказий банки КИВИ Банкининг банк лицензиясини бекор қилди, деб хабар қилди регулятор 21 феврал, чоршанба куни. Россия банки кредит ташкилоти лицензияси у банк фаолиятини тартибга солувчи қонунларни, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши қонунларни бузганлиги муносабати билан бекор қилинишини изоҳлади.
Регулятор КИВИ Банкни «жисмоний шахслар ва яширин бизнес ўртасидаги ҳисоб-китобларни таъминлашга қаратилган юқори хавфли операцияларни амалга оширишда» айблади. Марказий банк баёнотида айтилишича, КИВИ Банк бошқа нарсалар қаторида криптовалюталар, ноқонуний онлайн казинолар, букмекерлар фойдасига пул ўтказиш ва «регулятор томонидан қўйилган чекловларни четлаб ўтишнинг янги усулларини излаш» билан шуғулланган.
QIWI-ҳамён ва Contact хорижга пул ўтказмалари тизими ишламаяпти
КИВИ Банк пул ўтказмалари, онлайн-эквайринг ва рақамли банк кафолатларини беришга ихтисослашган. Унинг асосий маҳсулоти QIWI Ҳамён хизмати эди. Бундан ташқари, банк Россиядан бошқа мамлакатларга пул ўтказиш учун фойдаланиладиган Contact пул ўтказмалари тизимининг оператори сифатида ишлайди.
Лицензия бекор қилингандан сўнг, QIWI-ҳамёнларини тўлдириш имконсиз бўлиб қолди. Тез орада Contact тўлов тизими ва Москвадаги QIWI тўлов терминаллари ишламай қолди. Автоматларнинг экрани блокланди, «Тўловлар вақтинчалик қабул қилинмайди» деган хабар пайдо бўлди, деб хабар беради ТАСС.
Банк Москва, Санкт-Петербург ва Қозондаги ўз ваколатхоналарини ёпишини маълум қилган. «Ҳозир сизда жуда кўп саволлар борлигини тушунамиз. Биз вазиятни тушуниб турибмиз ва кейинги ҳаракатлар ҳақида маълумотга эга бўлишимиз биланоқ сизга жавоб берамиз», дейилади банк хабарида.
Марказий банк 2022 йил август ойидан, Кросно-банк уни йўқотганидан бери молия ташкилотларининг лицензияларини қайтариб олгани йўқ, деб ёзади РБК агентлиги. Марказий банкнинг лицензияларни бекор қилишдаги танаффуси бир ярим йил давом этди, регулятор 1991 йилдан бери бундай пауза қилмаган, дея таъкидлайди агентлик.
Мавзуга оид
13:30 / 10.11.2024
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
15:10 / 09.11.2024
Россияда картошка ва сариёғ нархи кўтарилишда давом этмоқда
14:30 / 09.11.2024
Зеленский РФ билан хавфсизлик кафолатларисиз сулҳ тузишни рад этди
13:49 / 09.11.2024