21:14 / 27.02.2024
9020

Нетаняҳунинг Ғазо келажаги бўйича режаси – ўз ҳокимиятини узайтириш учунми?

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу урушдан кейинги даврда Ғазони қандай тасаввур қилаётгани бўйича режаларини очиқлади. Фаластин маъмуриятида эса истеъфолар кузатилмоқда. “Геосиёсат” Яқин Шарқдаги қонли воқеалар ривожи юзасидан сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Шавкат Икромов билан суҳбатлашди.

— Нетаняҳу эълон қилган режаларнинг асосий қисми нималардан иборат ва бу таклифни халқаро жамият қандай қабул қилади?

Шавкат Икромов: — Исроил ҲАМАСдан кейинги Ғазо қандай бўлиши режасини эълон қилди. Кўплаб халқаро экспертлар, исроиллик экспертлар ҳам буни янгилик сифатида қабул қилгани йўқ, Исроил урушнинг бошидан бери айтиб келаётган даъволарини яна бир марта расмий билдирди, дейишяпти. ҲАМАС бошқаруви тўлиқ тугатилиши, Ғазода демилитаризация, дерадикализация амалга оширилиши, Ғазо билан чегараларда буфер ҳудудлар яратилиши, Ғазонинг маълум қисми Исроил назоратига ўтиши, янги бошқарув маъмурияти Исроил назоратида бўлиши, жанубий ҳудудларда АҚШ ёки Исроил билан ҳамкорликда бошқарувни йўлга қўйиш ҳақида гапирди Нетаняҳу. Ростдан ҳам бу ерда бирор янги гап йўқ. Нетаняҳу бошидан ҲАМАСни йўқ қилиш, Ғазода қуролсизлантириш бўлади, туннеллар тўлиқ йўқ қилинади, дерадикалиция бўлади, деганди. Асирларни озод қилиш масаласи Нетаняҳу учун энди биринчи ўринда эмас, фақат сиёсий риторикасида бор бу масала.

Халқаро жамоатчилик, хусусан, араб давлатлари Исроил барча қизил чизиқларни кесиб ўтди, деб баҳолаяпти. Миср, Саудия, Қатар, БААда Нетаняҳу баёнотига кескин қарши фикрлар билдирилди. АҚШ ҳам бунга танқидий ёндашди. Демилитаризация жараёнига эътироз бўлмаса-да, буфер ҳудуд ташкил қилиш, Исроил назоратидаги ҳукумат тузиш каби масалаларга араб давлатлари қарши чиқяпти. Жанубий ҳудудларни Миср билан ҳамкорликда назорат қилиш масаласига Миср аллақачон рад жавоб берган. БАА эса фаластинликлар мустақил давлат тузишига қарши бундай режаси бўлган Исроил билан музокаралар ўтказиб бўлмайди, деган фикрда.

Баёнотда айнан тилга олинмаган ҳолда Қатарга айбловлар қўйилди. Яъни Ғазода ҲАМАСни молиялаштираётган кучлар билан алоқалар тўхтатилади, улар терроризмни қўллайди, деди. Экспертлар бу Қатар ҳақида дейишди, лекин Қатар ҳар доим бундай ёрдам бериш ҳақидаги иддаоларни кескин рад этган. Ҳозирги кунда ҳам Қатар минтақада тинчлик ўрнатиш борасида асосий воситачи бўлиб турибди.

Нетаняҳунинг бутун фаолиятига қарасак, у ҳеч қачон мустақил Фаластин давлати бўлишини истамаган. Шу позицияга кўра, бу борада коллектив Ғарб билан икки хил йўлдан кетади Нетаняҳу. Унинг режалари ҳам мустақил Фаластин давлати бўлишига қарши йўналтирилган.

Камолиддин Раббимов: — Бугунги Исроил ҳокимияти халқаро экспертларга кўра, ашаддий ўнг ҳисобланади. Сўнгги 20 йилдаги ҳокимият – яҳудий миллатчилигини ўта радикал тарзда кўрсатадиган сиёсий кучлардан иборат. Нетаняҳудан ташқари бошқа асосий сиёсатчилар ҳам Тавротдаги баъзи сураларни ўз фойдаларига талқин қилади. Улар имкон бўлганда Синай яримороли, Сурия, Иордания ерларини ҳам қўшиб олишни кўзлашади. Бир томондан, мана шундай диний мотивлар билан, бир томондан АҚШдаги лоббилари билан ҳаракат қилишяпти. Кейинги даврда Исроил АҚШ манфаатлари учун ноқулай давлат, лекин ичкаридаги қудратли лобби Исроилдан воз кечишга қўймайди, уларга қарши турадиган институт эса йўқ АҚШда.

Исроил матбуоти энг кўп танқид қилаётган президентлардан бири – Байден, лекин у Исроилни маълум маънода тўлиқ қўллайди. Нетаняҳу билан алоқалари совуқ бўлиши мумкин, лекин айнан Исроил давлатини қўллайди, унинг атрофидаги шахслар ҳам ундан шуни талаб қилади.

