Жаҳон | 14:21 / 28.02.2024
12756
3 дақиқада ўқилади

Навалнийнинг адвокати Василий Дубков Москвада қўлга олинди

Адвокат Дубков «жамоат тартибини бузиш»да айбланиб ушланди, деб ёзади «Новая газета. Европа» ва Sota Telegram-канали манбаларга таяниб.

Фото: Василий Дубков / Facebook

16 феврал куни Россия колониясида вафот этган мухолифатчи Алексей Навалнийнинг адвокати Василий Дубков Москвада вақтинча қўлга олинди. Бу ҳақда 27 феврал, сешанба куни кечқурун «Новая газета. Европа» интернет нашри ва Sota Telegram-канали манбаларга таяниб, мустақил равишда хабар берди

Қайд этилишича, Дубков Алексей Навалнийнинг онаси Людмила Ивановна ўғли тақдирини билмоқчи бўлган ва унинг жасадини беришни сўраганида Салехардда ҳамроҳлик қилган. 

«Дастлабки маълумотларга кўра, қўлга олишга «жамоат тартибини бузиш» сабаб бўлган», — дейилади «Новая газета. Европа»нинг Telegram’даги хабарида. Sota ҳам ўз манбасига таяниб шу ҳақда ёзяпти.

Шу билан бирга, «Важные истории» интернет нашри Дубковни Новая Москвадаги Шчербинский полиция бўлимига олиб кетишганини аниқлади. 

Адвокат 27 феврал куни кечқурун қўйиб юборилган. Бу ҳақда унинг ўзи «Верстка» интернет нашрига маълум қилди. Шу билан бирга, Василий Дубков ҳибсга олиниши сабаби ва шароитлари ҳақида изоҳ бермади, фақат у буни ўзининг юридик амалиётига тўсқинлик қилиш деб ҳисоблашини айтди. 

Алексей Навалнийнинг адвокатларини таъқиб қилиш 

Алексей Навалнийнинг яна уч адвокати - Вадим Кобзев, Игор Сергунин ва Алексей Липцер Россия расмийлари томонидан экстремистик жамиятда иштирок этишда айбланмоқда. Улар ўз айбини тан олмаяпти. Тергов маълумотларига кўра, адвокатлар туфайли Навалний номи ошкор этилмаган экстремистик ташкилот билан алоқада бўлган. 

2023 йил 13 октябрда Кобзев, Сергунин ва Липцер Россияда ҳибсга олинган. Бу адвокатлар Навалнийни экстремистик жамиятда қатнашганлик ишида ҳимоя қилган. 2023 йил 16 ноябрда Росфинмониторинг учаласини ҳам экстремистик фаолият ёки терроризмга алоқадорлиги тўғрисида маълумот мавжуд бўлган шахслар ва ташкилотлар рўйхатига қўшди. Уларнинг банк ҳисоблари блокланган.

Россия ҳукумати Алексей Навалний ва Навалнийнинг штаби тармоғи асос солган Коррупцияга қарши кураш жамғармасига «экстремистик ташкилот» мақомини берди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид