ДХХ коррупция ва фирибгарликда гумонланган мансабдорларни қўлга олди
Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Фарғона, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида электр корхонаси бўлим бошлиғи, ҳоким ёрдамчиси, ҳибсхона бошлиғи ва Миллий гвардия қўриқлаш бўлими ходими ушланди.
Давлат хавфсизлик хизмати томонидан жойларда коррупция ва фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйилди.
Фарғона вилоятининг Риштон тумани электр тармоқлари корхонасида бўлим бошлиғи лавозимида ишловчи шахс якка тартибдаги тадбиркорнинг кулолчиликка ихтисослашган устахонаси электр тармоғига ноқонуний уланганлиги боис, унга нисбатан расмийлаштирилган далолатнома бўйича 2 млрд сўм миқдорида жарима солиниши мумкинлигини айтиб, ушбу жаримани камайтириб бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан вилоят ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағидан 6600 АҚШ долларини пора сифатида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳамкорликда ўтказилган яна бир тезкор тадбирда эса, Марғилон шаҳар «Надирмат» маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога Фарғона шаҳар Қиргули мавзесида жойлашган 0,5 сотих бўш ер майдонини Е-auksion платформаси орқали ютиб, кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига 2 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Жиззах вилоятида кузатилган ҳолатда, Шароф Рашидов тумани Ички ишлар бўлими Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бошлиғи ҳозирда айблов эълон қилиниб, мазкур ҳибсхонада сақланаётган шахсга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқаётган судья томонидан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишида ёрдам бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағидан 5 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.
Терговга қадар текширув давомида, мазкур мансабдор шахс муқаддам ўз хизмат мавқейидан фойдаланиб, ҳибсхонада сақланаётган ушбу фуқаронинг оила-аъзолари билан учрашиши ҳамда уйидан олиб келинган озиқ-овқат маҳсулотларининг киритилиши учун рухсат бериш эвазига 400 АҚШ доллари олганлиги ҳам маълум бўлди.
Миллий гвардиянинг Самарқанд вилояти Иштихон туманлараро Қўриқлаш бўлими ходими маҳаллий фуқарога нисбатан ички ишлар органлари томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисм “в” банди ва 211-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят ишини танишлари орқали унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 1,5 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланди.
Ҳозирда ушбу шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
23:25 / 09.11.2024
Самарқандда Қуролли кучлар хизматчиси, солиқчи, Миллий гвардия ва кадастр ходимлари пора билан ушланди
16:46 / 09.11.2024
Учта вилоят ва Тошкент шаҳрида гиёҳванд модда савдоси билан шуғулланганлар қўлга олинди
10:23 / 07.11.2024
ДХХ: Қўқонда халқаро террористик ташкилот тарафдорлари озодликдан маҳрум этилди
14:41 / 06.11.2024