Юқорида айтилгандек, Исроил билдирган позиция, баёнотлар янгилик эмас, шундай эслатиб туради. Исроилда аллақачон стратегик қарор бор, яъни жон-жаҳди билан Фаластин давлати ташкил бўлишига қарши туриш. Биринчи ўринда Ғарбий соҳилни ўзлаштириш, кейин эса Ғазони ҳам босқичма-босқич ўзлаштириш сиёсати ишлайди. 7 октябрдан кейин Ғазо масаласи юқорироқ даражага кўтарилди.

Шавкат Икромов: — Экспертлар яқин орада Нетаняҳу ҳукумати тугатилиши мумкин, деяпти. Чунки инқироз ёқасида турибди бу ҳукумат. Агар Нетаняҳу ҳукумати кетса, шундан сўнг Фаластин масаласида янгича қарашлар бўлиши мумкин. Бутун Исроил бўйлаб норозилик кўпайган, улар асирларнинг масаласини кўтаряпти. Исроил ҳукумати урушдан кўзланган мақсадига етолгани йўқ. Мағлубиятни тан олмасдан, вақтни чўзиш учун бу режани айтяпти. Дерадикализация жараёнларининг ўзи бир неча йилга чўзилади, яъни бошқа бир кўринишларда урушни чўзмоқчи.

— Исроил эълон қилган режа Миср ва бошқа араб давлатлари учун қандай чақириқларни юзага келтиради?

Шавкат Икромов: — Миср – араб давлатлари ичида Исроил билан тил топишган кам сонли давлатлардан бири. Ҳозирги режада Миср манфаатларига мос келадиган айрим масалалар бор, масалан, дерадикализация масаласи. Лекин чегарада буфер ҳудуд ташкил этиб, Ғазонинг маълум қисми Исроил назоратига ўтишидан Миср ҳукумати ҳам, халқи ҳам норози. Бошқа араб давлатлари каби Миср ҳам бошқарув маҳаллий кучларга топширилиши ёки Маҳмуд Аббос ҳокимиятига ўтказилиши керак, деган позицияда. Нетаняҳу режасида эса Фаластин халқининг мустақил давлатчилик ҳуқуқи инкор этилади. Бу борада Миср Исроилни қўлламайди. Умуман, бутун араб давлатлари бунга рози эмас. АҚШ томони Рамазон ойигача икки давлат тамойили бўйича маълум бир келишувларга эришмоқчи эди, аммо Исроил бундай позиция билдирди яна.

Камолиддин Раббимов: — Араб давлатларидаги геосиёсий кайфият 7 октябрдан сўнг ўзгарди. Унгача араб давлатлари АҚШ ҳомийлигидаги Исроил билан муносабатларни меъёрлаштириш керак, кейинчалик босқичма-босқич геосиёсий ассимиляция қилиш керак, деган позиция эди. Исроил Ғазода ҳарбий операция бошлагач араб давлатлари қандай позиция ишлаб чиқишни билмай қолди. Уруш бошлангунча Саудия Исроил билан алоқаларни яхшилаш масаласини қўйиб турган эди. Энди янги сиёсий консенсус шаклланиб бўлди. Саудия ва Эрон, Саудия ва Туркия муносабатлари анча нормаллашган. Араб дунёси, ҳатто коллектив Ғарбда ҳам Исроилга нисбатан муносабат совуқлашди. АҚШда ҳам шундай, сайловчиларнинг босими катта Байден ҳукуматига.

Араб давлатлари Ғазодаги геноцидни қаттиқ қоралайди, лекин тўғридан тўғри урушга киролмайди. Шу фонда Исроилни тан олиш имконсиз. Қолаверса, Исроилга босим қилиш учун қулай вазият шаклланди. Ғазода салкам 30 минг тинч аҳоли қурбон бўлди, шу фонда Исроил нисбатан муносабат ўзгарди.

— G7 охирги саммитида Россия учун бир қанча босим чоралари ҳақида баёнотлар беришди, лекин нега Исроил масаласида реал қадам йўқ?

Камолиддин Раббимов: — Бунинг сабаби геосиёсий вазият. Фаластинга тўлақонли ҳомий бўладиган геосиёсий қутб мавжуд эмас. Хитой мувозанат сақлайдиган давлат, ЕИнинг асосий давлати Германия ва у Иккинчи жаҳон урушида яҳудийларни геноцид қилган, шунинг учун тили қисиқ. АҚШда эса яҳудий лоббиси қудрати бор. Асосий шаклланаётган вазият коллектив Ғарб манфаатларига тескари бўляпти. Ҳар қандай жиноят тарихий хотирада қолади. Байден танқидчилари айтадики, Байден Исроил геноцидини қўллаяпти, дейди. Исроилдаги танқидчилари эса АҚШ мувозанат сақламаслиги, фақат Исроилни қўллаши керак, дейди.

— Нега араб давлатлари молиявий қўлламайди, уларда имконият бор-ку?

Шавкат Икромов: — Масалан, Мисрда ички муаммолар етарли, жуда оғир иқтисодий вазиятда қолган, Сиси маъмурияти ислоҳотларга ҳам кеч қолди, ташқи қарзларга боғланиб қолган. Қарзлардан узилиб қолса, сиёсий инқироз ҳам юзага келиши мумкин. Шунинг учун ҳам сиёсий элита таваккал қилолмайди.

Саудиянинг ўз стратегиялари, режалари бор. 2030 йилгача минтақавий барқарорликка эришмоқчи, Исроилга қарши уруш очиб минтақадаги вазиятни янада оғирлаштирмоқчи эмас. Қатар ва БАА иқтисодий қудратли бўлгани билан бундай масалага тўғридан тўғри аралашишдан манфаатдор эмас, журъат ҳам қилмайди. Чунки уларнинг иқтисодиёти бир томонлама иқтисодиёт, жойлашган нуқталари ҳам қалтис. Биз бу ерда туриб нега ёрдам бермайди, дейишимиз осон ва қизиқарли мавзу, лекин у ерда турган сиёсатчилар бунинг оқибатлари қандай бўлишини яхши билишади.

Камолиддин Раббимов: — Глобал жануб шаклланяпти, араб давлатлари тўғридан тўғри АҚШ ёки Исроилга нисбатан ҳаракат қилмаса ҳам, бир қутб сифатида ёки кучлар нисбатини ўзгартирувчи геосиёсий даллол сифатида сиёсат олиб бориши мумкин. Мусулмон дунёсида Яқин Шарқ, Исроил сабаб АҚШдан норози бўлиш кучли, лекин бу алоқаларни узиш, уруш очиш даражасида эмас. Бундай геосиёсий ўзгаришлар тез ва қалтис амалга ошмайди, лекин тиктоник ўзгаришлар бошланган.

Шавкат Икромов: — Қатар, Саудия, БАА лоббилари шаклланяпти, лекин уларнинг бирлашиб,катта куч бўлишига йиллар керак. Улар олдин ички масалаларини ҳал қилиб олиши керак.

— Нега кутилмаганда Фаластин маъмуриятида ҳукумат истеъфоси рўй берди?

Шавкат Икромов: — Фаластин маъмуриятига ўз-ўзини ислоҳ қилиш бўйича АҚШ ва бошқалар айтиб келишаётган эди. Яъни барча Фаластин ерларини бирлаштириш, мустақил давлат тузиш учун олдин ички ислоҳот қилинг, деётганди. Ҳозирги истеъфолар ҳақида бир неча ҳафта олдин тахминлар бўлганди. Маҳмуд Аббоснинг ўзи ҳам истеъфога чиқиши кутиляпти баъзи тахминларга кўра. Масала Фаластин маъмуриятини кучайтириш ва бошқарувни қўлга олишга қаратилган ислоҳотлар. Бу қадамлар Фаластиннинг мустақил давлат сифатида шаклланишида қадамлар бўлиши мумкин.

Камолиддин Раббимов: — Расмий Вашингтон Фаластин маъмуриятига қаттиқ босимлар қилди. Чунки Фаластин икки ҳудудга ва икки сиёсий маъмуриятга бўлиниб қолган эди. Бугунги кунда иккаласини бирлаштириш, бутун Фаластин ерларида ижтимоий кайфиятни шакллантириш қўйиляпти. Шу фонда сиёсатчиларнинг истеъфо бериши эътироз ёки сиёсий эҳтиёжларни англашми — буни вақт кўрсатади. Маҳмуд Аббос атрофида Ғарбдан норозилик кучли. Бу истеъфо авваламбор ҳуманитар инқирозни кўрсатади, чунки шу қалар оғир вазиятки, қўйилган вазифаларни бажариш осон бўлмайди. 30 минг инсоннинг вафот этиши, Фаластин ерларини тортиб олаётгани, Ғарбий Соҳилда яҳудийлар аҳоли пунктлари кўпайиши каби оғир вазиятлар бор. Нетаняҳу Ғарбий Соҳилда яна 300 та аҳоли пунктлари яратилишини айтди. Тарихий хотирада Исроил давлати нақадар аҳмоқона ишлар қилаётганини вақт кўрсатади ҳали. Исроил араб ва мусулмон дунёсига ўзининг қудратли эканини кўрсатишга уриняпти, лекин бу ўзининг сиёсий умрини қисқартиради деб ўйлайман.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзу
ҲАМАС–Исроил уруши
7 октябр куни Ғазо бўлгасидаги ҲАМАС кучлари Исроилга ёппасига ракета зарбалари берди ва чегарадаги аҳоли пунктларини эгаллай бошлади. Бунга жавобан Исроил ташкилотга қарши уруш очди. Бу сафарги эскалация аввал кузатилмаган даражада кўп қурбонларга олиб келди.
Барчаси
Top